Қидирув:

Спиртли ичимлик сабаб яна бир автоҳалокат содир этилди

Асли Тошкент шаҳридан бўлган  Азизжон  соат 20:20 ларда яқин дўстига тегишли бўлган “COBALT” русумли  автомашинани спиртли ичимлик истеъмол қилиб бошқаришга киришади. Оқибатда  Гулистон шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласи  ҳудудидан кесиб ўтувчи «Хондамир» кўчасидан ҳаракатланиб келиб, ўзи билан бир йўналишда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган Гулистонлик    Аббосхонни  орқасидан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилади.  18 ёшли Аббосхон эса  олган тан жарохатлари оқибатида Сирдарё вилоят тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этади. Судга оид тиббиёт экспертизасининг  хулосасига кўра, Аббосхоннинг ўлимига ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати сабаб бўлган. Судга оид автотехника экспертизасининг хулосасига кўра эса ҳайдовчи  60-70 км/соат тезликда ҳаракатланиб бораётган “COBALT” русумли  автомашинани ходиса шароитида  кескин тормозлаш билан тўхтатиб, ҳодисани олдини олиш имкониятига эга бўлган. Лекин мастлик ҳолати ҳайдовчининг бундай имкониятни қўлдан бой беришига хизмат қилган. Шу тариқа  Азизжон  ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган. Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг ҳукмига асосан  судланувчи Азизжонга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан икки йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, уч йилу- олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Спиртли ичимликни истеъмол қилган шахсга автомашина рулини бошқариш мумкин эмаслигини била туриб ўзини бошқара олмаган ҳайдовчи суд томонидан шу тариқа жазоланди. Жазо муддати тугаб Азизжон озодликка чиқиши ва оиласи бағрига қайтиши мумкин, лекин яхши ният билан йўлга отланган велосипед ҳайдовчисини энди ҳаётга қайтариб бўлмайди.  Шундай экан, ўзимизнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатларимиз билан бошқарувимиздаги автотранспорт воситасида кимгадир зарар етказишимиз мумкинлигини ва бу жамият учун  йўқотишларга ҳам сабаб бўлиб қолишини ўйласак  қурбонларни келтириб чиқарувчи автоҳалокатларнинг олдини олган бўлармидик? Хулоса ўзингиздан.

Шуҳратжон Исмоилов

Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг раиси

Маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланадими?

Мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур вазифалардан биридир.
Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш давр заруратига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра мазкур қарор билан давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлаштиришга қаратилган қуйидаги тартиблар жорий этиш назарда тутилди:
• маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;
• ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;
• маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;
• оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилиш.
Бундан ташқари,

  • судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли судга қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш;
  • маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш;
  • бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судига тааллуқли бўлган бир неча талабни бирлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди.  Бир сўз билан айтганда мазкур қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
    Анорбой Мусурмонкулов
    вилоят маъмурий судининг судьяси

Сирдарё вилояти судлари жамоаси эътироф этилди

Жорий йилнинг 5-8 май кунлари футбол бўйича республика судлари судья ва ходимлари ўртасида «Олий суд раиси кубоги – 2022» мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларидан ҳудуд бўйича биттадан бирлашган терма жамоалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди терма жамоаси иштирок этди.

Муросасиз ўтган бахсларда Сирдарё вилояти судлари жамоаси ҳам муносиб иштирок этди. Яъни, «Олий суд раиси кубоги – 2022» финал босқичида фаол иштирок этгани учун махсус диплом ва кубок билан тақдирланди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси Улуғбек Жумаев мусобақанинг «Энг яхши яримҳимоячи» номинацияси ғолиби сифатида тақдирланди.

Сирдарё вилояти суди мусобақада фаол иштирок этган ходимларни самимий табриклайди.

Икки нафар шахс муддатидан илгари шартли равишда озод этилди

Оқолтин туман ИИО Пробация гуруҳида жазо муддатини ўтаётган назорат остидаги икки нафар шахс муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Жиноят ишлари бўйича Оқолтин тумани суди томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр судда Оқолтин туман ИИО Пробация гуруҳида жазо муддатини ўтаётган назорат остидаги шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Оқолтин туман ИИО Пробация гуруҳи ҳисобида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган назорат остидаги шахслар У.Ў ҳамда С.Зга нисбатан суд томонидан тайинланган жазодан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Оқолтин туман ИИО Пробация гуруҳи

Skip to content