Қидирув:

Сагатов ва Соатов аслида бир шахс эканлиги тасдиқланди

Фуқаро Сагатов фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро  судига ариза билан мурожаат қилиб, унда Сирдарё туман Давлат архиви томонидан  берилган архив маълумотномасида Сирдарё тумани Чултўқай қишлоқ советининг 1991 йил 22 апрелдаги №22-сонли ер бериш тўғрисидаги қароридаги  томорқа ер олувчилар рўйхатига Соатов Зафар  ёзувлари унга тегишли эканлик фактини аниқлаб беришни сўраган. Судда сўралган аризачи Сагатов унга ер участкаси ажратилганлигини, ушбу уй-жой ҳужжатларини ўз номига расмийлаштиришда муаммолар келиб чиққанлигини, чунки томорқа ер олувчилар рўйхати архив маълумотномасида унинг фамилияси ва исми Соатов Зафар  деб ёзилганлигини маълум қилди. Шахсий  ҳужжатларида эса  Сагатов Зафар Парпиевич эканлигини, ҳозирги кунда ушбу участкада  укаси Сагатов Бахром яшаб келаётганлигини, участкани укасига ўтказиб бериш учун Давлат хизматларига мурожаат қилганида фамилиясидаги хатолик туфайли расмийлаштириш рад қилинганини баён қилди. Судда сўралган манфаатдор шахс Сирдарё туман ҳокимлиги мутахассиси Шосаидов аризачига Сирдарё туман давлат архиви томонидан  берилган 22.04.1991 йилдаги Халқ депутатлари Чултукай қишлоқ совети ижроия қўмитасининг 22- сонли қарори   ва унга илова қилинган томорқа ер олувчилар рўйхатидаги “Соатов Зафар” ёзувлари унга тегишли эканлик фактини белгилаб беришни сўради. Судда сўралган манфаатдор шахс Давлат кадастрлар палатаси Сирдарё туман филиали мутахассиси Кизатов ҳам  архив маълумотномасидаги ёзувларнинг аризачи Сагатовга тегишли эканлик фактини суд тартибида аниқлаб беришни сўради. Судда сўралаган Сагатовнинг укаси Б.Сагатов  ҳақиқатдан  акаси З.Сагатовнинг  фамилияси архив ҳужжатларида “Соатов “деб хатолик билан ёзилганлигини, шу сабабли ер участкасини расмийлаштиришда муаммолар юзага келганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришни сўради.

Судда З.Сагатовнинг 1967 йил 30 ноябрда Сирдарё туман Чултуқай ЗАГС бўлимида қайд қилинган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида фамилияси, исми ва ота исми Сагатов Зафар Парпиевич деб ёзилгани аниқланди. 2012 йил 04 декабрда Сирдарё туман ИИБ томонидан берилган фуқаролик паспортида ҳам Сагатов Зафар Парпиевич деб кўрсатилган. Сирдарё туман давлат архиви томонидан   берилган 22.04.1991 йилдаги Халқ депутатлари Чултукай қишлоқ совети ижроия қўмитасининг 22-сонли қарори ва унга илова қилинган томорқа ер олувчилар рўйхатида фамилияси “Соатов” деб ёзилган.

Суд аризачи ва манфаатдор шахс вакилининг тушунтиришини тинглаб, иш ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо бериб, Сагатов Зафар Парпиевичнинг ҳужжатни ўзига тегишли эканлик фактини аниқлаш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди. Яъни Сирдарё туман давлат архиви томонидан берилган 22.04.1991 йилдаги Халқ депутатлари Чултукай қишлоқ совети ижроия қўмитасининг 22-сонли қарори   ва унга илова қилинган томорқа ер олувчилар рўйхатидаги “Соатов Зафар” ёзувлари аризачи Сагатов Зафар Парпиевичга тегишли эканлик факти белгиланди. 

Демак, Сагатов ва Соатов аслида бир шахс эканлиги суд томонидан тасдиқланди.

 

Шаҳноза МУҲАММАТҚУЛОВА,

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси

 

Оилани асраш бу жамиятнинг масаласидир

Гулистон шаҳар “Наъмуна”  маҳалласи биносида  бўлиб ўтган давра суҳбатида ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасидаги ишлар муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-87-сонли Фармони юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.  Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси, шаҳардаги маҳаллаларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда мутахассислари,  фаоллари ҳамда  ажрим ёқасидаги оилалар иштирок этишди.  Тадбирда сўз олганлар  нотинч ва муаммоли оилаларни келтириб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларни яраштириш ишларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар  ҳам тахлил қилинди.  Айниқса  ёш оилаларининг арзимас келишмовчиликлари ажримларга сабаб бўлмаслиги учун “Бир болага етти маҳалла ота-она” деганларидай ҳар бир ёш оила катталарнинг назоратида  бўлмоғи лозимлиги ва нуроний отахон ҳамда онахонларимизнинг насихатлари кераклигига алоҳида урғу бериб ўтилди. Тадбирда оилалардаги келишмовчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда асосан характерлари бир-бирига тўғри келмаслиги, оилада моддий етишмовчиликлар, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви, оилада бир-бирига ишончи йўқолиши ва бир қатор сабаблар бўлаётганлиги афсус билан айтиб ўтилди. Бундан ташқари, қонунчилигимизда никоҳдан ўтувчиларга тиббий кўрикдан ўтишлари белгиланган,. Чунки соғлом оила-бу келажак пойдеворидир.

Афсуски, бугунги кунда ёш оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолишларига эр ёки хотиннинг хасталиги сабаб бўлаётган холатлар ҳам айтиб ўтилди. Даврада  иштирокчиларнинг билдирган фикр мулоҳазалари, ҳаётий мисолларидан тўғри хулоса қилиб, шаҳарда истиқомат қилувчи ажрим ёқасига келиб қолган икки нафар оилалар ярашишга қарор қилди.

Нарзулла Муратов

фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси

Ер олмоқчи бўлсангиз энди муаммосиз

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сон қарори аҳолининг ишсиз қатламини деҳқон хўжалиги билан банд қилиш борасидаги муҳим ислоҳотлар давомини таъминламоқда. Айни пайтда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган. Шу билан бирга, пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш соҳасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш эвазига тармоқда қўшимча ўсишга эришишда илмий асосланган ёндашув ва ўрганишларни инобатга олиш тақозо этилмоқда.

Ушбу қарорга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият яратилади. Бунда аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни йўлга қўйиш мумкин.

Қарор асосида ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш эмас, балки деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 йил муддатга ижарага бериш тартиби жорий қилинади. Бунда аҳолининг яшаш жойидан узоқда жойлашган бўш турган ёки захирадаги ер участкаларида ишсиз, даромадга эга бўлмаган фуқаролар деҳқон хўжалиги юритиш учун дуч келадиган қийинчиликларни бартараф қилишга алоҳида эътибор берилади. Бунда аввало ишсиз, қўшимча даромадга эга бўлмаган фуқаролар харажат қилмаслиги учун аҳоли яшаш жойига яқин жойлашган, суғориш учун қулай бўлган бўш турган ёки захирадаги ер участкаларидан танланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд агросаноат кластерлари “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари, ҳудуддаги экспортёр корхоналар ўз манфаатдорлигида ишсиз фуқароларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ўргатади. Сўнгра ажратилган ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга амалий ёрдам беради ва етиштирилган маҳсулотларни ўзаро келишилган нархларда харид қилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 709-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра аҳолининг ишсиз қатламини деҳқон хўжалиги билан банд қилиш жараёнини шаффофлигини таъминлаш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш

“E-IJARA” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага бериш тизими мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатига ҳамоҳангдир.

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш “E-IJARA” ва “E-AUKSION” электрон платформаларини ташкил қилинишининг асосий мақсади ҳисобланади.

Ушбу норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга ҳамда хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига алоҳида устуворлик берилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотларда биринчи навбатда инсон ва унинг манфаатлари ҳамда инсон қадрини улуғлашга бўлган муносабатлар мужассамдир.

Қосим Хусанов 

Оқолтин туманлараро иқтисодий

суди девонхона мудири

Сафари хатарга айланган ҳайдовчи

Ҳар куни ҳайдовчи ёки йўловчи сифатида автомашинада йўлга отланар эканмиз, сафаримиз бехатар бўлишига ният қиламиз. Гулистонлик Фахриддин ҳам бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинасида йўлга отланар экан манзилига эсон-омон етиб олишини ният қилган бўлиши аниқ. Лекин биргина эътиборсизлиги сабаб унинг сафари хатарга тўлди. Чунки автомашинасини Гулистон шаҳар “Шодлик” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Хондамир кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, шу йўлнинг Абдурахмон кўчаси билан кесишган, светофор билан тартибга солинган чорраҳасида, светофорнинг яшил чироғида Абдурахмон кўчасига бурилиш манёврини бажараётганда, Хондамир кўчасининг “Дўстлик қўрғони” йўналишидан ҳаракатланиб келаётган “Ваз-2103” русумли автомашинанинг йўлига чиқиб кетиб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган. Натижада “Ласетти” русумли автомашинада йўловчиси фуқаро Турсунова Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра йўловчи Турсуновага етказилган тан жароҳати оғирлик даражасига кўра “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати» эканлиги ва ўлими билан бевосита боғлиқ эканлиги кўрсатиб ўтилган.  Шунингдек судга оид автотехника экспертизасининг хулосасига кўра, “Ласетти” русумли автомашина ҳайдовчиси Фаҳриддиннинг ҳаракатлари “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 4- ва 99- бандлари талабларига зид бўлганлиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилди. Судланувчи Фахриддин суд мажлисида, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди. Лекин энди кеч бўлганди. Суд, судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, судланувчининг охирги сўзини тинглаб, Фахриддинга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан Жиноят Кодексининг 45,57-моддасини қўллаб, бир йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Шу каби йўл-тарнспорт ҳодисалари ва  унинг қурбонига айланган инсонларнинг ҳаётини кузата туриб, ҳар куни автоуловда  йўлга чиқаётганда нафақат сафарни бехатар бўлишига ният қилиш балки масъулиятни ҳам эсдан чиқармаслик зарурлигига амин бўласан киши. Зеро йўл қоидаси-умр фойдаси эканлиги бор ҳақиқат.

 

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича

                                                                                         Гулистон шаҳар суди судьяси

Одам савдоси – глобал таҳдид

Одам савдоси жинояти бу – замоний қулликни кўриниши бўлиб, одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш яшириш ёки қабул қилиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади.

Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили 2,7 млн киши одам савдоси қурбонига айланиб, ушбу жиноят ортидан келаётган ноқонуний даромад 7 млрд АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетиб сотилади. Айниқса, одам савдосидан жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ёки ёш болалар ташкил этаётгани аянчли ҳолатдир. Одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган энг катта муаммолардан саналади. Бу савдо жамият тараққиёти ва давлат ривожига жиддий хавф туғдираётган, ўз домига асосан аёлларни ва ёшларни тортаётган жиноятчиликнинг хавфли кўринишларидан бирига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон фуқароларидан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Хитой, Россия Федерациясига, мажбурий меҳнат учун Россия Федерацияси ва Қозоғистонга олиб кетилмоқда.

Таҳлилларга кўра, одам савдоси жиноятининг умумий қурбонларининг 50 фоизини аёллар, 35 фоизини эркаклар ва 15 фоизини ёш болалар ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Одам савдосига қарши кураш бўйича бир нечта халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1949 йил 2 декабрдаги “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисида”ги Конвения, Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳақидаги 2000 йил 5 ноябрдаги Конвенция, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнатни тугатиштўғрисида”ги 105-сонли Конвенциялар шулар жумласидандир.

Одам савдосига қарши курашда халқаро конвенцияларнинг аҳамияти шундаки, иштирокчи давлатлар одам савдоси қурбонларини тили, дини, ирқи, миллатидан қатъий назар ҳимоя қиладилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида бу турдаги жиноятлар бўйича ахборот алмашинуви тартибга солинади ва самарали фойдаланилади, Ҳукуматлар ўртасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва кадрларни тайёрлаш масаласида ҳамкорлик амалга оширилади.

Миллий қонунчилигимизда одам савдоси жинояти учун Жиноят кодексининг 135-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ушбу жиноят таркибининг асосий элементлари қуйидагилардан:

Жиноятни содир этиш ҳаракати – жабрланувчини ёллаш, олиб ўтиш, яшириш, топшириш, қабул қилишдан;

Воситаси – алдов, фирибгарлик, куч билан таҳдид қилиш, куч ишлатиш, мажбурлаш, ўғирлаш, ҳокиятни суиистеъмол қилишдан;

Мақсади-мажбурий меҳнат ёки хизмат, қуллик, жинсий эксплуатация, инсон аъзоларини ажратиб олиш ва ҳакозолардан иборат.

Асосан бораётган давлатининг қонунчилиги, тили, урф-одатинини билмаган, етарлича мутахассисликка эга бўлмаган фуқаролар ушбу жиноятнинг қурбони бўлмоқда.

Одам савдоси жиноятларини содир этилишида универсал усул сифатида чет элда яхши шароит ва маошларда иш таклиф этиш бўлиб қолмоқда.

Шахсларни кафе, бар, ресторанлардан излаб топиш, чет элларда ишлаш ва ўқиш учун эълонлар бериш, таклифлар никоҳлик ва сайёҳлик агентликлари томонидан берилиши, кўнгилочар муассасаларда таклифларни берилиши жиноятни содир этилишини осонлаштирмоқда.

Шу сабабли чет элларда яхши маошли иш таклиф қилинганида дархол розилик бермасдан, берилган таклиф текшириб чиқилиши, агарда таклиф остида инсон эксплуатацияси мақсади бўлса, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Хабибулло Сарманов

Жиноят ишлари бўйича

Ширин шаҳар судининг раиси

Сирдарё вилояти маъмурий судида семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори 5-бандининг биринчи хатбошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш белгиланган.

Мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан 2022 йил 16 апрель куни онлайн семинар-тренинг ўтказиш ҳақидаги режаси тасдиқланган.

Ушбу режа асосида 2022 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан видеоконференцалоқа режимида навбатдаги онлайн семинар-тренинг ўтказилиб, Сирдарё вилоят маъмурий суди биносида ушбу семинар-тренингда Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьялари, Сирдарё вилоят божхона бошқармаси юридик хизмати бўлими ва соҳага алоқадор бўлган бошқа масъул ходимлари иштирок этишди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги ПҚ-107-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, унда кўзланган асосий мақсад ва вазифалари, маъмурий судларнинг фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли батафсил таништирилиб, ушбу тоифадаги маъмурий низоларни кўриб чиқиш жараёнидаги муҳим масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

Семинар-тренинг давомида давлат божхона органлари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар олишди.

       Собир Рустамов

Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси

Банкни “чув” тушираман деб ўзлари чув тушди

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг навбатдаги очиқ суд мажлисида кўрилган ишда вилоятдаги тижорат банкларидан бирига сохта ҳужжатлар тақдим этиб банкни “чув” туширмоқчи бўлган уч нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Судда аниқланишича  Дилноза (исми шартли ўзгартирилган) ва унинг куёви, Ойбек (исми шартли ўзгартирилган)  фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш ҳақида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришиб, шу мақсадда Ойбекнинг  номидан АТ “Асака банк” Сирдарё вилоят филиалига “ТRACKER” русумли автомашинасини сотиб олиш учун кредит ажратишни сўраб ариза билан мурожаат қилишган.

Шундан сўнг, кредит ажратилиши учун иш жойи ва иш ҳақи ҳақидаги маълумотлар зарур бўлганлиги сабабли, расмий равишда ҳеч қаерда ишламасалар-да, Дилноза Оқолтин туман давлат рўйхатидан ўтган “Оқолтин қурилиш” МЧЖ раҳбари  Одилни (исми шартли ўзгартирилган)  бу ҳужжатларни расмийлаштириб беришга кўндиради.  Натижада Дилноза ва Ойбекни  “Оқолтин қурилиш” МЧЖда ишлашлиги ва уларнинг ойлик иш ҳақлари тўғрисидаги қалбаки маълумотномаларни Одил ёрдамида сохталаштириб олиб, АТ “Асака банк” Сирдарё вилоят филиалига тақдим қилишади. Шундан сўнг мазкур банк томонидан  Ойбекнинг  номига 5 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 27 фоиз устама тўлаш шарти билан 150.900.000 сўмлик кредит ажратилиши ҳақидаги 2019 йил 27 июндаги 1760-сонли кредит шартномаси расмийлаштирилади.  Олинаётган кредит учун эса  Дилноза  ва фуқаро Сарвар (исми шартли ўзгартирилган) кафил сифатида кўрсатилади.

Шартномага кўра, АТ “Асака банк” Сирдарё вилоят филиали томонидан ажратилган кредит пуллари эвазига Ойбекнинг номига “ТRACKER TRKAR” русумли автомашинасини сотиб олиб, “ТRACKER TRKAR” русумли автомашина кредитга гаров таъминоти сифатида қўйилиши лозим бўлса-да, гаровга қўйишмасдан, 2019 йил 15 октябрда нотариал тасдиқланган шартномага асосан фуқаро Алимжановга сотиб юбориб, пулини шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборишади. Ўрага сичқон тушди гулдир-гуп, мақолини ўз ҳаётида синаб кўрмоқчи бўлган бу “уддабурон”ларнинг қилмиши ҳеч қанча вақт ўтмай ошкор бўлди.

Ўтказилган суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар ва банк ходимларининг кўрсатмалари эшитилиб, далиллар ўрганиб чиқилди ва Дилноза, Ойбек ва Одилларга нисбатан суднинг якуний ҳукми ўқилди.

Яъни Дилнозага Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазолар қисман қўшилиб, узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, яъни ўттиз уч миллион тўрт юз эллик минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Ойбекга узил-кесил ўташ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 196,5 баравари, яъни қирқ уч миллион саккиз юз ўн тўққиз минг беш юз сўм жарима жазоси тайинланди.

Ҳали суд томонидан белгиланган жазо муддати тугамай туриб,  яна жиноят содир этгани учун Одилга Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг  60-моддасига асосан, жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳукми билан тайинланган 2 йил 4 ой 15 кун озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган 8 ой 9 куни мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил сутканинг соат 22:00дан соат 05:00гача бўлган вақт оралиғида яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда уч йил саккиз ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Шу тариқа ўзларига берилган жазодан тўғри хулоса чиқармаган холда яна кимнидир “чув” тушириш орқали даромад топишни режа қилган бу жиноий гуруҳнинг қилмишига суд залида чек қўйилди.

 

Улуғбек Жумаев

жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси

Skip to content