Qidiruv:

Йўлларда хазон бўлаётган умрлар

Автомобиль эгаси бўлиш яхши албатта, бироқ ундан фойдаланиш, бошқариш ҳайдовчига муайян масъулият юклайди, ушбу масъулиятга панжа орасидан қараш эса, минг афсуски кимнидир мулкига, ҳаёти ва соғлиғига шикаст етказиш, айрим оилаларга эса ўрнини тўлдириб бўлмайдиган мусибат олиб келаётганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Биргина, жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди томонидан 2022 йил август ойида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (Жиноят кодекси 266-модда) билан боғлиқ 6 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, ушбу ишлардан 3 таси тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилган бўлса, 3 таси бўйича судланганларга жазо тайинланган айблов ҳукми чиқарилган.

Ачинарлиси, мазкур 3 та жиноят иши бўйича айбланувчилар умумий ҳисобда 4 нафар шахснинг ўлимига, шунингдек 1 нафар жабрланувчига енгил, 1 нафар жабрланувчига ўртача оғир шикаст етказилишига сабабчи бўлишган.

Ярашув асосида тугатилган ишлар бўйича айбланувчилар ўз ҳаракатлари оқибатини тушуниб етиб, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни тўлиқ қоплаб беришган.

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисмига мувофиқ, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида аниқлай олиши мумкин бўлган хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.

Мисол учун ҳайдовчи Н. 2022 йил 7 май куни соат 10.30 ларда ўзининг номига расмийлаштирилган “Нексия” русумли, автомашинасини Оқолтин тумани, Шодлик маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-373 автойўлининг 13 км.да Тошкент-Термиз йўналиши бўйлаб бошқариб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисми талабларини бузган ҳолда ҳаракатланиб, ўзи билан бир йўналишда, йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб турган А. исмли шахснинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.

Натижада автомашина ҳайдовчиси ва йўловчилари тан жароҳати олиб, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган йўловчига “соғлиқнинг қисқа муддатли бузилишига сабаб бўлган енгил шикаст”, автомашина ҳайдовчиси ва яна бир йўловчига “ўртача оғир шикаст” етказилганлиги аниқланган.

Шунингдек, транспорт-баҳолаш тадқиқоти бўйича мутахассис фикрига кўра, жабрланувчининг “Нексия” русумли автомашинасига 21.971.680 сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур иш бўйича айбланувчи айбига ихтиёрий иқрор бўлганлиги, қилмишининг оқибатини англаганлиги ва етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўриб, жабрланувчилар билан ярашувга эришганлиги муносабати билан иш ярашувга асосан тугатилди.

Бу каби мисолларни суд амалиётида кўплаб келтириш мумкин.

Жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, йўл-транспорт ҳодисаларини содир этилишига ҳайдовчилар томонидан “Йўл ҳаракатлари қоидалари”га риоя этмасликлари, аҳоли пунктларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдалар кесиб ўтиш жойларида қоида бузиш, светофор ёрдамида тартибга солинадиган чорраҳаларда светофор ишораларига буйсунмаслик, пиёдаларга, шу жумладан ёш болаларга эътиборсизликлари каби қоидабузарликлар сабаб бўлмоқда.

Мазкур тоифадаги жиноятларнинг содир этилишига яратилган шарт – шароитларни бартараф қилиш бўйича судлар томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБга хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилишига қарамасдан, ҳудудларда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари камаймаётганлиги ҳар бир шахсни хавотирга солади.

Аввало автомашина бошқараётган ҳайдовчи ўзига юклатилган масъулиятни чуқур хис қилиши, унинг биргина эътиборсизлиги ўзининг ва кимнидир оиласига фожеа, мусибат олиб келиши мумкинлигини англаши, “Йўл ҳаракати қоидалари”га оғишмай риоя этиши шарт.

Шундагина фуқароларимизнинг йўлларда умрлари хазон бўлишини, соғлиғи ва мулкига шикаст етказилишини олдини олишимиз мумкин бўлади.

  

               Хабибулло Сарманов

               Жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман судининг раиси

                                          

                                                                 

СУД ТИЗИМИДАГИ ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР ФУҚАРОЛАР УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг my.sud.uz интерактив хизматлари порталида қўйидаги хизматлар жорий қилинган бўлиб, фуқаролар судга бормасдан мазкур хизматлардан ойнлайн тарзида фойдаланишлари учун қулай имкониятлар яратилган.

  • Судга электрон мурожаат юбориш
  • Судга мурожаатлар намуналари (бланкалари)
  • Davlat boji kalkulyatori
  • Суд қарорлар тўплами
  • Elektron to‘lov tizimi
  • Суд мажлислари жадвали
  • Раҳбарият қабулига рўйхатдан ўтиш
  • Судлар ҳал қилув қарорларига шарҳлар
  • Иш ҳолатини онлайн кузатиб бориш
  • Масофадан туриб суд мажлисида иштрок этиш
  • Суд хабарномалари ва чақирувларини онлайн олиш
  • Мурожаатларни ТЕЛЕГРАМ бот орқали йўллаш.
  • Суд ҳужжатларига Апостиль қўйиш (эски суд қарорларга мухр босиб бериш)
  • Суд қарорини онлайн олиш.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
3 сентябрдаги 4818-сонли қарорининг бешинчи хат бошида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни 2022 йил 1 январдан бошлаб фақат электрон шаклда тақдим этиш  белгиланган. Бу тизим адвокатларга судларга келмасдан масофадан туриб, интернет тармоғи орқали даъво ариза, ариза ва шикоятларни фақат электрон тарзда юбориш имконини беради. Бу ўз навбатида ортиқча вақт ва маблағлар сарфланишининг олдини олади.

Олдинлари судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотлардан олинадиган маълумотлар қоғоз шаклида амалга оширилар эди. Тарафлар маълумот ва далилларни олиш учун ортиқча вақт ва маблағларни сарфлар эдилар. Иш юзасидан зарур маълумот ва далилларни олишга ўртача 10 кун талаб этилар эди.

Бугунги кунда қуйидагиларни назарда тутувчи Судларнинг ахборот тизимлари 28 та давлат органлари ва ташкилотлар билан интеграция қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда бугунги кунда суд тизимини рақамлаштириш судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

 

Бекзод Исаев
Сирдарё вилоят суди ахборот-коммуникация

технологиялари бўлими бош консультанти

 

 

КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВ БИР-БИРИДАН НИМАСИ БИЛАН ФАРҚ ҚИЛАДИ?

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, уларнинг қандай умумий ва фарқли жиҳатлари мавжуд? Буни билиш учун аввало келишув битими ва медиатив келишув тушунчаларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Келишув битими – ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил
18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 2-бандида берилган тушунтиришга кўра, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

Уларнинг умумий жиҳати шундаки, иккиси ҳам низоларни тинчлик ва муроса (дипломатик) йўл билан ҳал қилишга қаратилган низоларни муқобил ҳал қилиш усулидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 131-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Фарқли жиҳатлари эса талайгина бўлиб, қуйида уларни алоҳида таҳлил қиламиз.

Аввало, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида (ҳаттоки, ишларни апелляция ва кассация инстанциясида кўриш босқичларида ҳам) ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин (ИПК 131-модда);

иккинчидан, келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади, медиатив келишувни эса тасдиқлаш талаб этилмайди;

учинчидан, суд томонидан келишув битимининг тасдиқланиши иш юритишни тугатишга асос бўлади, шу сабабли айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди (ИПК 110, 111-моддалар). Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли (ИПК 107, 109-моддалар);

тўртинчидан, тарафлар ўртасида келишув битими бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шу сабабли, келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак, шунингдек келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан (неустойка)дан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Келишув битимининг унда белгиланган тартиб ва муддатларда ижро этилмаслиги суд томонидан манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ижро варақаси бериш учун асос бўлади. Медиатив келишувда эса, гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шунга кўра, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли;

бешинчидан, агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда эса, даъво аризаси тақдим этишда олдиндан тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилади (“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 18-модда).

Мухтасар қилиб айтганда, келишув битими ва медиатив келишув институтлари тарафларга ўрталарида юзага келган низоли масалаларни ўзаро келишув, дипломатик йўл билан ҳал қилиш усуллари бўлиб, алал оқибат низоли вазиятнинг муросаи-мадора йўли билан барҳам топилишига хизмат қилади.

 

Элёрбек Соибназаров

 Сирдарё вилоят суди судьяси

Коррупция бу-тўсиқ дегани

Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Махмудов ва судья Н.Абдуллаевлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳияти юзасида Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси, туман, шаҳар давлат солиқ инспекциялари ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Муҳтарам юртбошимизнинг «Асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳукуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода «Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборат” деган жумлаларини келтириб, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш, ўз сохасини яхши биладиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлган юрист кадрлар судья лавозимига тайинланишини ва сайланишини таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳақида тушунча бериб, Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тавқим этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш, манфаатлар тўқнашуви шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонунии манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки келиши мумкин бўлган вазият бўлишини, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлигидан иборат бўлишини, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриши, жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўришини, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш сохасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришини, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш сохасида ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилишини таъкидлади.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш сохасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек кўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатлигини билдириб ўтилди.

Давра суҳбати якуни бўйича Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси, туман, шаҳар давлат солиқ инспекциялари ходимларига мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланмаслигига, ўзлари ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид хуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини тушунтириб ўтилди.

 Нурулла Абдуллаев

Гулистон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Савол беринг, жавоб берамиз

Савол: Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг, унинг биринчи ва кейинги оиласидаги фарзандлар мерос қабул қилишда тенг ҳиссага эгами?

Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига мувофиқ, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киришлиги, 1134-моддасига асосан эса қонун бўйича меросхўрлар ворисликка ушбу Кодекснинг 1135-1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақирилишлиги қайд қилинган.

Ушбу кодекснинг 1135-моддасига биноан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Бундан кўринадики, турмуш ўртоғингизнинг болалари тенг улушларда қонун бўйича биринчи новбатдаги ворислик ҳуқуқига эга.

Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли бўлиб, меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мероснинг тақдимланишида меросхўрларнинг ўзаро келишуви мавжуд бўлмаса, мол-мулк жойлашган судга даъво тартибида мурожаат этишингиз мумкин.

Ушбу саволга фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг судьяси  Сажар Мирзабаев жавоб берди. 

Мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-198-сонли  мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони эълон қилинди.  Мазкур фармон билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи бир қанча талаблар ва чекловлар бекор қилинди.

Хусусан, Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида: ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;

    Турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида: турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

   Жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида: мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

   Корпоратив муносабатлар соҳасида: давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно деб белгиланди.

Анвар Сувонқулов

Сирдарё вилоят судининг  судьяси

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судларга юбориш тартибига оид семинар ўтказилди

 

Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг ташаббуси билан Ховос тумани ИИБ биносида барча туман ИИБ шахсий таркиб ходимлари иштирокида семинар ўтказилди. Унда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тарафларнинг ярашуви муносабати билан судга юбориш, маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тартиби, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни кўришда талаб этиладиган ҳужжатларнинг номлари, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш, ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон тартибида судга юбориш, далиллар мақбуллиги мавзуларида семинар машғулотлари ўтказилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 19 март кунги “Ички ишлар органлари томонидан жиноят ишлари бўйича судларга кўриб чиқиш учун юбориладиган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни кўришда талаб этиладиган ҳужжатлар ва бу борада ягона суд амалиётини жорий этиш юзасидан чиқарилган “Қўшма кўрсатма”нинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам семинар ишитрокчилари ўзаро тажриба алмашди.

Бундан ташқари, семинарда Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят прокуратураси ва Сирдарё вилоят Ички ишлар бошқармасининг 2021 йил 31 январдаги “ Суднинг МЖтКнинг 278-моддаси тартибида юборилган ишлари бўйича қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш ва ва судга юбориш тартибини белгилаш тўғрисидаги “Қўшма кўрсатма”нинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз борди.

Семинар иштирокчиларига маърузачилар томонидан  “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг 2021 йил 29 сентябрдаги “Ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон шакллантириш, кўриб чиқиш ва ҳисобини юритиш тўғрисида»ги Қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Семинар якунида  ИИБ профилактика иснпекторлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судларга юборилишида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар  кўрсатилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Жавлон Жаббаров

Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси