Судьялик лавозимгина эмас, у энг аввало, инсонийликдир

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг  раиси Мингбоев Убайдулла Қурбонович ҳамда суд фахрийлари Алижон Артиков ва Шамил Алиевлар иштирокидаги уч авлод учрашуви Сирдарё вилояти юридик техникумида ташкил этилди. Унда уч авлод яъни суд фахрийлари, вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий судининг судьялари ҳамда  юридик техникумининг  талабалари ўзаро мулоқот қилди.

Убайдулла Қурбоновичнинг  «Суд тизимининг ўтмиши ва бугуни» мавзусидаги маърузасини тинглаган давра қатнашчилари жонли тарих билан юзлашгандек таассуротга эга бўлди, дейиш мумкин. Шунингдек, ушбу маърузада суд фахрийсининг меҳнат фаолиятидаги синовли кунлар ҳам тилга олинди. Суд тизимидаги узоқ йиллик меҳнат йилларида орттирган тажрибасини ёш авлодга амалий мисоллар билан ёритиб бера олган Убайдулла Қурбоновичнинг  хулосалари бугунги кунда иш олиб бораётган судьялар ва бўлажак ҳуқуқшуносларга сабоқ бўлиши аниқ. Масалан унинг «Судья ўзининг қариндош-уруғларига, умуман, кимга бўлса-да, қилинган илтимос ёки талабни, агарда унинг ғайриқонуний ва адолатсиз эканлиги аён ёки шундай деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, бажармагани учун маломатга қолишдан асло чўчимасин», деган ибрати судьялар учун маълум маънода чақириқ ҳам бўлди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг ташаббуси билан ташкилланган мазкур учрашув давомида фуқаролик ва иқтисодий  ишлари бўйича судьялар ҳам сўз олиб, устозларга эхтиромини изҳор қилишди. Айниқса, техникум талабалари томонидан катта бир қизиқиш билан берилган саволлар суд фахрийлари ва ёшлар ўртасидаги ўзаро мулоқотни янада жонлантирди.

Тадбир якунида  Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг раиси Мингбоев Убайдулла Қурбонович муаллифлигидаги қатор китоблар юридик техникум кутубхонасига мутолаа учун совға қилинди. 

 

Маҳфират Худойбердиева

Сирдарё вилоят судининг бош консультанти