Искать:

Судьяда ҳам қалб бор. Аммо унинг раҳмдиллигига қонунлар чегара қўяди

Судьяларга жамиятдан тобора ортиб бораётган талаблар, уларнинг одил судловни амалга оширишнинг махсус миссиясини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг касбий вазифаларини бажаришда, кундалик ҳаётда, оилада, жамиятда ва ҳоказоларда хатти-ҳаракатлари қоидаларига юқори талаб қўяди. Судья кунига 24 соат ҳакам бўлиб қолади.

Сирдарё вилоят суди раиси А. Худойбердиев билан эксклюзив интервью

Маъмурий суд томонидан “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди

“Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича” Республика комиссияси кенгайтирилган йиғилишининг 2022 йил 4 апрелдаги 1-сонли Баёнига асосан Ўзбекистон Республикасидаги барча судларга “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя кқлиш ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилган. Шунга асосан Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судлари судьялари ва суд ходимлари томонидан 2022 йил 2-3 июль кунлари Сирдарё вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларида “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар билан сайёр учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси С.Рустамов ва Гулистон туманлараро маъмурий судининг судьяси С.Суванов ҳамда суд ходимлари томонидан Ширин шаҳридаги “Бунёдкор”, “М.Улуғбек”, “А.Темур” ва “Фарход” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳамда Ховос туманидаги “Оқчангал” ва “Чаманзор” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Хусусан, Ширин шаҳридаги 4 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 85 нафар ҳамда Ховос туманидаги 2 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 45 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга уларни қийнаётган муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, вилоят маъмурий суди судьяси М.Хайдаров ва суд ходимлари томонидан Гулистон туманидаги “Олтин водий”, Фурқат” ва “А.Яссавий” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 46 нафарига сайёр қабул жараёнида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Гулистон туманлараро маъмурий суди раиси Ҳ.Ёров ва суд ходимлари томонидан Сирдарё туманидаги “Оқ йўл”, “Интилиш” ва “Баҳор” маҳалла фуқаро йиғинларидаги “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларининг
40 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, Гулистон туманлараро маъмурий суди судьяси А.Бўриев ва суд ходимлари томонидан Сайхунобод туманидаги “Нурли-йўл”, “Гулистон”, “Шодлик” ва “Баҳмалсой” маҳалла фуқаро йиғинларидаги “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларининг 90 нафар сайёр қабул жараёнида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жами ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган хотин-қизлар 301 тани ташкил этиб, шундан 25 та 1 ва 2-гуруҳ ногиронларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, сайёр қабул жараёнида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг аксарияти ишсизлик, уй-жой масаласида, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ажратилиши ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан муаммолари мавжудлигини маълум қилишди. Сайёр қабул жараёнида, вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, айримларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, қонуний ҳал қилиш учун тегишли ташкилотларга юборилди. Вилоят ва туманлараро маъмурий судлар томонидан Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳарларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

 

  Собир  Рустамов 

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси     

Иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб 985 та даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан Келиб тушган даъво аризаларининг 2 тасини қабул қилиш рад этилган,
63 та даъво аризалари эса қайтарилган. 660 та даъво аризаларига асосан қўзғатилган иқтисодий ишлар мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 526 таси қаноатлантирилган, 32 таси рад этилган, 90 таси кўрмасдан қолдирилган, 12 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 260 та ишлар ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.

Шу каби ва Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 29 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар манфаатида иқтисодий судларга мурожаат қилишда юзага келаётган мавжуд муаммолар, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган тўсиқлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар” мавзусида вилоят ҳудудида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда иштирок этган вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов, вилоят суди судьялари А.Сувонқулов, Ҳ.Мамарасулов ва Э.Соибназаровлар ҳамда Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Набиевлар томонидан тадбир иштирокчиларининг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар ва таклифлари тингланди. Хусусан, олтита оғзаки мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Тадбир давомида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

Мухтасар қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини амалда таъминланишига эришиш, иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали Савдо-саноат палатасининг аъзолари ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларга ҳуқуқий ёрдам бериш, охир-оқибатда уларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

Адашганларга имкон берилди

Янгиер шаҳри «Наврўзобод»  маҳалласи биносида Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.  Унда Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жами тўққиз нафар махкум тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш хақидаги тақдимномалари тўпланган хужжатлар билан биргаликда кўриб чиқилди.  Сайёр суд мажлисида Янгиер шаҳар прокурори ёрдамчиси  ҳамда Янгиер шаҳар ИИБ пробация гуруҳи катта инспекторининг Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномасини қаноатлантириш хақидаги фикрлари эшитилиб, махкумлар тингланди. Уларнинг шахси инобатга олиниб, шунингдек Жиноят Кодексининг 73-моддасида белгиланган жазо муддатини хақиқатда ўташганлиги инобатга олиниб, Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномаларини қаноатлантириш хақида ажримлар чиқарилди.

Ажримга кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан тўққиз нафар махкумлар ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоларини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Шунингдек ўтказилган суд жараёнида назорат остидаги шахсларларга  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жазонинг ўталмаган қисмида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда  жавобгарлик масаласи тушунтирилди.

Жамшид Хайдаров

жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси

Қарздорлик судгача бориб етганида

Сир эмаски, давлат бюджети учун коммунал тўловларнинг аҳамияти солиқ ва бошқа йиғимлардан кам эмас. Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган табиий ресурслар учун тўловларнинг ўз вақтида тўланмаслиги масъул давлат муассасаларининг қарздорликни суд тартибида мажбурий ундириш юзасидан даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилишлари учун асос ҳисобланади.

   Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Сирдарё вилоят туманлараро иқтисодий судларига табиий газ, электр энергияси ҳамда сув таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан жами 136 та даъво ариза (ариза)лар келиб тушган бўлиб, шундан 6 та даъво ариза (ариза)лар қайтарилган. Жами 117 та даъво ариза (ариза)лар иш юритишга қабул қилиниб, шундан 83 та даъво ариза (ариза)лар қаноатлантирилган, 2 та даъво ариза (ариза)ларни қаноатлантириш рад этилган, 5 та даъво ариза (ариза)лар эса кўрмасдан қолдирилган.

   Мазкур тоифадаги даъво аризалари (аризалар)ни иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларга киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 21 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Коммунал ташкилотлар томонидан даъво ариза (ариза)ларни судларга тайёрлаш, тақдим этиш ҳамда ишларни кўришда юзага келаётган мавжуд муамммолар, ҳужжатларни судларга тайёрлашда маъсул бўлган ходимлар томонидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш” мавзусида “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг ҳудудий корхоналари, “Сирдарё сув таъминот” МЧЖ, “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали ҳамда Савдо-саноат палатасининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раиси ва вилоят судининг судьялари томонидан судлов ҳайъати томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра коммунал қарздорликларни ундириш бўйича қабул қилиш рад этилган, қайтарилган, кўрмасдан қолдирилган ва рад этилган даъволар бўйича суд амалиётида маъсул ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар алоҳида таъкидлаб ўтилиб, юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди. Шу билан бирга тадбир қатнашчиларнинг мавзу юзасидан таклифлари ва фикрлари тингланди.    

Қисқа қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан мақсад, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга табиий газ, электр энергияси ҳамда сув таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан даъво ариза (ариза)ларни киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали мутасадди ташкилотлар ҳамда истеъмолчи ҳисобланган юридик ва жисмоний шахсларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

Кредит қарздорлик ва қарзни ундиришнинг бир-биридан фарқи борми?

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ҳозирги кунда қарз муносабатларининг энг кўп тарқалган қисми тилхат асосида амалга ошириб келинмоқда, бу яхши албатта. Бироқ шартноманинг нотариал шаклда расмийлаштирилиши тарафлар ўртасида келгусида турли хил келишмовчиликларни олди олиниши учун хизмат қилади. Чунки, нотариус томонидан мазкур шартноманинг бажариш шартлари ва бажармаслик оқибатлари, мажбуриятларни бажариш тартиби аниқ белгилаб берилади.

Қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган шартномада кўрсатилган фоизларни тўлаш баробарида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича банк фоизини ҳам талаб қилиш учун асос бўлади.

Мисол:  даъвогар фуқаро судга жавобгар фуқарога нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, 6.000.000 сўм қарзни ҳамда қарз мажбурияти ўз вақтида бажарилмаганлиги туфайли банк фоизини ундиришни сўраган.

Иш ҳолатларига кўра, жавобгар фуқаро томонидан 2016 йил                         2 октябрда ёзилган тилхатда у даъвогар фуқародан 6.000.000 сўм қарз олганлиги, қарзни бир ой муддатда қайтариб бериши кўрсатилган.

Бироқ, жавобгар қарзни шартномада кўрсатилган муддатда қайтармаганлиги оқибатида даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра даъво қаноатлантирилган ҳамда тегишли қарз суммаси ва банк фоизи ундирилиши белгиланган.

Яна амалиётда шундай ҳолатлар учрайдики, бу ҳозирги кунда аҳоли орасида одатий ҳолатга айланмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, автомашинани тасарруф этиш билан боғлиқ муносабатлар тарафлар ўртасида тузилган нотариал тасдиқланган шартномалар билан тартибга солинади ҳамда албатта ИИБ ЙХҲБда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Шу сабабли нотариал тарзда тасдиқланмаган битим ҳақиқий ҳисобланмайди.

Алоҳида қайд этишни лозим ҳисоблардим, агарда мана шу муносабатларда пул олиниб, бу ҳолатни тасдиқловчи тилхат мавжуд бўлса, бу муносабатга қарз эмас, балки Фуқаролик кодексига мувофиқ асоссиз бойлик орттиришга оид нормалар татбиқ этилади.

Қарз шартномасини расмийлаштириш жараёнида тилхат ёки қарз шартномасини қарз олувчининг ўзи имзолаши лозим. Тилхат ёки қарз шартномаси мавжуд бўлмаганлиги асоси билан қарзни ундиришни талаб қилиш фуқаролар ўртасида турли норозиликларга ва оворагарчиликларга сабаб бўлади.

Шу сабабли албатта қарз бериш жараёнида қарз олувчидан тилхат талаб қилиш ёки қарз шартномасини расмийлаштириш жоиз бўлади.

Суд амалиётида қарзни ундириш ҳақидаги талаблар бўйича қарз олувчилар томонидан қарзни қайтарилганлиги важи билан қарзни қайтармаслик ҳолатлари кўплаб учрайди.

Шуни алоҳида эътиборга олиш лозимки, қарз олувчи томонидан муайян суммадаги қарз мажбуриятини бажарилганлиги ҳолати бўйича қарз берувчидан тилхат олиш ёки ўзи ёзган тилхатни талаб қилиши лозим. Чунки, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозимлиги туфайли қарз қайтарилганлигини гувоҳлар кўрсатмаси билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Бугунги кунда иқтисодиётимизни мақсадли кредитларсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта олинган маблағ мақсадсиз ишлаштилиши шартномани бекор қилишга олиб келиши мумкин.

ФКнинг 744-моддасига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Шу ўринда қарз шартномаси ва кредит шартномаси ўртасидаги фарққа изоҳ берсак, қарз фуқаролар ёки юридик шахслар ўртасидаги муносабат бўлса, кредит эса банк ёки кредит ташкилоти томонидан ажратиладиган қарз ҳисобланади ҳамда албатта муайян фоиз ҳисобида берилади, қарз шартномаси фоизсиз ҳам берилиши мумкин.

Кредит шартномаси албатта ёзма шаклда тузилиши лозим, унинг ёзма шаклига риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Одатда шартномада

нима мақсадда пул маблағи ажратилаётганлиги,

шартноманинг амал қилиш муддати,

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари,

тўлов жадвали, низоларни ҳал этиш тартиби назарда тутилади.

Кредит шартномаси бўйича қўшимча қарз олувчи ҳамда кафиллик қарз олувчи билан бир хил солидар жавобгар ҳисобланишади.

Бундан ташқари кредит шартномаси бўйича қарз мажбуриятларини кафолати сифатида гаров шартномаси асосида муайян мулклар гаровга қўйилиши мумкин, бу нарса кредитни мақсадидан келиб чиқади.

Мазкур ҳолатда кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш гаровга қўювчининг мулкига қаратилиши мумкин бўлади. Бунда гаровга қўювчи кредит шартномаси бўйича фақатгина гаров мулки билангина жавобгар бўлиб ҳисобланади.

Кредит шартномасидаги тўловни белгиланган жадвал (график) асосида қайтариш ҳамда мақсадли ишлатиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Акс ҳолда кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинишига сабаб бўлади.

Мисол тариқасида Банк ташкилоти судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар фуқарога нисбатан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарзи ва фоизларинини ундиришни, ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.

Иш ҳолати бўйича тарафлар ўртасида кредит шартномаси расмийлаштирилган, унинг шартларига кўра қарз олувчи шартнома бўйича ҳар ойнинг 25 санасида тўловларни график бўйича амалга ошириш мажбуриятини олган, бироқ график бўйича тўловларни 3 ой кечиктирган.

Шартнома шартига кўра, тўлов графиги бўйича тўловларни 2 ой кечиктирилиши шартномани муддатидан олдин бекор қилиш учун сабаб бўлади.

Мазкур ҳолатда суд шартнома шартлари қарздор томонидан бузилганлиги туфайли даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Қолаверса, шуни унутмаслик лозимки кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришдан ташқари даъво қаноатлантирилган ҳолатларда талаб суммасига мутаносиб миқдорда жавобгардан давлат фойдасига давлат божи ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ПЛЕНУМИнинг 2020 йил                  28 апрелдаги “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 08-сонли қарорининг 13-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони қоидаларини инобатга олган ҳолда, агар 2020 йил            1 октябрга қадар бўлган давр мобайнида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ишларни кўришда қарздор томонидан кредит бўйича тўловлар карантиннинг амал қилиш даврида молиявий қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли кечиктирилганлиги ва шу сабабли қарздор кечиктириш ҳуқуқига эга эканлиги аниқланса, банк томонидан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилиши лозим. Бундай қарор жорий этилган карантин режими қарздорларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатганлиги аниқланиб, қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига жарима санкцияларини ундириш ва ундирувни гаров таъминотига қаратиш тўғрисидаги даъволар бўйича ҳам қабул қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, қарз берувчи ва қарз олувчи асрлар давомида амалда бўлиб келган миллий урф-одатларимизга, амалдаги қонун талабларига риоя қилсалар, фуқаролар ўртасида турли низолар келиб чиқишига, ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади.

Матлюба Умматқулова

Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

Фарзандларини онасига бергиси келмаган ота

«Муомаласига қараб мен ҳам муомала қиламан: инжиқ, ҳарактери бўлмағур… ‘набород’ болаларга ёмон таъсирини ўтказаяпти бу аёл!» — Сирдарёда 4 нафар фарзанди бўлган 22 йилллик оила ярашди.

 

Сирдарё тумани ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Сирдарё вилояти маъмурий суди апелация инстанциясининг 2022 йил 1 февралдаги қарори билан, аризачи “SAYXUN GULZORLARI” фермер хўжалигининг аризаси қаноатлантирилиб, Сирдарё тумани ҳокимининг 2019 йил 16 январдаги 141-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.  Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 30 мартдаги қарори билан Сирдарё вилоят маъмурий суди апелация инстанциясининг 2022 йил 1 февралдаги қарори ўзгаришсиз, “IZDIYOD KLASTER” кўп тармоқли фермер хўжалигининг кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги инобатга олинган.

Перейти к содержимому