Қидирув:

Замонавий қуллик ва унинг домига тушмаслик учун тавсиялар

Халқаро ҳуқуқда ва миллий Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, ҳар бир инсонга эркин касб танлаши, адолатли меҳнат шароитларида ишлаши ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари кафолатланади. Бироқ, айрим тоифадаги гуруҳлар ва шахслар халқаро ҳуқуқ ҳамда миллий қонунчиликни четлаб ўтиб, одамларни сотиш орқали бойлик тўплаш билан шуғулланиб келмоқдалар ва бунга суд амалиётида кўплаб одам савдоси жинояти учун жавобгарликка тортилган шахсларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Таҳлилларга ва илмий мақолаларга кўра, дунё статистикаси бўйича бу тоифадаги жиноятларнинг 0,04 фоизигина фош этилади.

Минг афсуски, юртимизда ҳам ушбу жиноятга буткул барҳам берилган дейишга ҳали барвақт. Мазкур жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, жиноятнинг сердаромадлиги, барқарор бирлашмага эга бўлган, юқори ташкиллаштирилган уюшган гуруҳлар томонидан содир этилиши жиноятни фош этилишини қийинлаштиради.

Илмий мақолаларда келтиришича, мазкур жиноят қурбонларининг 50 фоизини аёллар, 15 фоизини болалар ва 35 фоизини эркаклар ташкил қилиб, асосан қуйидаги мақсадлар мазкур жиноятга барҳам берилишига тўсқинлик қилиш билан бирга унинг кенг тарқалишига ҳам хизмат қилмоқда:

Биринчи ва кенг тарқалган мақсад: Одам савдоси қурбонларидан шахвоний мақсадларда фойдаланиш. Асосан аёллар ва ёш қизлар мазкур мақсад қурбонига айланмоқда.

Иккинчи мақсад: Мажбурий меҳнат бўлиб, одам савдоси бу турининг қурбонлари нафақат ноқонуний жойларда, балки қонуний расмийлаштирилган ишларда ҳам ишлашлари кузатилган, асосий қурбонлари эркаклар ва ёш болалар.

Учинчи ва қўрқинчли мақсад бу одам аъзоларини сотиш ҳисобланади. Таҳлиллар ва илмий мақолаларда кўрсатилишича, гарчанд одам савдосининг бу тури кўзга ташланмайдиган тури ҳисобланса-да, ушбу жиноятдан келадиган даромад 600 миллион-1,2 миллиард доллар атрофида деб белгиланади.

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда Одам савдоси қурбонлари мажбурий меҳнат учун Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатларига олиб чиқилса, шаҳвоний мақсадлар учун Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Таиланд каби давлатларга юборилмоқда.

Содир этиш усули эса, чет давлатларда яхши маош ва енгил иш ваъда қилиш орқали яхши таълимга ва ҳуқуқий билимга эга бўлмаган, оғир моддий қийинчиликларга дучор бўлган жабрланувчилар жалб этилмоқда.

Яна бир хавотирли ҳолат бу сўнгги вақтларда чақалоқ савдосининг авж олишидир. Бунга асосий сабаб никоҳсиз боладан қутулиш илинжи, моддий қийинчиликлар каби омиллар сабаб бўлмоқда.

2020 йил 17 август куни давлатимиз раҳбари томонидан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонуни имзоланиб, ушбу қонун билан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши белгиланди. Одам савдосига қарши кураш бўйича қонуннинг янги таҳрири эскисидан тубдан фарқ қилиб, аҳамиятли тарафларидан бири қонун билан одам савдосига қарши курашдан жабрланганларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. Одам савдосига қарши курашиш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштирилиши мазкур тоифадаги жиноятдан шахсларнинг жабрланишини камайтириш, мазкур жиноят оқибатини юмшатиш, алданиб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрган ватандошларимизни аниқлаш, уларнинг келгусида кафолатланган шароитларда меҳнат фаолияти олиб боришини таъминлайди.

Хабибулло Сарманов

жиноят ишлари бўйича

Оқолтин туман судининг раиси                                                         

Одам савдоси – глобал таҳдид

Одам савдоси жинояти бу – замоний қулликни кўриниши бўлиб, одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш яшириш ёки қабул қилиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади.

Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили 2,7 млн киши одам савдоси қурбонига айланиб, ушбу жиноят ортидан келаётган ноқонуний даромад 7 млрд АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетиб сотилади. Айниқса, одам савдосидан жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ёки ёш болалар ташкил этаётгани аянчли ҳолатдир. Одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган энг катта муаммолардан саналади. Бу савдо жамият тараққиёти ва давлат ривожига жиддий хавф туғдираётган, ўз домига асосан аёлларни ва ёшларни тортаётган жиноятчиликнинг хавфли кўринишларидан бирига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон фуқароларидан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Хитой, Россия Федерациясига, мажбурий меҳнат учун Россия Федерацияси ва Қозоғистонга олиб кетилмоқда.

Таҳлилларга кўра, одам савдоси жиноятининг умумий қурбонларининг 50 фоизини аёллар, 35 фоизини эркаклар ва 15 фоизини ёш болалар ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Одам савдосига қарши кураш бўйича бир нечта халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1949 йил 2 декабрдаги “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисида”ги Конвения, Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳақидаги 2000 йил 5 ноябрдаги Конвенция, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнатни тугатиштўғрисида”ги 105-сонли Конвенциялар шулар жумласидандир.

Одам савдосига қарши курашда халқаро конвенцияларнинг аҳамияти шундаки, иштирокчи давлатлар одам савдоси қурбонларини тили, дини, ирқи, миллатидан қатъий назар ҳимоя қиладилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида бу турдаги жиноятлар бўйича ахборот алмашинуви тартибга солинади ва самарали фойдаланилади, Ҳукуматлар ўртасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва кадрларни тайёрлаш масаласида ҳамкорлик амалга оширилади.

Миллий қонунчилигимизда одам савдоси жинояти учун Жиноят кодексининг 135-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ушбу жиноят таркибининг асосий элементлари қуйидагилардан:

Жиноятни содир этиш ҳаракати – жабрланувчини ёллаш, олиб ўтиш, яшириш, топшириш, қабул қилишдан;

Воситаси – алдов, фирибгарлик, куч билан таҳдид қилиш, куч ишлатиш, мажбурлаш, ўғирлаш, ҳокиятни суиистеъмол қилишдан;

Мақсади-мажбурий меҳнат ёки хизмат, қуллик, жинсий эксплуатация, инсон аъзоларини ажратиб олиш ва ҳакозолардан иборат.

Асосан бораётган давлатининг қонунчилиги, тили, урф-одатинини билмаган, етарлича мутахассисликка эга бўлмаган фуқаролар ушбу жиноятнинг қурбони бўлмоқда.

Одам савдоси жиноятларини содир этилишида универсал усул сифатида чет элда яхши шароит ва маошларда иш таклиф этиш бўлиб қолмоқда.

Шахсларни кафе, бар, ресторанлардан излаб топиш, чет элларда ишлаш ва ўқиш учун эълонлар бериш, таклифлар никоҳлик ва сайёҳлик агентликлари томонидан берилиши, кўнгилочар муассасаларда таклифларни берилиши жиноятни содир этилишини осонлаштирмоқда.

Шу сабабли чет элларда яхши маошли иш таклиф қилинганида дархол розилик бермасдан, берилган таклиф текшириб чиқилиши, агарда таклиф остида инсон эксплуатацияси мақсади бўлса, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Хабибулло Сарманов

Жиноят ишлари бўйича

Ширин шаҳар судининг раиси

Skip to content