Мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишлар янада такомиллаштирилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизда оила ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам истисно эмас.

Мазкур Фармон билан 2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ва 2022 -2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Шу билан бирга ушбу Фармон билан хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир нечта вазифалар ва чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиши ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилиши;

– суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилиши ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олиниши;

– алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш; қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик; алимент бўйича қарздорлик мавжудлигини никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгиланган.

Шунингдек, мазкур Фармонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан кенг ҳимоя қилиш мақсадида:

– тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;

– чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;

– аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

– яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

– шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;

– икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш назарда тутилган.

Хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишлар янада такомиллаштириш мақсадида:

– хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;

– хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш;

– жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш;

– чет элга ишлаш учун кетган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, одам савдосининг олдини олиш;

– хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган халқаро конвенциялар ва миллий қонунчилик нормалари ижросини мониторинг қилиш каби чора-тадбирлар белгиланган.

Фармонда белгиланган вазифалар ва мазкур вазифалар асосида қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари оила ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, улар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий кафолатлари ва гендер тенгликни таъминлаш учун замин яратади.

С.Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси