Қидирув:

Банклар судда даъвогардан жавобгарга айланди

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида кредит шартномасига доир 2807 та фуқаролик ишлари мазмунан кўриб чиқиб тамомланган бўлиб, шундан:

2398 таси қаноатлантирилган,

23 таси қисман қаноатлантирилган,

2 таси рад қилинган,

384 таси кўрмасдан қолдирилган,

420 таси 2022 йилнинг 3-чорагига қолдиқ бўлиб ўтган.

Бугунги кунда юртимиздаги барча банклар фуқароларимиз ва тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлайдиган муносиб банк бўлиши, уларга ажратиладиган кредит маблағларининг қонуний йўллари ва тартиблари ҳақида мижозларни доимий тушунтириши, сўнг уларнинг бизнеси юзасидан банкнинг малакали мутахассислари томонидан амалий ёрдам берилиши хеч кимга сир эмас.  Лекин судга келиб тушган барча даъволарда ҳам банк вакиллари доим ҳақ бўлиб чиқмайди. Масалан даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АТ Халк банки Мирзаобод туман филиали манфаатида жавобгар Абдуллаевга (исм фамилия узгартирилган ) нисбатан 4.380.000 сўм миқдорида кредит қарздорликни ундиришни сўраган. Суд мажлисида жавобгар Абдуллаев мазкур кредит шартномасига нисбатан ўз эътирозини маълум қилиб, ушбу шартномадаги имзога бошқа шахс томонидан имзолаганлигини маълум қилган. Суд томонидан Суд хатшунослик экспертизаси тайинланиб, экспертиза хулосаларига мувофиқ ҳақиқатдан банк ва мижоз ўртасида тузилган кредит шартномасига Абдуллаев томонидан имзоланмаганлиги аниқланган. Шунга кўра суд даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АТ Халк банки Мирзаобод туман филиали манфаатида жавобгар Абдуллаевга нисбатан 4.380.000 сўм миқдорида кредит қарздорликни ундириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хусусий ажрим чиқарилган.

Яна бир холатда эса даъвогар Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси Микрокредит банк Сирдарё минтақавий филиали манфаатида жавобгар Дилшод Ахмеджанов (исм фамилия узгартирилган) нисбатан жами 19.800.000 сўм кредит қарздорликни ундиришни сўраган. Суд мажлисида жавобгар  Дилшод Ахмеджанов кредит шартномасига нисбатан ўз эътирозини маълум қилиб, ушбу шартномадаги имзога бошқа шахс томонидан имзолаганлигини маълум қилган. Суд томонидан Суд хатшунослик экспертизаси тайинланиб, экспертиза хулосаларига мувофиқ ҳақиқатдан банк ва мижоз ўртасида тузилган кредит шартномасига Дилшод Ахмеджанов томонидан имзоланмаганлиги аниқланган.

Шунга кўра суд даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АТ Микрокредит банк Сирдарё минтақавий филиали манфаатида жавобгар  Дилшод Ахмеджанов 19.800.000 сўм миқдорида кредит қарздорликни ундириш ҳақидаги даъвоси рад этилган. Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан ҳам  банкнинг юқори ташкилотига ва  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хусусий ажрим чиқарилган.

Камол Намазов

                                                           Фуқаролик ишлари бўйича

                                                         Гулистон туманлараро суди раиси

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қандай ваколатлари бекор қилинди?

Мамлакатимизда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ер участкаларини қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, айниқса, суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил  8 июлда қабул қилинган 375-сон қарорига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатларини бекор қилинди:

1.Ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, захирага олиш, бириктириш, ободонлаштириш ва фойдаланишга бериш;

2.Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш;

3.Суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

4.Хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш;

Хусусан,  ер участкаларини ажратиш бўйича қуйидаги тартибни жорий этилади:

ер участкаларини хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни очиқ электрон танлов якунларига кўра фақат ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали сотиш;

кичик саноат зоналари ва ёшлар саноат зоналари ҳудудида ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ажратиш;

Ер муносабатларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатларни қўллашда турлича талқин қилиш, ер участкаларини ажратишда бюрократик тўсиқлар, таниш-билишчилик ва коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари учраётгани сабабли, ушбу муаммолар ер участкаларини ажратиш механизмини такомиллаштириш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш назоратни кучайтиришни тақозо этаётганлигини кўрсатмоқда.

Азиз Кудратов

Сирдарё туманлараро иқтисодий

судининг судьяси 

Замонавий қуллик ва унинг домига тушмаслик учун тавсиялар

Халқаро ҳуқуқда ва миллий Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, ҳар бир инсонга эркин касб танлаши, адолатли меҳнат шароитларида ишлаши ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари кафолатланади. Бироқ, айрим тоифадаги гуруҳлар ва шахслар халқаро ҳуқуқ ҳамда миллий қонунчиликни четлаб ўтиб, одамларни сотиш орқали бойлик тўплаш билан шуғулланиб келмоқдалар ва бунга суд амалиётида кўплаб одам савдоси жинояти учун жавобгарликка тортилган шахсларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Таҳлилларга ва илмий мақолаларга кўра, дунё статистикаси бўйича бу тоифадаги жиноятларнинг 0,04 фоизигина фош этилади.

Минг афсуски, юртимизда ҳам ушбу жиноятга буткул барҳам берилган дейишга ҳали барвақт. Мазкур жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, жиноятнинг сердаромадлиги, барқарор бирлашмага эга бўлган, юқори ташкиллаштирилган уюшган гуруҳлар томонидан содир этилиши жиноятни фош этилишини қийинлаштиради.

Илмий мақолаларда келтиришича, мазкур жиноят қурбонларининг 50 фоизини аёллар, 15 фоизини болалар ва 35 фоизини эркаклар ташкил қилиб, асосан қуйидаги мақсадлар мазкур жиноятга барҳам берилишига тўсқинлик қилиш билан бирга унинг кенг тарқалишига ҳам хизмат қилмоқда:

Биринчи ва кенг тарқалган мақсад: Одам савдоси қурбонларидан шахвоний мақсадларда фойдаланиш. Асосан аёллар ва ёш қизлар мазкур мақсад қурбонига айланмоқда.

Иккинчи мақсад: Мажбурий меҳнат бўлиб, одам савдоси бу турининг қурбонлари нафақат ноқонуний жойларда, балки қонуний расмийлаштирилган ишларда ҳам ишлашлари кузатилган, асосий қурбонлари эркаклар ва ёш болалар.

Учинчи ва қўрқинчли мақсад бу одам аъзоларини сотиш ҳисобланади. Таҳлиллар ва илмий мақолаларда кўрсатилишича, гарчанд одам савдосининг бу тури кўзга ташланмайдиган тури ҳисобланса-да, ушбу жиноятдан келадиган даромад 600 миллион-1,2 миллиард доллар атрофида деб белгиланади.

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда Одам савдоси қурбонлари мажбурий меҳнат учун Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатларига олиб чиқилса, шаҳвоний мақсадлар учун Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Таиланд каби давлатларга юборилмоқда.

Содир этиш усули эса, чет давлатларда яхши маош ва енгил иш ваъда қилиш орқали яхши таълимга ва ҳуқуқий билимга эга бўлмаган, оғир моддий қийинчиликларга дучор бўлган жабрланувчилар жалб этилмоқда.

Яна бир хавотирли ҳолат бу сўнгги вақтларда чақалоқ савдосининг авж олишидир. Бунга асосий сабаб никоҳсиз боладан қутулиш илинжи, моддий қийинчиликлар каби омиллар сабаб бўлмоқда.

2020 йил 17 август куни давлатимиз раҳбари томонидан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонуни имзоланиб, ушбу қонун билан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши белгиланди. Одам савдосига қарши кураш бўйича қонуннинг янги таҳрири эскисидан тубдан фарқ қилиб, аҳамиятли тарафларидан бири қонун билан одам савдосига қарши курашдан жабрланганларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. Одам савдосига қарши курашиш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштирилиши мазкур тоифадаги жиноятдан шахсларнинг жабрланишини камайтириш, мазкур жиноят оқибатини юмшатиш, алданиб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрган ватандошларимизни аниқлаш, уларнинг келгусида кафолатланган шароитларда меҳнат фаолияти олиб боришини таъминлайди.

Хабибулло Сарманов

жиноят ишлари бўйича

Оқолтин туман судининг раиси                                                         

Судлар томонидан тадбиркорларнинг муаммоси ўрганилди

Сирдарё вилоят суди ташаббуси билан Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда  Сирдарё туманлараро иқтисодий суди ва  Сирдарё туман адлия бўлими билан ҳамкорликда туманда фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбар ва вакиллари билан  “Тадбиркорлар куни” доирасида  сайёр қабул ўтказилди.  Аниқланишича, Ўзбекистон Респубикаси Президентининг 2017 йил 30 мартдаги “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПҚ 2860-сонли Қарорида кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар Сирдарё иқтисодий зонасида ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам сақланиб қолинган.  Бироқ, мазкур имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июлдаги ПФ-6011-сонли Фармони билан бекор қилинганлигига тадбиркорлар томонидан муносабат билдирилди.  Унда Сирдарё иқтисодий зонасида фаолият олиб борилаётган тадбикорлик субъектларининг юқорида қайд этилган имтиёзлар қайта тикланган тақдирда, тадбикорлар фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида четдан олиб келинаётган ускуна ва темир, алюминий профил маҳсулотларини чет элдан олиб киришда божхона имтиёзи қўлланиши,  янги иш ўрни яратаётган ва истиқболли лойихага эга тадбиркорлар учун катта рағбат бўлиши ҳақида таклифлари билдирилди.

Улуғбек Курбанов

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди раиси                                                                              

Тадбиркорлар суддан илтимос эмас талаб қилишни ўрганиши керак…

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Гулистон, Мирзаобод, Боёвут туманлари ҳамда Янгиер ва Гулистон шаҳарларида тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ўтказилиб, учрашувларда тадбиркорларнинг фаолияти давомида юзага келаётган муаммолари, шунингдек таклиф ва истаклари тингланди.

Учрашув эркин равишда олиб борилиб, Сирдарё вилоят суди раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд орқали ҳимоя қилиниши, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилиши, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши тўғрисида тушунтиришлар берилди. Хусусан, учрашувда иштирок этган “Сарбонтекс” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона бош ҳисобчиси С.Қулмонов иқтисодий судга даъво ариза ариза билан мурожаат этганлиги, даъво аризаси суднинг ҳал қилув қарорига асосан қисман қаноатлантирилганлиги, бугунги кунда суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кириб, жавобгардан қарз суммасини ундириш бўйича ижро варақаси мажбурий ижро бюросига  ижро қилиш учун тақдим қилинганлиги, аммо суднинг ҳал қилув қарори ижроси ҳозирда белгиланган муддатда ижро этилмаётганлигини тушунтириб, ушбу муаммони ечишда амалий ёрдам беришни сўради.

Сирдарё вилоят суди раиси А.Худойбердиев томонидан мурожаатчига Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 30-моддасида белгиланган ижро ҳужжатига асосан мажбурий ижро ҳаракатларини олиб борилиши муддатлари ва тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилиб, мазкур мурожаат назоратга олиниб, суд ҳужжатининг ижроси таъминланмаётганлиги ҳолати таҳлил этилиб, ушбу мурожаатни қисқа муддатларда ҳал этилишини таъминлаш юзасидан Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармасига тақдим этилиши белгиланди. Шунингдек, мазкур учрашувлар давомида жами 7 нафар тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари жойида ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилган бўлса, 3 та мурожаат алоҳида ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинди.

Нурулла  Абдуллаев

Гулистон туманлараро иқтисодий

 суди судьяси                                                             

Муаммоли кредит қарздорлигини ундириш тартибини биласизми?

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган АТБ Турон банк Гулистон филиалида банк ходимлари иштирокида “Муаммоли кредит қарздорлигини ундирилишини соддалаштирилган ечимлари ” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида бугунги кунда кредит қарздорлигини тўламасдан, ортиқча сарсонгарчиликка  йўл қўяётган мижозлар  борлиги, уларга  нисбатан шу бугунги кунга қадар даъво аризаси шаклда фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди ва бошқа судларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талабларидан келиб чиқиб даъво аризаси бериб келинаётгани маълум қилинди.

Албатта,  амалдаги кодексда ўрнатилган тартиб бўйича фуқаролик иши бир ойлик муддатда мазмунан кўриб чиқилиб, бир ойлик муддатда ҳал қилув қарори қонуний кучга киради. Бир ойдан сўнг мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига суд қарорининг ижро варақаси ижро учун юборилади. Мазкур вақтда мижоз, яъни жавобгар фуқаролар ва корхона ташкилотлар, ўзларининг белгиланган қарздорликни тўлаб қўйиши ва суд қарорининг ижроси вақтида бир нечта тушунмовчиликлар келиб чиқаётгани давра иштирокчиларининг муҳокамасига сабаб бўлди. Шунинг учун давра суҳбатида банк ходимларига Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 170-171-модда талабларини тушунтириб, аризаларни суд буйруғи тартибида судга ариза бериш тартибини тушунтириб берилди. Чунки ушбу моддада Суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжатдир. Суд буйруғи эса ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига ижро этиш учун юборилади. ФПКнинг 171-моддасида Суд буйруғи беришдаги талаблардан бири  талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинганлиги кўрсатилган бўлиб, бунда ҳақиқатдан тарафлар кредит шартномасига асосан қарздорлик вужудга келганлигини ва унинг уч ойлик муддати ошган кредит қарздорлигини тасдиқловчи банк раҳбарияти, кредит бўлими бошлиғи ва кредит бўлими мутахассисининг қайси давр учун белгиланган кредит қарздорлиги ва фоизини аниқ кўрсатган ҳолда маълумотномаси аризага илова қилинган ҳолда топширилади. Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 172-моддасига мувофиқ ариза қандай шаклда берилиши ҳам иштирокчиларга тушунтириб ўтилди. Яъни  Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ушбу Кодекснинг 5-бобида белгиланган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. Жавобгар жойлашган ердаги туманлараро судига.

Давра суҳбати давомида Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида берилиши ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси банк манфаатида ҳам берилиши ва ва унга аъзолик гувоҳномаси ва шартномаси илова қилинишига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, аризада қуйидагилар кўрсатилиши кераклиги  таъкидланди:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

3) қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

5) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр, яъни банк раҳбарияти томонидан тасдиқланган ва аниқ давр муддатлари кўрсатилган асосий ва фоиз қарздорлик;

51) тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби ва ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкнинг тавсифи;

6) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада ундирувчи ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан берилаётган аризага унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.

Учрашувда судья Хуршид Миршаев ҳам маъруза қилиб, бугунги кунда кредит қарздорликни ундиришда кредит суммасини олмаган ёки таъминотчи томонидан махсулот етказиб берилмаган муаммоли кредитлар ҳам борлиги, ушбу ҳолатда фуқароларимизнинг ҳам асосли эътирозлари мавжудлиги, бундай ҳолатда суд томонидан қонуний таъсир чоралари қўлланилишини таъкидлаб, ишларни мазмунан адолатли ва қонуний ҳал этишда банк ходимлари ҳам тўғри ва ҳалол ишлашлари лозимлигига эътибор қаратди.

Учрашувда судьялар ва  банк ходимларининг ўзаро савол-жавоби билан якунланди.

 

           Камол Намазов

      Фуқаролик ишлари бўйича   Гулистон туманлараро судининг  раиси

Бешбулоқлик аёллар учун сайёр қабул ўтказилди

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан  Гулистон тумани “Бешбулоқ” МФЙда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга манзилли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сайёр қабул ташкил қилинди. Мазкур учрашувда ҳудудда истиқомат қилиб келаётган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид муаммоларини ўрганиш ва бошқа мурожатлари тингланиб, уларнинг иш билан таъминлаш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилганлиги, мавсумий иш билан таъминлангани, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида эканлиги аниқланди. Ушбу ўрганишда МФЙда  «Аёллар дафтари»га киритилган 20 нафар хотин-қизлардан 14 нафари мавсумий иш билан таъминлангани, 6 нафари эса тадбиркорлик билан иш фаолиятини бошлаш арафасида эканлиги  аниқланди. Яна бир мурожаатчини турмуш ўртоғи касал эканлигини, унга туман «Саховат ва кўмак жамғармаси»дан пул маблағи ажратилишида амалий ёрдам сўраганлиги аниқланди. Мазкур фуқаронинг мурожаати шу ҳудуддаги 3 сектор котибияти орқали туман ҳокимлигига йуналтирилди.

                                                                                   Камол Намазов

                                                                        Фуқаролик ишлари бўйича

                                                                       Гулистон туманлараро судининг раиси

Ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида

Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан Гулистон туманининг “Ибрат” ва “Аҳиллик” маҳаллаларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирокида  суҳбат ўтказилди. Унда маҳалла хотин-қизларига ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, судга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш, судга мурожаат қилиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилиш, такрорий зўравонлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида профилактик суҳбатдан ўтказиш ва зўравонлик содир этган шахсни тузатиш дастуридан ўтиш бўйича ваколатли органга юбориш, ҳимоя ордери талабларининг ижросини назорат қилиш ҳамда унинг талабларини бузиб зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ваколати доирасида чора кўриш юзасидан ҳуқуқий тушунтириш-маслаҳатлар берилди.  Хусусан, “Ибрат” маҳалласида яшовчи Г.Маҳкамова ва С.Артикбаевалар тикувчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлар бўйича мурожаатлари эшитилиб, уларга тикувчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлар бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Бундан ташқари “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи У.Арипжонова маҳалла фуқаролар йиғинида раис ўринбосари бўлиб ишлаганлиги, 2021 йил учун ишлаган даврига иш ҳақини олмаганлиги билдириб, иш ҳақини ундириш бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришни сўради. Унга  фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво ариза бериш ҳуқуқи ва даъво аризани  бериш тартиби юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Шунингдек, мазкур маҳаллалардаги эҳтиёжманд оила бекаларининг хонадонларига борилиб, ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича таклифлари эшитилди ва уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга йўлланма хати берилди.

Нурулла Абдуллаев

Гулистон туманлараро иқтисодий

суди судьяси

Skip to content