Искать:

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 227 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

Сирдарё вилояти судларининг 2022 йилнинг 9 ойи мобайнидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни соат 10:00да жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг биносида Сирдарё вилоят маъмурий суди ҳамда  вилоят судлари томонидан 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти буйича ОАВ, журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари,  ахборот хизматлари ходимлари иштирокидаги матбуот анжумани  ўтказилди. Унда фаъолият тахлилидан ташқари журналист ва блогерларни қизиқтирган қатор саволларга ҳам жавоб берилди.   Брифингда  қуйидаги маърузалар асосидаги маълумотлар судлов ҳайъати раислари ва Гулистон туманлараро маъмурий суди раиси томонидан матбуот учун очиқланди.

 Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобошер Қурбонов томонидан берилган маълумотларга асосан

жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан жами 1.511 нафар шахсга нисбатан 1.145 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган. Шундан:

957 та жиноят иши юзасидан 1.298  нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган;

204 нафар шахсга нисбатан 180  та иш тугатилган;

5 та иш бўйича 5 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган;

4  нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича дастлабки терговга қайтарилган.

Мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларини 2021 йилнинг 9 ойи билан таққосланганида 24,1 фоизга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

2022 йил 9 ойи давомида судлар томонидан жами 190 нафар шахсга нисбатан 174 та жиноят иши ёки жами кўриб тамомланган ишларнинг 15,1 фоизи томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган бўлса, жами 31.788.973.480 сўмлик зарарни қоплаган 228 нафар шахсга ёки жами кўриб тамомланган ишларнинг 15,1 фоизига нисбатан қонуннинг жазони либераллаштириш билан боғлиқ нормалари қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 

Мазкур даврда жами 173 нафар шахс, шу жумладан биринчи инстанция судлари томонидан 152 нафар шахс, юқори инстанция судлари томонидан 21 нафар шахс қамоқдан озод қилинган.

Мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича шахсларнинг 509 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 468 нафари унча оғир бўлмаган, 457 нафари оғир, 77 нафари ўта оғир туркумдаги жиноий қилмишлар содир этишган бўлиб, шундан,
248 нафари ёки 16,4 фоизини муқаддам судланганлар ташкил этган.

Мазкур даврда судланган шахсларнинг жами 568 нафари ёки
37,5 фоизини ёшлар, 130 нафари ёки 8,6 фоизини аёллар, 41 нафари ёки 2,7 фоизини вояга етмаганлар ташкил қилган.

Судда мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларининг статистик кўрсаткичлари таҳлилидан, шу жумладан оғир жиноят содир этганлар
14,1 фоизга, ўта оғир жиноятни содир этганлар 41,6 фоизга кўпайган.

2022 йилнинг 9 ойига нисбатан кўрилган жиноят ишлари таҳлил қилинганда, бир қатор жиноий қилмишлар содир этганлиги учун шу жумладан, Қасддан одам ўлдириш (ЖКнинг 97-моддаси) 5 нафар шахсга ёки 60,0 фоизга, қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖКнинг 104-105-моддалари) 26 нафар шахсга ёки 13,0 фоизга, порахўрлик (ЖКнинг 210-212-м) 32 нафар шахсга ёки 37,7 фоизга, ўғрилик (ЖКнинг 169-моддаси) 56 нафар шахсга ёки 23,4 фоизга кўпайган. 

Шунингдек, Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида 223 та, яъни 2021 йилнинг 9 ойида қаноатлантирилган 93 та маъмурий ишга нисбатан 130 тага кўп маъмурий иш қаноатлантирилган бўлиб, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 2021 йилнинг тўққиз ойига нисбатан
2,4 баробарга кўп фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган. Биргина Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда жами 695 та ишлар кўриб тамомланган бўлиб, иш тоифалари таҳлили шуни кўрсатдики, 430 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолардан, аксарият қисми, яъни 336 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, 60 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органини мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишларга тўғри келган.

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судлари томонидан 2022 йил 9 ойи давомида
13 898 та (2021 йил 9 ойида 8.179 та) фуқаролик ишлари, 1 839 та
(568 та) материаллар кўриб тамомланган.

Судлар томонидан кўриб тамомланган фуқаролик ишлари тоифасига кўра таҳлил қилинганда:

Никоҳдан ажратиш ҳақида 1271 (1117) та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 154 та ёки 13,8 фоизга кўпайган;

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган даъво аризалар туман-шаҳар кесимида таҳлил қилинган-да Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Сайхунобод, Сардоба, Оқолтин, Гулистон туманларида сезиларли даражада кўпайган.

Фуқаролик судлар томонидан ҳисобот даврида никоҳдан ажратишни олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш юзасидан Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда судда ишларни кўриш жарёнида жами 113 та оилаларнинг яраштирилишига эришилди.

Шунингдек, кредит шартномасига доир даъволар 8 227 (4 435) та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 3792 та ёки 85,5 фоизга кўпайган;

Солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги даъволар 752 (50) та кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 702 тага кўпайган;

Қарз ундириш ҳақида 524 (259)  та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 265 та ёки 102,3 фоизга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

 

 Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан 5906 та (2021 йил 9 ойида 4259 та) ўтган йилга нисбатан 1647 та ёки 27,8 фоиз кўп ишлар кўрилган.

Даъвогар манфаатида хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, дехқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокида 569 та 113 млрд. 433 млн. 480 минг сўмлик ишлар кўрилган.

Ишларни кўриш натижасига кўра 425 та тадбиркорлик субъектлар фойдасига 67 млрд. 426 млн. 180 минг сўм ундириш хақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

Матбуот анжумани ОАВ вакиллари ва судлов ҳайъати раисларининг ўзаро савол-жавоби билан якунланди.

 

Сирдарё вилоят судининг матбуот хизмати

 

Судьялик лавозимгина эмас, у энг аввало, инсонийликдир

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг  раиси Мингбоев Убайдулла Қурбонович ҳамда суд фахрийлари Алижон Артиков ва Шамил Алиевлар иштирокидаги уч авлод учрашуви Сирдарё вилояти юридик техникумида ташкил этилди. Унда уч авлод яъни суд фахрийлари, вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий судининг судьялари ҳамда  юридик техникумининг  талабалари ўзаро мулоқот қилди.

Убайдулла Қурбоновичнинг  «Суд тизимининг ўтмиши ва бугуни» мавзусидаги маърузасини тинглаган давра қатнашчилари жонли тарих билан юзлашгандек таассуротга эга бўлди, дейиш мумкин. Шунингдек, ушбу маърузада суд фахрийсининг меҳнат фаолиятидаги синовли кунлар ҳам тилга олинди. Суд тизимидаги узоқ йиллик меҳнат йилларида орттирган тажрибасини ёш авлодга амалий мисоллар билан ёритиб бера олган Убайдулла Қурбоновичнинг  хулосалари бугунги кунда иш олиб бораётган судьялар ва бўлажак ҳуқуқшуносларга сабоқ бўлиши аниқ. Масалан унинг «Судья ўзининг қариндош-уруғларига, умуман, кимга бўлса-да, қилинган илтимос ёки талабни, агарда унинг ғайриқонуний ва адолатсиз эканлиги аён ёки шундай деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, бажармагани учун маломатга қолишдан асло чўчимасин», деган ибрати судьялар учун маълум маънода чақириқ ҳам бўлди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг ташаббуси билан ташкилланган мазкур учрашув давомида фуқаролик ва иқтисодий  ишлари бўйича судьялар ҳам сўз олиб, устозларга эхтиромини изҳор қилишди. Айниқса, техникум талабалари томонидан катта бир қизиқиш билан берилган саволлар суд фахрийлари ва ёшлар ўртасидаги ўзаро мулоқотни янада жонлантирди.

Тадбир якунида  Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг раиси Мингбоев Убайдулла Қурбонович муаллифлигидаги қатор китоблар юридик техникум кутубхонасига мутолаа учун совға қилинди. 

 

Маҳфират Худойбердиева

Сирдарё вилоят судининг бош консультанти 

 

 

 

 

Фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?

Савол: Фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилса-ю сўнг туман ҳокимининг яна бошқа қарори билан фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ушбу ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиниб, бошқа фермер хўжалигига ажратиб берилса  аввалги фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?

  Жавоб:  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонуни 33-моддасига кўра, мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунларига мувофиқ талаб қилиб олиш ҳуқуқига эгадир.

  Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмасада, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

Бу ҳолатга қуйидаги иқтисодий ишни мисол қилиб келтирадиган  бўлсак, туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан  фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси қаноатлантирилиб, унга вақтинчалик туман ҳокимлиги заҳирасидаги  ўтлоқ ва яйлов қўшимча равишда ажратиб берилган ва  фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида 54,7 га ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган. Шундан сўнг туман ҳокимининг яна бир қарори билан  фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган  жами 12,3 га ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган. Туман ҳокимининг тегишли қарори билан эса  фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ва туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган жами 12,3 га ер майдонларибошқа бир фермер хўжалигига ажратиб берилган. Мазкур фермер билан ҳам  туман ҳокимлиги ўртасида  425 га ер участкасини 39 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган. Бундан табиийки, ернинг аввалги фойдаланувчиси норози бўлиб, туман маъмурий судига мурожаат қилган.

Туман маъмурий судининг  ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимининг тегишли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан маъмурий суднинг ҳал қилув қарори ижроси таъминланмаган ва  фермер хўжалигига ижара асосида тегишли бўлган жами 12,3 га ер майдонлари фермерга қайтарилмаган.

Шундан сўнг  фермер хўжалиги маъмурий судга яна мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2019 йил 30 январдаги №632-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва туман ҳокимлигига   12,3 га ер майдонларини фермер хўжалигига тегишли эканлиги мажбуриятини юклашни сўраган.

Натижада маъмурий суднинг қарорига асосан туман ҳокимининг 2019 йил 30 январдаги №632-сонли қарорига қисман ўзгартириш киритилган.

Фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тиклангандан сўнг “С” фермер хўжалигига  талабнома билан мурожаат қилинибб, ўзига ижара асосида тегишли бўлган 12,3 га ер майдонини ихтиёрий равишда бўшатиб топширишни сўраган. Аммо “С” фермер хўжалиги “Ш” фермер хўжалигининг ушбу талабномасини оқибатсиз қолдириб, ер майдонини бўшатиб бермаган. Шундан сўнг “Ш” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланган ва  “Ш” фермер хўжалигининг даъво талаблари иш ҳужжатлари ва туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблаб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириб, “С” фермер хўжалигини жами 12,3 га ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни лозим топган.

Мажбурий тартибда чиқариш ижроси туман мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилган.

 

Садоқат Шомуратова

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди архив мудири

Шаърий никоҳ асосида турмуш қурган аёл фарзандига оталикни белгилашни талаб қилди

Даъвогар Нигора Мардиева (исм, шарифлари шартли равишда ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб бирга яшаганлигини, уларнинг ўрталарида бир нафар фарзанди борлигини судга маълум қилди. Шунингдек  оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи билан икки йилдан буён билан бирга яшамаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлади.  Фарзандининг туғилгалик ҳақидаги гувоҳномасининг ота устунига эса  турмуш ўртоғининг исм, шарифи ёзилишини,  бундан ташқари жавобгар шу вақтга қадар фарзандини моддий таъминламасдан келаётганлигини, фарзандини моддий томондан таъминлашга қийналаётганлигини, шу сабабли турмуш ўтоғидан алимент ундиришни сўради.

Суд даъвогарнинг тушунтиришини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 08-сонли қарорининг 2-банди 2-хатбошига кўра, оталик, агар боланинг ота-онаси қандайдир сабабларга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига унинг келиб чиқиш (насл-насаби) тўғрисида биргаликда ариза бермаган бўлсалар, суд томонидан белгиланишини ҳисобга олиб, Пленум қарорининг 6-бандига кўра, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланди. Бу шартлар қуйидагилардир:

  • боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;
  • боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;
  • жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли эканлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 96, 99-моддаларига асосан, мазкур ҳолатда суд, жавобгар отани фарзандининг отаси деб белгилашни ҳамда  даъвогар Нигора Мардиева  фойдасига  фарзанди вояга етгунига қадар жавобгарнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва  бошқа даромадининг 1/4 қисм миқдорида, лекин қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,5 фоиз миқдоридан кам бўлмаган миқдорда алимент ундиришни, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг ота устунига тегишли ўзгартиришлар киритишни лозим деб топди. 

Ҳал қилув қарорининг алимент ундириш ҳақидаги қисми дарҳол ижрога қаратилди.

Ўктам Хуррамов

фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг судьяси

Сирдарёлик аёлларни уй-жой билан боғлиқ масаласи қачон хал бўлади?

Ҳудди шу савол билан Сирдарё туманининг Улуғбек маҳалласида истиқомат қилувчи аёллар мурожаат қилган қабулда қатор масалалар муҳокама марказида бўлди. Чунки «Аёллар дафтари»да турувчи хотин-қизлар бежизга рўйхатга киритилмаган бўлиб, бугун уларни ўйлантириб келаётган масалаларнинг асосийси уй-жой билан боғлиқдир. Масалан хотин-қизлар билан ўтказилган навбатдаги мулоқотимизда ҳам ўнга яқин аёллар уй-жой ҳужжатини расмийлаштириш борасида кадастр билан юзага келаётган тушунмовчиликлар, банклардан имтиёзли равишда ипотека кредитларини олиш тартиби, уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқини тиклаш билан боғлиқ қатор масалаларни маълум қилишди. Ўз ўрнида саволномага қайд этилган ушбу мурожаатлар тегишли ташкилотларга юборилиши билан бир қаторда ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатилди. Фуқаролик суди билан хал бўлиши мумкин бўлган баъзи бир мурожаатларга эса қонуний тарзда ечим берилди. Энг муҳими куз-қиш мавсумида аёлларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши билан боғлиқ масала қатъий назоратга олинди.

 

Шаҳноза Муҳаммадқулова

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси 

Тадбиркорга ҳуқуқий таъсир чораси қўллаш суд томонидан рад этилди

Сирдарё туман Давлат солиқ инспекциясида Сирдарё туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Мазкур сайёр суд мажлисида аризачи Сирдарё вилоят Давлат бошқармаси тадбиркорлар томонидан 2022 йил учун ягона ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини жорий йилнинг 17 август кунига қадар солиқ органига тақдим этмаганлиги сабабли, жавобгарнинг банклардаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисдаги даъволари кўриб чиқилди. Суд, аризачи вакилининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйидаги асосларга кўра, аризани қаноатлантиришдан рад этишни лозим топди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органи томонидан мазкур солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

1) ушбу солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда;

2) солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

3) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилишда. Солиқ органи мансабдор шахсининг киришига тўсқинлик қилиниши унинг ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи банкдаги ҳисоб варақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туради;

4) солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, жавобгар ягона ер солиғи тўловчи бўлмаса-да, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари  томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилинган ва бу ҳақда жавобгарга электрон хабарнома юборилган.

Амалдаги Солиқ кодексининг 17-моддасида солиқлар ва йиғимларнинг турлари қайд этилган бўлиб, унда эски таҳрирдаги Солиқ кодексидаги ягона ер солиғи чиқариб ташланган ва янги Солиқ кодексида ягона ер солиғи мавжудлиги ва уни тўловчилар кимлар бўлиши ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Бундан кўринадики, ягона ер солиғи янги Солиқ кодексининг 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга кириши билан бекор қилинган.

Юқоридагиларга асосан аризачининг жавобгар томонидан 2022 йил учун ягона ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини муддатида тақдим этмаганлиги учун банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилгунга қадар тўхтатиб туриш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантиришдан рад этилди.

Улуғбек Қурбонов

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди раиси

Перейти к содержимому