Медиатив келишувга эришсангиз давлат божи тўламайсиз

“А” МЧЖ судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Б” МЧЖдан   70 000 000 сўм асосий қарз, 5 901 000 банк фоизи, олдиндан тўланган  1 518 020 сўм давлат божи ва 21 600 сўм почта харажатини ундиришни сўраган.

Сирдарё туманлараро иқтисодий судида 2022 йил 2 март куни бўлиб ўтган суд мажлисида даъвогар томонидан судга ариза ва илтимоснома тақдим этилиб, даъво аризаси юзасидан жавобгар билан ўзаро медиатив келишувга эришилганлиги сабабли, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраган.

Суд мажлисида иштирок этган жавобгар ишончли вакили даъвогар билан ўзаро медиатив келишувга эришилганлиги сабабли, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраган.

Тақдим этилган иш ҳужжатлрига кўра, тарафлар ўртасида 2022 йил 1 март куни медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида   № 5-сонли битим ва 2022 йил 01 март куни медиатив келишув тузилган.

Cуд, ишга тақдим этилган ариза, медиатив келишув ва иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан даъвогар томонидан киритган даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 107-моддаси биринчи қисми 53-бандида, тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 06 январдаги № 600-сонли “Давлат божи тўғрисидаги” Қонуни 18-моддаси биринчи қисмининг 9-бандида, агар тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда давлат божи ундирилмаслиги, тўланган давлат божи қайтарилиши қайд этилган.

Шунга кўра, суд давлат божи ва почта харажати масаласини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 115, 118-моддасига асосан олдиндан тўланган 1 518 020 сўм давлат божини даъвогарга қайтаришни лозим топган.

Нодирбек Сангиров

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судьяси