Qidiruv:

ФАМИЛИЯМДА ҚОЛСАМ БЎЛАДИМИ?

Савол: Турмуш ўртоғим билан қонуний никоҳдан кейин унинг фамилиясига ўтганман. У билан бир неча йил яшадим, лекин яқинда суд орқали ажрашмоқчиман. Бир нечта ҳужжатларимдаги ёзувларда ҳам никоҳдан кейинги фамилиям кўрсатилган. Шунинг учун никоҳдан кейинги фамилиямда қолсам бўладими?

Марям Н.

Жавоб: Ҳа, бўлади. Оила кодексининг 46-моддасига асосан никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр ёки хотин никоҳдан ажратилганидан кейин ҳам ўз хоҳиши бўйича шу фамилияда қолишга ҳақли, бунда бошқа тарафнинг хоҳиши талаб қилинмайди.

Саволга Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Сарагул Намазбаева жавоб берди.

ШАЪРИЙ НИКОҲДАГИ АЁЛНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРИ БОР?

Даъвогар Шоҳида судга жавобгар Муҳаммадга (исмлар шартли равишда ўзгартирилган) нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғини вояга етмаган фарзандининг отаси деб белгилашни, вояга етмаган боланинг ва ўзининг таъминоти учун алимент ундиришни, уйга яшаш учун киритишни ҳамда биргаликда сотиб олинган автомашинани умумий мулк деб топишни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар Шоҳиданинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, тарафлар қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда умумий рўзғор юритиб, бирга яшаб келганликлари ишдаги далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги, жавобгар  Муҳаммад вояга етмаган Азиза исмли фарзанднинг отаси эканлигини тан олганлиги боис қаноатлантирилган ва вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун жавобгардан алимент ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, суд қарори билан даъвогар Шоҳиданинг уйга фарзанди билан киритиш ҳақидаги даъво талаби ҳам даъвогарнинг

жавобгар Муҳаммадга тегишли бўлган уйида доимий рўйхатда турганлиги, фойдаланиш ҳуқуқини йўқотмаганлиги боис қаноатлантирилиб, даъвогар фарзанди билан доимий рўйхатда турган муқаддам жавобгар билан умумий рўзғор юритиб, яшаб келган уйга киритилиши белгиланган.

Бироқ, даъвогар Шоҳиданинг ўзининг таъминоти учун алимент (моддий ёрдам) ундириш, биргаликда сотиб олинган автомашинани умумий мулк деб топиш ҳақидаги даъво талаблари тарафларнинг қонуний никоҳлари мавжуд эмаслиги ва тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққан бошқа шартноманинг мавжуд эмаслиги, шунингдек автомашина олди-сотди шартномасида даъвогар Шоҳида шартнома тарафи сифатида кўрсатилмаганлиги боис қаноатлантиришдан рад этилган.

 

Лобар Шербекова

Сирдарё вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати судьяси

 

“Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Миршариф Мелиевич 70 ёшда !

    Мамлакатимизнинг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида хизмат қилиб, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида судьялик қасамёдини муқаддас билиб, унга содиқ қолиб узоқ йиллар давомида шарафли касбининг юксак масъулиятини мустаҳкам сақлаб келган ҳурматли Миршариф Мелиев бугун етмиш ёшни қаршилади.                 Албатта, инсоннинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаси, меҳнат фаолияти, амалга оширилган ва ҳали улгурмаган ишларни сарҳисоб қилишга, муайян хулосалар чиқаришга, янги-янги муваффақиятлар сари етакловчи истиқболли йўлларни белгилашга имкон беради.    Ана шу ҳаяжонли лаҳзаларда киши ўз ҳаётидан, меҳнатидан оз бўлса-да, қониқиш ҳосил қилади. Не бахтки, Сиз ҳаётда ўз ўрнини топган, меҳнати, интилишлари билан кўпчиликнинг, айниқса, ҳамкасбларингиз ва шогирдларингизнинг эътирофига сазовор инсонсиз. Сиз одил судловни амалга оширишда фидоийлигингиз, юксак салоҳиятингиз, ташаббускорлигингиз ҳамда теран фикрлашингиз билан муносиб ҳисса қўшган суд фахрийлари қаторидан жой олгансиз.

Сизни барча шогирдларингиз камтар, иродали, матонатли, сабру бардошли инсон ҳамда қадрли устоз сифатида эътироф этишади.

Ҳурматли устоз! Сизни яна бир бор муборак ёшингиз билан самимий қутлаб, Сизга мустаҳкам саломатлик, узоқ умр, оилангизга тинчлик ва хотиржамлик, фаолиятингизда янада улкан зафарлар тилаб қоламиз. Ҳурмат билан

Камол Намазов 
Сирдарё вилоят судининг касаба уюшмаси қўмитаси раиси   

Биз коррупцияга қаршимиз!

Коррупцияга қарши курашиш борасида мамлакатимизда қабул қилинган қонунларнинг мазмун моҳияти ва фуқароларнинг бундаги ролини кучайтириш. Шу мақсадда Сирдарё вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати судьялари, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг судьялари томонидан “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Сирдарё филиали, Гулистон шаҳар телекоммуникация боғланмаси, Телекоммуникация транспорт тармоғининг учинчи техник боғланмаси ва “Ўзбекистон почтаси” Сирдарё вилоят бошқармаси ва Гулистон шаҳар почта алоқа боғланмаси ички ходимлари иштирокида  “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда  коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида йиғилганларга мамлакат ривожланишининг бугунги босқичида коррупция Ўзбекистон давлати ва жамияти тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлиги ҳақида тушунтиришлар берилиб, коррупцияга қарши курашда ҳар бир фуқаронинг роли нимадан иборат эканлиги тушунтирилди.

Шунингдек йиғилиш иштирокчилари сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Шу билан бирга учрашув иштирокчиларига судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиши, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиши мумкинлиги, фуқароларнинг аризалари судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда бошқа шахсларнинг иштирокисиз тақсимланиши йўлга қўйилганлиги, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиб борилаётганлиги, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги ҳақида маълумот берилди. Булар ҳам ўз навбатида суд соҳасида коррупцияга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган катта қадам эканлиги тўғрисида йиғилганларга тушунтириш берилди. Давра суҳбати мавзуга оид савол-жавоблар билан якунланди.

Лобар Шербекова

Сирдарё вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати судьяси

Эндиликда банкротликка учраган корхона раҳбари субсидар жавобгарликка тортилади

        Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси, туман, шаҳар давлат солиқ инспекциялари ходимлари

        ва Давлат активларини бошқариш агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда суд бошқарувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Статистик маълумотларга кўра, туманлараро иқтисодий судларига 2022 йил 1 чораги давомида аризачи солиқ инспекцияси томонидан банкрот деб топиш тўғрисида жами сони 220 тани ташкил қилади, шулардан, қайтарилган аризалар 29 тани, иш юритишга қабул қилиниб, кўрилган аризалар 124 тани, шулардан 115 таси қаноатлантирилган,           7 таси кўрмасдан қолдирилган, 2 таси рад этилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туман, шаҳар солиқ инспекцияси томонидан судларга тақдим қилинган банкротлик тўғрисидаги аризаларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва 2022 йил 12 апрелга қадар амалда бўлган “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги ЎРҚ-763-сонли Қонуни талабларига мос ҳолда тақдим этилмаганлиги натижасида 29 та аризани қайтарилишига, 7 та аризани кўрмасдан қолдирилиши, 2 таси аризани  рад этилишига олиб келган.

Давра суҳбати давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни мазмун моҳияти тушунтирилган ҳолда, улар билан аризаларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига мос ҳолда тақдим этилиши ва тугатиш ишларни Қонунга мувофиқ олиб борилишига келишиб олинди.

 

Бехзод Махмудов

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича тушунтиришлар берилди

Сирдарё туманидаги Тараққиёт махалласида судьялар, ҳоким ёрдамчилари, туман ҳокимлиги масъул ходимлари иштирокида учрашув ташкил этилиб, Олий суд томонидан тайёрланган методик қўлланмалар очиқ электрон танлов ғолиби бўлган фуқароларга топширилди, ҳамда уларга тегишли тушунтиришлар берилди.

Бугунги кундаги шароит ва имкониятларни тўғри тушунган фуқароларимиз ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўзига тегишли ерларни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.

Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд.

Шу муносабат билан Президентимиз томонидан аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумати томонидан ушбу йўналишда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида 2022 йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ерлар аҳолига бўлиб берилди.

Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилди. Бунда, асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланди.

Ердан унумли фойдаланиш оилавий бизнес учун жуда қулай десак муболаға бўлмайди.

Ишонамизки, Сизга давлат томонидан аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ажратилган ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланасиз.

Акс ҳолда деҳқон хўжалиги ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилинади. Буни ҳар бир деҳқон қонуний тушуниши керак.

                                                        Нодирбек Сангиров

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судьяси  

Сирдарё туманида 15 нафар назорат остидаги шахслар муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинди

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани судининг судьяси С.Сарибаев раислигида Сирдарё тумани ИИБ пробация бўлинмаси ҳисобида турган жами 15 нафар назорат остидаги шахсларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан, ўталмай қолган жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисида судга тақдимномалар суд процессида кўриб чиқилди ва барча тақдимномалар қаноатлантирилди.

Бундан ташқари суд жараёнида, жазони ўташдан бўйин товлаб келган Г.Д нисбатан киритилган тақдимнома суд процессида кўриб чиқилди ва жазоси бошқа жазога алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди.

Мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишлар янада такомиллаштирилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизда оила ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам истисно эмас.

Мазкур Фармон билан 2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ва 2022 -2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Шу билан бирга ушбу Фармон билан хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир нечта вазифалар ва чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиши ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилиши;

– суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилиши ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олиниши;

– алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш; қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик; алимент бўйича қарздорлик мавжудлигини никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгиланган.

Шунингдек, мазкур Фармонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан кенг ҳимоя қилиш мақсадида:

– тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;

– чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;

– аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

– яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

– шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;

– икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш назарда тутилган.

Хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишлар янада такомиллаштириш мақсадида:

– хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;

– хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш;

– жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш;

– чет элга ишлаш учун кетган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, одам савдосининг олдини олиш;

– хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган халқаро конвенциялар ва миллий қонунчилик нормалари ижросини мониторинг қилиш каби чора-тадбирлар белгиланган.

Фармонда белгиланган вазифалар ва мазкур вазифалар асосида қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари оила ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, улар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий кафолатлари ва гендер тенгликни таъминлаш учун замин яратади.

С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси