Йўлларда хазон бўлаётган умрлар

Автомобиль эгаси бўлиш яхши албатта, бироқ ундан фойдаланиш, бошқариш ҳайдовчига муайян масъулият юклайди, ушбу масъулиятга панжа орасидан қараш эса, минг афсуски кимнидир мулкига, ҳаёти ва соғлиғига шикаст етказиш, айрим оилаларга эса ўрнини тўлдириб бўлмайдиган мусибат олиб келаётганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Биргина, жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди томонидан 2022 йил август ойида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (Жиноят кодекси 266-модда) билан боғлиқ 6 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, ушбу ишлардан 3 таси тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилган бўлса, 3 таси бўйича судланганларга жазо тайинланган айблов ҳукми чиқарилган.

Ачинарлиси, мазкур 3 та жиноят иши бўйича айбланувчилар умумий ҳисобда 4 нафар шахснинг ўлимига, шунингдек 1 нафар жабрланувчига енгил, 1 нафар жабрланувчига ўртача оғир шикаст етказилишига сабабчи бўлишган.

Ярашув асосида тугатилган ишлар бўйича айбланувчилар ўз ҳаракатлари оқибатини тушуниб етиб, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни тўлиқ қоплаб беришган.

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисмига мувофиқ, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида аниқлай олиши мумкин бўлган хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.

Мисол учун ҳайдовчи Н. 2022 йил 7 май куни соат 10.30 ларда ўзининг номига расмийлаштирилган “Нексия” русумли, автомашинасини Оқолтин тумани, Шодлик маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-373 автойўлининг 13 км.да Тошкент-Термиз йўналиши бўйлаб бошқариб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисми талабларини бузган ҳолда ҳаракатланиб, ўзи билан бир йўналишда, йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб турган А. исмли шахснинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.

Натижада автомашина ҳайдовчиси ва йўловчилари тан жароҳати олиб, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган йўловчига “соғлиқнинг қисқа муддатли бузилишига сабаб бўлган енгил шикаст”, автомашина ҳайдовчиси ва яна бир йўловчига “ўртача оғир шикаст” етказилганлиги аниқланган.

Шунингдек, транспорт-баҳолаш тадқиқоти бўйича мутахассис фикрига кўра, жабрланувчининг “Нексия” русумли автомашинасига 21.971.680 сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур иш бўйича айбланувчи айбига ихтиёрий иқрор бўлганлиги, қилмишининг оқибатини англаганлиги ва етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўриб, жабрланувчилар билан ярашувга эришганлиги муносабати билан иш ярашувга асосан тугатилди.

Бу каби мисолларни суд амалиётида кўплаб келтириш мумкин.

Жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, йўл-транспорт ҳодисаларини содир этилишига ҳайдовчилар томонидан “Йўл ҳаракатлари қоидалари”га риоя этмасликлари, аҳоли пунктларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдалар кесиб ўтиш жойларида қоида бузиш, светофор ёрдамида тартибга солинадиган чорраҳаларда светофор ишораларига буйсунмаслик, пиёдаларга, шу жумладан ёш болаларга эътиборсизликлари каби қоидабузарликлар сабаб бўлмоқда.

Мазкур тоифадаги жиноятларнинг содир этилишига яратилган шарт – шароитларни бартараф қилиш бўйича судлар томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБга хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилишига қарамасдан, ҳудудларда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари камаймаётганлиги ҳар бир шахсни хавотирга солади.

Аввало автомашина бошқараётган ҳайдовчи ўзига юклатилган масъулиятни чуқур хис қилиши, унинг биргина эътиборсизлиги ўзининг ва кимнидир оиласига фожеа, мусибат олиб келиши мумкинлигини англаши, “Йўл ҳаракати қоидалари”га оғишмай риоя этиши шарт.

Шундагина фуқароларимизнинг йўлларда умрлари хазон бўлишини, соғлиғи ва мулкига шикаст етказилишини олдини олишимиз мумкин бўлади.

  

               Хабибулло Сарманов

               Жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман судининг раиси