Искать:

Қарз шартномаси нима?

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъий назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.

Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

 

                                                                                                                                                                                                     Бекзод Худайберганов

    Сирдарё вилоят судининг судьяси                       

ХОДИМ ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛСА…

Савол:Интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун ходим қандай жазога тортилиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 174-моддасига кўра, корхонада меҳнат тартиби иш беруви касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.

Корхона ички меҳнат тартиби қоидалари барча ходимлар кўришлари учун кўринадиган жойга илиб қўйилади. Ҳар бир ходим юклатилган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан таништирилиши лозим.

Интизомий ножўя хатти-ҳаракат деганда ходим томонидан қасддан ёки эҳтиётсизлик билан ўзининг ғайриқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида корхонада ўрнатилган тартиб-қоидаларни, ўз хизмат бурчларини, иш берувчининг қонуний талабларини бажармаслиги, ишлаб чиқаришга моддий ёки бошқача тарзда зиён етказувчи оқибатларга сабаб бўлиши тушунилади.

Ходимнинг ножўя хатти-ҳаракати бевосита меҳнат вазифалари бажарилмаслиги билан боғлиқ бўлиши лозим. Хизмат вазифасига тааллуқли бўлмаган соҳалардаги ҳаракат учун жазога тортиб бўлмайди.

Меҳнат Кодекснинг 181-моддасига кўра, ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима қўллашга ҳақли. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ходимларни асоссиз ва адолатсиз интизомий жазо қўллашдан ҳимоялаш ҳамда интизомий жазога тортилаётган ходимнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида уни қўллашнинг қатъий тартиби белгилаб қўйилган бўлиб, бу тартибга амал қилмаслик иш берувчининг ҳаракатини ноқонуний тарзда интизомий жавобгарликка тортиш, деб баҳоланишига сабаб бўлади. Ноқонуний равишда қўлланилган интизомий жазо бу ҳақдаги низони кўрган ваколатли орган томонидан бекор қилинади.

Интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар,  яъни корхона раҳбари, корхона мулки эгаси ёки мулкдор ўзи вакил қилган органлар, корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви каби) томонидан қўлланилади.

Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

МКнинг 164-моддасига ва умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Мазкур модданинг 2-қисми 6-бандига асосан интизомий жазо сифатида қўлланилган жаримани ундириш ҳолларида ходимнинг розилигидан қатъий назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.

Интизомий жазо сифатида жарима солиш бозор муносабатлари тамойилларига таянган ҳолдаги жазо бўлиб, ходимга иқтисодий таъсир ўтказиш орқали уни интизомга риоя қилишига мажбурлаш мақсадини кўзлайди. Интизомий жазо чораси сифатидаги жариманинг энг кўп миқдори қонун билан чекланган, унинг энг кам миқдори эса белгиланмаган.

Интизомий жазо устидан якка меҳнат низоларини кўриш учун белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувда меҳнат низолари комиссияларини тузиш назарда тутилиши лозим. Меҳнат низолари комиссиялари иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи томонидан тенглик асосида тузилади. Якка меҳнат низолари ходимнинг иш жойида тузилган меҳнат низолари комиссияси ёки бевосита фуқаролик судларига мурожаат қилишга ҳақли. Судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, ҳаққоний меҳнат шартлари асосида ишлаш ва қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади.

Саволга Сирдарё вилоят суди судьяси  Дилфуза Жўраева жавоб берди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 227 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

Сирдарё вилояти судларининг 2022 йилнинг 9 ойи мобайнидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни соат 10:00да жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг биносида Сирдарё вилоят маъмурий суди ҳамда  вилоят судлари томонидан 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти буйича ОАВ, журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари,  ахборот хизматлари ходимлари иштирокидаги матбуот анжумани  ўтказилди. Унда фаъолият тахлилидан ташқари журналист ва блогерларни қизиқтирган қатор саволларга ҳам жавоб берилди.   Брифингда  қуйидаги маърузалар асосидаги маълумотлар судлов ҳайъати раислари ва Гулистон туманлараро маъмурий суди раиси томонидан матбуот учун очиқланди.

 Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобошер Қурбонов томонидан берилган маълумотларга асосан

жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан жами 1.511 нафар шахсга нисбатан 1.145 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган. Шундан:

957 та жиноят иши юзасидан 1.298  нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган;

204 нафар шахсга нисбатан 180  та иш тугатилган;

5 та иш бўйича 5 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган;

4  нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича дастлабки терговга қайтарилган.

Мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларини 2021 йилнинг 9 ойи билан таққосланганида 24,1 фоизга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

2022 йил 9 ойи давомида судлар томонидан жами 190 нафар шахсга нисбатан 174 та жиноят иши ёки жами кўриб тамомланган ишларнинг 15,1 фоизи томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган бўлса, жами 31.788.973.480 сўмлик зарарни қоплаган 228 нафар шахсга ёки жами кўриб тамомланган ишларнинг 15,1 фоизига нисбатан қонуннинг жазони либераллаштириш билан боғлиқ нормалари қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 

Мазкур даврда жами 173 нафар шахс, шу жумладан биринчи инстанция судлари томонидан 152 нафар шахс, юқори инстанция судлари томонидан 21 нафар шахс қамоқдан озод қилинган.

Мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича шахсларнинг 509 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 468 нафари унча оғир бўлмаган, 457 нафари оғир, 77 нафари ўта оғир туркумдаги жиноий қилмишлар содир этишган бўлиб, шундан,
248 нафари ёки 16,4 фоизини муқаддам судланганлар ташкил этган.

Мазкур даврда судланган шахсларнинг жами 568 нафари ёки
37,5 фоизини ёшлар, 130 нафари ёки 8,6 фоизини аёллар, 41 нафари ёки 2,7 фоизини вояга етмаганлар ташкил қилган.

Судда мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларининг статистик кўрсаткичлари таҳлилидан, шу жумладан оғир жиноят содир этганлар
14,1 фоизга, ўта оғир жиноятни содир этганлар 41,6 фоизга кўпайган.

2022 йилнинг 9 ойига нисбатан кўрилган жиноят ишлари таҳлил қилинганда, бир қатор жиноий қилмишлар содир этганлиги учун шу жумладан, Қасддан одам ўлдириш (ЖКнинг 97-моддаси) 5 нафар шахсга ёки 60,0 фоизга, қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖКнинг 104-105-моддалари) 26 нафар шахсга ёки 13,0 фоизга, порахўрлик (ЖКнинг 210-212-м) 32 нафар шахсга ёки 37,7 фоизга, ўғрилик (ЖКнинг 169-моддаси) 56 нафар шахсга ёки 23,4 фоизга кўпайган. 

Шунингдек, Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида 223 та, яъни 2021 йилнинг 9 ойида қаноатлантирилган 93 та маъмурий ишга нисбатан 130 тага кўп маъмурий иш қаноатлантирилган бўлиб, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 2021 йилнинг тўққиз ойига нисбатан
2,4 баробарга кўп фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган. Биргина Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда жами 695 та ишлар кўриб тамомланган бўлиб, иш тоифалари таҳлили шуни кўрсатдики, 430 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолардан, аксарият қисми, яъни 336 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, 60 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органини мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишларга тўғри келган.

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судлари томонидан 2022 йил 9 ойи давомида
13 898 та (2021 йил 9 ойида 8.179 та) фуқаролик ишлари, 1 839 та
(568 та) материаллар кўриб тамомланган.

Судлар томонидан кўриб тамомланган фуқаролик ишлари тоифасига кўра таҳлил қилинганда:

Никоҳдан ажратиш ҳақида 1271 (1117) та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 154 та ёки 13,8 фоизга кўпайган;

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган даъво аризалар туман-шаҳар кесимида таҳлил қилинган-да Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Сайхунобод, Сардоба, Оқолтин, Гулистон туманларида сезиларли даражада кўпайган.

Фуқаролик судлар томонидан ҳисобот даврида никоҳдан ажратишни олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш юзасидан Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда судда ишларни кўриш жарёнида жами 113 та оилаларнинг яраштирилишига эришилди.

Шунингдек, кредит шартномасига доир даъволар 8 227 (4 435) та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 3792 та ёки 85,5 фоизга кўпайган;

Солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги даъволар 752 (50) та кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 702 тага кўпайган;

Қарз ундириш ҳақида 524 (259)  та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 265 та ёки 102,3 фоизга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

 

 Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан 5906 та (2021 йил 9 ойида 4259 та) ўтган йилга нисбатан 1647 та ёки 27,8 фоиз кўп ишлар кўрилган.

Даъвогар манфаатида хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, дехқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокида 569 та 113 млрд. 433 млн. 480 минг сўмлик ишлар кўрилган.

Ишларни кўриш натижасига кўра 425 та тадбиркорлик субъектлар фойдасига 67 млрд. 426 млн. 180 минг сўм ундириш хақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

Матбуот анжумани ОАВ вакиллари ва судлов ҳайъати раисларининг ўзаро савол-жавоби билан якунланди.

 

Сирдарё вилоят судининг матбуот хизмати

 

Судьялик лавозимгина эмас, у энг аввало, инсонийликдир

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг  раиси Мингбоев Убайдулла Қурбонович ҳамда суд фахрийлари Алижон Артиков ва Шамил Алиевлар иштирокидаги уч авлод учрашуви Сирдарё вилояти юридик техникумида ташкил этилди. Унда уч авлод яъни суд фахрийлари, вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий судининг судьялари ҳамда  юридик техникумининг  талабалари ўзаро мулоқот қилди.

Убайдулла Қурбоновичнинг  «Суд тизимининг ўтмиши ва бугуни» мавзусидаги маърузасини тинглаган давра қатнашчилари жонли тарих билан юзлашгандек таассуротга эга бўлди, дейиш мумкин. Шунингдек, ушбу маърузада суд фахрийсининг меҳнат фаолиятидаги синовли кунлар ҳам тилга олинди. Суд тизимидаги узоқ йиллик меҳнат йилларида орттирган тажрибасини ёш авлодга амалий мисоллар билан ёритиб бера олган Убайдулла Қурбоновичнинг  хулосалари бугунги кунда иш олиб бораётган судьялар ва бўлажак ҳуқуқшуносларга сабоқ бўлиши аниқ. Масалан унинг «Судья ўзининг қариндош-уруғларига, умуман, кимга бўлса-да, қилинган илтимос ёки талабни, агарда унинг ғайриқонуний ва адолатсиз эканлиги аён ёки шундай деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, бажармагани учун маломатга қолишдан асло чўчимасин», деган ибрати судьялар учун маълум маънода чақириқ ҳам бўлди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг ташаббуси билан ташкилланган мазкур учрашув давомида фуқаролик ва иқтисодий  ишлари бўйича судьялар ҳам сўз олиб, устозларга эхтиромини изҳор қилишди. Айниқса, техникум талабалари томонидан катта бир қизиқиш билан берилган саволлар суд фахрийлари ва ёшлар ўртасидаги ўзаро мулоқотни янада жонлантирди.

Тадбир якунида  Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг раиси Мингбоев Убайдулла Қурбонович муаллифлигидаги қатор китоблар юридик техникум кутубхонасига мутолаа учун совға қилинди. 

 

Маҳфират Худойбердиева

Сирдарё вилоят судининг бош консультанти 

 

 

 

 

Фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?

Савол: Фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилса-ю сўнг туман ҳокимининг яна бошқа қарори билан фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ушбу ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиниб, бошқа фермер хўжалигига ажратиб берилса  аввалги фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?

  Жавоб:  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонуни 33-моддасига кўра, мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунларига мувофиқ талаб қилиб олиш ҳуқуқига эгадир.

  Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмасада, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

Бу ҳолатга қуйидаги иқтисодий ишни мисол қилиб келтирадиган  бўлсак, туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан  фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси қаноатлантирилиб, унга вақтинчалик туман ҳокимлиги заҳирасидаги  ўтлоқ ва яйлов қўшимча равишда ажратиб берилган ва  фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида 54,7 га ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган. Шундан сўнг туман ҳокимининг яна бир қарори билан  фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган  жами 12,3 га ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган. Туман ҳокимининг тегишли қарори билан эса  фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ва туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган жами 12,3 га ер майдонларибошқа бир фермер хўжалигига ажратиб берилган. Мазкур фермер билан ҳам  туман ҳокимлиги ўртасида  425 га ер участкасини 39 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган. Бундан табиийки, ернинг аввалги фойдаланувчиси норози бўлиб, туман маъмурий судига мурожаат қилган.

Туман маъмурий судининг  ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимининг тегишли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан маъмурий суднинг ҳал қилув қарори ижроси таъминланмаган ва  фермер хўжалигига ижара асосида тегишли бўлган жами 12,3 га ер майдонлари фермерга қайтарилмаган.

Шундан сўнг  фермер хўжалиги маъмурий судга яна мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2019 йил 30 январдаги №632-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва туман ҳокимлигига   12,3 га ер майдонларини фермер хўжалигига тегишли эканлиги мажбуриятини юклашни сўраган.

Натижада маъмурий суднинг қарорига асосан туман ҳокимининг 2019 йил 30 январдаги №632-сонли қарорига қисман ўзгартириш киритилган.

Фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тиклангандан сўнг “С” фермер хўжалигига  талабнома билан мурожаат қилинибб, ўзига ижара асосида тегишли бўлган 12,3 га ер майдонини ихтиёрий равишда бўшатиб топширишни сўраган. Аммо “С” фермер хўжалиги “Ш” фермер хўжалигининг ушбу талабномасини оқибатсиз қолдириб, ер майдонини бўшатиб бермаган. Шундан сўнг “Ш” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланган ва  “Ш” фермер хўжалигининг даъво талаблари иш ҳужжатлари ва туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблаб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириб, “С” фермер хўжалигини жами 12,3 га ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни лозим топган.

Мажбурий тартибда чиқариш ижроси туман мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилган.

 

Садоқат Шомуратова

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди архив мудири

Перейти к содержимому