Тадбиркорлар суддан илтимос эмас талаб қилишни ўрганиши керак…

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Гулистон, Мирзаобод, Боёвут туманлари ҳамда Янгиер ва Гулистон шаҳарларида тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ўтказилиб, учрашувларда тадбиркорларнинг фаолияти давомида юзага келаётган муаммолари, шунингдек таклиф ва истаклари тингланди.

Учрашув эркин равишда олиб борилиб, Сирдарё вилоят суди раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд орқали ҳимоя қилиниши, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилиши, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши тўғрисида тушунтиришлар берилди. Хусусан, учрашувда иштирок этган “Сарбонтекс” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона бош ҳисобчиси С.Қулмонов иқтисодий судга даъво ариза ариза билан мурожаат этганлиги, даъво аризаси суднинг ҳал қилув қарорига асосан қисман қаноатлантирилганлиги, бугунги кунда суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кириб, жавобгардан қарз суммасини ундириш бўйича ижро варақаси мажбурий ижро бюросига  ижро қилиш учун тақдим қилинганлиги, аммо суднинг ҳал қилув қарори ижроси ҳозирда белгиланган муддатда ижро этилмаётганлигини тушунтириб, ушбу муаммони ечишда амалий ёрдам беришни сўради.

Сирдарё вилоят суди раиси А.Худойбердиев томонидан мурожаатчига Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 30-моддасида белгиланган ижро ҳужжатига асосан мажбурий ижро ҳаракатларини олиб борилиши муддатлари ва тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилиб, мазкур мурожаат назоратга олиниб, суд ҳужжатининг ижроси таъминланмаётганлиги ҳолати таҳлил этилиб, ушбу мурожаатни қисқа муддатларда ҳал этилишини таъминлаш юзасидан Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармасига тақдим этилиши белгиланди. Шунингдек, мазкур учрашувлар давомида жами 7 нафар тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари жойида ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилган бўлса, 3 та мурожаат алоҳида ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинди.

Нурулла  Абдуллаев

Гулистон туманлараро иқтисодий

 суди судьяси