Фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган даъво (ариза)лар учун тўланадиган давлат божи миқдорлари
Фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган даъво (ариза)лар учун тўланадиган давлат божи миқдорлари “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Давлат божи ставкаларининг миқдорлари белгиланган бўлиб, унга кўра фуқаролик ишлари бўйича zудларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган даъво аризаларидан БҲМнинг 1 баравари, никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан БҲМнинг 2 баравари, такрорий никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан БҲМнинг 4 баравари, бедарак йўқолган ва руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги оқибатида белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган ёки камида уч йилга озодликдан маҳрум этилган шахслар билан никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан БҲМнинг 2 фоизи, турар жойлар ижарасига доир шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаларидан, мол-мулкни хатловдан чиқариш тўғрисидаги ва мулкий хусусиятга эга бўлмаган (ёки баҳоланмайдиган) бошқа даъво аризаларидан БҲМнинг 2 баравари, алоҳида кўриладиган ишларга доир аризалардан БҲМнинг 1 баравари, апеллятсия, кассатсия ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан даъво аризаси ёки бошқа аризалар, шикоятлар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи, қарорлар, ажримлар, бошқа суд ҳужжатларининг дубликатлари ва кўчирма нусхаларини, шунингдек тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра судлар томонидан ишлардан бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир бети учун БҲМнинг 2 фоизи, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалардан, шунингдек ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари, чет эл судлари ва чет эл ҳакамлик судлари (арбитражлар) қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари ундирилиши белгиланган.
Бекзод Худайберганов
Сирдарё вилоят судининг
фуқаролик ишлар бўйича судьяси