Искать:

Муаммоли кредит қарздорлигини ундириш тартибини биласизми?

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган АТБ Турон банк Гулистон филиалида банк ходимлари иштирокида “Муаммоли кредит қарздорлигини ундирилишини соддалаштирилган ечимлари ” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида бугунги кунда кредит қарздорлигини тўламасдан, ортиқча сарсонгарчиликка  йўл қўяётган мижозлар  борлиги, уларга  нисбатан шу бугунги кунга қадар даъво аризаси шаклда фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди ва бошқа судларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талабларидан келиб чиқиб даъво аризаси бериб келинаётгани маълум қилинди.

Албатта,  амалдаги кодексда ўрнатилган тартиб бўйича фуқаролик иши бир ойлик муддатда мазмунан кўриб чиқилиб, бир ойлик муддатда ҳал қилув қарори қонуний кучга киради. Бир ойдан сўнг мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига суд қарорининг ижро варақаси ижро учун юборилади. Мазкур вақтда мижоз, яъни жавобгар фуқаролар ва корхона ташкилотлар, ўзларининг белгиланган қарздорликни тўлаб қўйиши ва суд қарорининг ижроси вақтида бир нечта тушунмовчиликлар келиб чиқаётгани давра иштирокчиларининг муҳокамасига сабаб бўлди. Шунинг учун давра суҳбатида банк ходимларига Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 170-171-модда талабларини тушунтириб, аризаларни суд буйруғи тартибида судга ариза бериш тартибини тушунтириб берилди. Чунки ушбу моддада Суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжатдир. Суд буйруғи эса ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига ижро этиш учун юборилади. ФПКнинг 171-моддасида Суд буйруғи беришдаги талаблардан бири  талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинганлиги кўрсатилган бўлиб, бунда ҳақиқатдан тарафлар кредит шартномасига асосан қарздорлик вужудга келганлигини ва унинг уч ойлик муддати ошган кредит қарздорлигини тасдиқловчи банк раҳбарияти, кредит бўлими бошлиғи ва кредит бўлими мутахассисининг қайси давр учун белгиланган кредит қарздорлиги ва фоизини аниқ кўрсатган ҳолда маълумотномаси аризага илова қилинган ҳолда топширилади. Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 172-моддасига мувофиқ ариза қандай шаклда берилиши ҳам иштирокчиларга тушунтириб ўтилди. Яъни  Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ушбу Кодекснинг 5-бобида белгиланган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. Жавобгар жойлашган ердаги туманлараро судига.

Давра суҳбати давомида Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида берилиши ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси банк манфаатида ҳам берилиши ва ва унга аъзолик гувоҳномаси ва шартномаси илова қилинишига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, аризада қуйидагилар кўрсатилиши кераклиги  таъкидланди:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

3) қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

5) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр, яъни банк раҳбарияти томонидан тасдиқланган ва аниқ давр муддатлари кўрсатилган асосий ва фоиз қарздорлик;

51) тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби ва ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкнинг тавсифи;

6) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада ундирувчи ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан берилаётган аризага унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.

Учрашувда судья Хуршид Миршаев ҳам маъруза қилиб, бугунги кунда кредит қарздорликни ундиришда кредит суммасини олмаган ёки таъминотчи томонидан махсулот етказиб берилмаган муаммоли кредитлар ҳам борлиги, ушбу ҳолатда фуқароларимизнинг ҳам асосли эътирозлари мавжудлиги, бундай ҳолатда суд томонидан қонуний таъсир чоралари қўлланилишини таъкидлаб, ишларни мазмунан адолатли ва қонуний ҳал этишда банк ходимлари ҳам тўғри ва ҳалол ишлашлари лозимлигига эътибор қаратди.

Учрашувда судьялар ва  банк ходимларининг ўзаро савол-жавоби билан якунланди.

 

           Камол Намазов

      По гражданским делам   Гулистон туманлараро судининг  раиси

Бешбулоқлик аёллар учун сайёр қабул ўтказилди

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан  Гулистон тумани “Бешбулоқ” МФЙда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга манзилли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сайёр қабул ташкил қилинди. Мазкур учрашувда ҳудудда истиқомат қилиб келаётган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид муаммоларини ўрганиш ва бошқа мурожатлари тингланиб, уларнинг иш билан таъминлаш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилганлиги, мавсумий иш билан таъминлангани, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида эканлиги аниқланди. Ушбу ўрганишда МФЙда  «Аёллар дафтари»га киритилган 20 нафар хотин-қизлардан 14 нафари мавсумий иш билан таъминлангани, 6 нафари эса тадбиркорлик билан иш фаолиятини бошлаш арафасида эканлиги  аниқланди. Яна бир мурожаатчини турмуш ўртоғи касал эканлигини, унга туман «Саховат ва кўмак жамғармаси»дан пул маблағи ажратилишида амалий ёрдам сўраганлиги аниқланди. Мазкур фуқаронинг мурожаати шу ҳудуддаги 3 сектор котибияти орқали туман ҳокимлигига йуналтирилди.

                                                                                   Камол Намазов

                                                                        По гражданским делам

                                                                       Гулистон туманлараро судининг раиси

Ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида

Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан Гулистон туманининг “Ибрат” ва “Аҳиллик” маҳаллаларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирокида  суҳбат ўтказилди. Унда маҳалла хотин-қизларига ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, судга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш, судга мурожаат қилиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилиш, такрорий зўравонлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида профилактик суҳбатдан ўтказиш ва зўравонлик содир этган шахсни тузатиш дастуридан ўтиш бўйича ваколатли органга юбориш, ҳимоя ордери талабларининг ижросини назорат қилиш ҳамда унинг талабларини бузиб зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ваколати доирасида чора кўриш юзасидан ҳуқуқий тушунтириш-маслаҳатлар берилди.  Хусусан, “Ибрат” маҳалласида яшовчи Г.Маҳкамова ва С.Артикбаевалар тикувчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлар бўйича мурожаатлари эшитилиб, уларга тикувчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлар бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Бундан ташқари “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи У.Арипжонова маҳалла фуқаролар йиғинида раис ўринбосари бўлиб ишлаганлиги, 2021 йил учун ишлаган даврига иш ҳақини олмаганлиги билдириб, иш ҳақини ундириш бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришни сўради. Унга  фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво ариза бериш ҳуқуқи ва даъво аризани  бериш тартиби юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Шунингдек, мазкур маҳаллалардаги эҳтиёжманд оила бекаларининг хонадонларига борилиб, ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича таклифлари эшитилди ва уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга йўлланма хати берилди.

Нурулла Абдуллаев

Гулистон туманлараро иқтисодий

суди судьяси

Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди

Сайёр суд мажлисларининг самарадорлиги ҳалқимизга хизмат қилмоқда

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан  Гулистон шаҳар Ҳалқ қабулхонасида сайёр қабул ва сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Қабул жараёнида раислик этувчи томонидан фуқароларга бугунги кундаги ислоҳотлар ва жамиятдаги қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маърузалар қилинди. Шунингдек, суд раиси томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилиб, унда бугунги кунда дарахт кесмаслик юзасидан мораторий жорий этилганига қарамасдан, дарахт кесилган фуқароларга нисбатан моддий зарар ундириш ҳақидаги даъвогар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг даъво аризалари мазмунан кўриб чиқилиб, даъво қаноатлантирилди. Шунингдек, даъвогар Сирдарё вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг жавобгарга А га нисбатан ноқонуний қурилиш объектларини бузиш билан боғлиқ фуқаролик иши юзасидан, жавобгар А мазкур ер майдонини аукцион асосида сотиб олганлигини, тегишли рухсатномалар олмасдан қурилишни бошлаганлигини, мазкур рухсатномаларни олиш учун маьлум муддат ишни қолдириш ҳақида суд номига илтимоснома бериб, Халқ қабулхонасида жойлашган ҳамкор корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида, тадбиркорга имконият яратилиши сабабли суд мажлиси бошқа кунга қолдирилди.

          Камол Намазов

фуқаролик ишлари бўйича

Гулистон туманлараро суди раиси

 

Коррупцияга барҳам бериш тараққиёт гарови

Коррупция ҳодисаси ва коррупциявий ҳуқуқбузарлик ҳақида фуқароларимизда муайян тушунча мавжуд бўлса-да, бироқ ушбу иллатга қарши курашиш ҳар доим ҳам кутилган самарасини бермасдан, коррупцион омилларга батамом барҳам берилмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Қонун ҳужжатларига кўра коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса сифатида баҳоланади.

Юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди, шу жумладан, ўрта истиқболга мўлжалланган қарор ва янги таҳрирда қонун қабул қилинди.

Президентимизнинг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармони бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди деб айтсак муболаға бўлмайди.

Фармонда таъкидланишича, рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилаётганлиги билан бир қаторда, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Фармон билан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилиниб, унга кўра доимий равишда коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлигини аҳоли ва давлат хизматчилари онгига сингдириш, манфаатдор идора ва вазирликларга давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида шикоятларни электрон шаклда тақдим қилиш имкониятини яратиш каби вазифалар белгиланди.

Соҳаларда ахборот технологияларни кенг жорий этиш, инсон омилини камайтириш ва жамоатчилик назорати коррупцион омилларни олдини олишда энг самарали воситалар бўлиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро тажрибага назар ташласак, юридик адабиётлар ва таҳлилчиларнинг кузатувига кўра коррупцияни жиловлашнинг энг самарали усуллари сифатида бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиши, суд тизими мустақиллигини оширилиши, коррупцион жиноятларни тергов қилишда ҳамкорликдан бош тортганлик учун жуда катта молиявий санкцияларнинг белгиланиши, давлат хизматчисининг ахлоқ стандартларига риоя қилинишини қаттиқ назорат қилиниши санаб ўтилган.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятининг юқори бўлиши, ҳукумат давлат харажатлари бўйича аҳолига ўз вақтида ва холис ҳисобот бериши, сўз эркинлигини таъминланиши, давлат амалдорларининг ҳалоллиги алоҳида назорат қилиб борилиши, давлат мансабдорлари ва хусусий секторни назорат қилувчи мустақил ва самарали ишлайдиган суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ноқонуний бойлик орттириш, пора олиш, таниш-билишчилик орқали иш битириш каби салбий иллатларга нисбатан аҳолининг ўзида муросасиз муносабатнинг шаклланганлиги каби факторлар аксарият Европа давлатларини жаҳондаги энг кам коррупциялашган давлатлар қаторига қўшган.

Жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, соҳаларни рақамлаштириш ва жамоатчилик назоратини кенгроқ татбиқ этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларидан фойдаланиш албатта ўз самарасини бериб, коррупциявий омилларни бартараф этишга, фуқароларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиниши, уларнинг ҳаёт даражаси яхшиланишига, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига олиб келади деб ишонч билан айтиш мумкин.

 Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

Хабибулло Сарманов

Жиноят ишлари бўйича

 Оқолтин туман судининг раиси                                                    

Тадбиркорга «қанот» бўлиш керак, тўсиқ эмас…

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан навбатдаги сайёр қабул Сирдарё туманида бўлиб ўтди. Маълумки, вилоят судида ҳафтанинг ҳар жума куни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилинган ва бунда судьялар томонидан вилоят тадбиркорлари билан мулоқотлар, ўқув семинарлари ва қабуллар ўтказилади.

Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси каби қатор ташкилотлар билан имзоланган сайёр қабуллар жадвалига асосан бу ҳафтанинг жума кунида тумандаги тадбиркорлар «Сирдарё бизнес-акселератор» биносига таклиф этилди ва уларни ўйлантириб келаётган қатор масалалари ўрганилди.

Шунингдек, Сирдарё туманидаги кичик саноат зонасида ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бугун қатор масалаларга ечим излаётган тадбиркор Афруз Жияновнинг мурожаати ҳам эшитилиб, масала ҳудудга чиқилган холда ўрганилди.

Тадбиркор мурожаатнинг асосли эканлиги ўз тасдиғини топгач, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов томонидан тадбиркор фаъолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларга ечим топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва мутассаддиларга йўлланма хати юбориладиган бўлди.

Шунингдек, ўнга яқин тадбиркорларнинг оғзаки мурожаатлари қабул қилиниб, ишга оид ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Иқтисодий судлар билан хал бўладиган масалалар бўйича судга даъво аризаларини бериш тартиби ҳам тадбиркорларга тушунтириб ўтилди.

Бу каби сайёр қабуллар 2022 йилнинг 22 июль куни соат 10.00да Оқолтин туманида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Азиз Қудратов

Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Перейти к содержимому