Искать:

Суд чинакам адолат қўрғонига айланиши йўлида яна бир қадам

Сўнгги йилларида мамлакатимизда фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мумтаҳкамлаш, уни янада мустақил ва адолатли суд ҳокимияти даражасига кўтариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, у мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат марказидаги, асосий масалалардан бирига айланди.  Буни  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-11-сонли  фармонини  фикримиз исботи сифатида мисол қилиб кўрсатсак бўлади. Фармонда  2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар кўрсатиб берилди. Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида, 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:

«Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.

Шунингдек,  суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълум  қилиб ўтилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ушбу фармоннинг аҳамиятли томони шундаки, унда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб ўтилганлиги жуда аҳамиятлидир. Унга кўра, эндиликда судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш, судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш тартиблари жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармон фуқаролар ва юридик шахсларни ҳуқуқлари ва қонун билан қуриқланадиган манфаатларини тиклаш учун судларга мурожаат қилишда бир мунча қулайликлар яратибгина қолмасдан уларни судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришишда, суд ҳокимиятини чинакам адолат қўрғонига айланиши йўлида ҳуқуқий ҳужжат сифатида хизмат қилади.

Рамиз САПАРОВ 

фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг раиси

Республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш амалиёти жорий этилади, дейди жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг раиси Мирғани Мирзохидов

Бугун фуқаролар нафақат суддан адолат излаши балки судда адолат борлигига ишониши ҳам керак

Куни кеча жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг биносида Сирдарё вилоят маъмурий суди ҳамда  вилоят судлари томонидан ўтган 2022 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти буйича ОАВ, журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари,  ахборот хизматлари ходимлари иштирокида брифинг  ўтказилди. Унда фаъолият тахлилидан ташқари журналист ва блогерларни қизиқтирган қатор саволларга ҳам жавоб берилди.

Брифинг аввалида Сирдарё вилоят судининг раиси Азамжон Худойбердиев – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонларининг амалиётга тадбиқ этилиши натижасида “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили ҳам судлар фаолиятига асосий мезон ҳисобланади. Бу эса фуқароларни нафақат суддан адолат излаши балки судда адолат борлигига ишониши учун ҳам асос бўлиб хизмат қилиши аниқ. Бугунги брифингда ҳам мазкур Фармонларга асосан эндиликда судларда қандай ўзгаришлар, янгиликлар бўлиши билан биргаликда Сирдарё вилоят фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари ҳамда вилоят маъмурий суди томонидан  2022 йилда одил судловни амалга ошириш борасида бажарилган ишлар  юзасидан ахборот беришни мақсад қилдик, дея алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг,  брифингда  маърузалар асосидаги маълумотлар судлов ҳайъати раислари ва вилоят маъмурий суди раиси томонидан матбуот учун очиқланди.

Жумладан Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобошер Қурбонов томонидан берилган маълумотларга асосан

Вилоят ва туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йил давомида жами 2 050 нафар шахсга нисбатан 1 545 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 291 нафар шахс ёки 16,6 фоизга кўпайган.

Мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларининг 1 755 нафар шахсга нисбатан 1 287 таси бўйича ҳукм, шу жумладан
нафар шахсга нисбатан 2  та иш бўйича оқлов, 1 734 нафар шахсга нисбатан 1 273 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган бўлса, 281 нафар шахсга нисбатан 246 та иш ҳаракатдан тугатилган, 6 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган, 8  нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши дастлабки терговга қайтарилган.

Шунингдек, 2022 йилда жиноят судлари томонидан жами 255 нафар шахсга нисбатан 235 та жиноят иши ёки жами кўриб тамомланган ишларнинг 15,2 фоизи томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган бўлса, жами 41.296.585.736 сўмлик зарарни қоплаган 310 нафар шахсга ёки жами кўриб тамомланган ишларнинг 15,2 фоизига нисбатан қонуннинг жазони либераллаштириш билан боғлиқ нормалари қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Мазкур даврда жами 256 нафар шахс, шу жумладан биринчи инстанция судлари томонидан 226 нафар шахс, юқори инстанция судлари томонидан 30 нафар шахс қамоқдан озод қилинган.

Ўтган йил жиноят судлари томонидан жами
15 та иш бўйича 21 нафар шахс оқланган бўлиб, биринчи босқичида жами 2 та иш бўйича 7 нафар шахс оқланган. Юқори инстанция судлари томонидан 13 та иш бўйича 14 нафар шахс оқланган.

Ўтган йил кўрилган жиноят ишлари таҳлил қилинганда, бир қатор жиноий қилмишлар содир этганлиги учун шу жумладан, Жинсий эркинликка қарши жиноятлар (ЖКнинг 118, 119-моддалари) ва Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖКнинг 167-моддаси) билан боғлиқ жиноий қилмишлари учун судланган шахслар камайган бўлсада:

Қасддан одам ўлдириш (ЖКнинг 97-моддаси) 7 нафар шахсга ёки 77,8 фоизга;

Қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖКнинг 104-105-моддалари) 47 нафар шахсга ёки 64,4 фоизга;

Талончилик (ЖКнинг 166-моддаси) 3 нафар шахсга ёки 20,0 фоизга;

Порахўрлик (ЖКнинг 210-212-м) 43 нафар шахсга ёки 106,9 фоизга;

Ўғрилик (ЖКнинг 169-моддаси) 35 нафар шахсга ёки 18,6 фоизга кўпайган, дея матбуот учун маълумотларни очиқлади Б.Қурбонов.

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ва туманлараро судлари томонидан 2022 йил давомида
17 588 та фуқаролик ишлари  кўриб тамомланган бўлиб, тамомланган фуқаролик ишлари тоифасига кўра таҳлил қилинганда:

  • никоҳдан ажратиш ҳақида 1719 та фуқаролик иши кўриб тамомланган (1107 та қаноатлантирилган, 389 та рад қилинган, 70 та кўрмасдан қолдирилган, 153 та тугатилган) бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 192 та ёки 12,6 фоизга кўпайган;
  • кредит шартномасига оид 9813 та фуқаролик иши кўриб тамомланган (8396 та қаноатлантирилган, 99 та рад қилинган, 1303 та кўрмасдан қолдирилган, 15 та тугатилган) бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 3142 та ёки 47,1 фоизга кўпайган;
  • солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги даъволар 1149 та фуқаролик иши кўриб тамомланган (1043 та қаноатлантирилган,
    21 та рад қилинган, 83 та кўрмасдан қолдирилган, 2 та тугатилган) бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 910 та ёки 380,1 фоизга кўпайган;
  • қарз ундириш ҳақида 691 (349) та фуқаролик иши кўриб тамомланган (570 та қаноатлантирилган, 23 та рад қилинган, 76 та кўрмасдан қолдирилган, 22 та тугатилган) бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан тамомланган ишлар 342 та ёки 97,9 фоизга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги қаноатлантирилган даъво аризалар туман-шаҳар кесимида таҳлил қилинганда Гулистон, Мирзаобод, Сардоба, Оқолтин, Янгиер, Сирдарё, Сайхунобод туманлари ҳамда Гулистон ва Ширин шаҳарларида сезиларли даражада кўпайган, деди Г.Олимова ўз маърузасида.

Брифингда сўз олган Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Акмал Рахимовнинг маълумотларига кўра 2022 йилнинг 12 ойи давомида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларининг иш юритувига ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ишлар билан бирга 10 648 та иқтисодий ишлар келиб тушган, келиб тушган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3629 тага ёки 36,8 фоизга кўпайган. Кўриб тамомланган жами 9519 та иқтисодий ишлардан 8553 таси қаноатлантирилган, 595 таси рад қилинган, 280 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 91 таси бўйича иш юритишдан тугатилган, шундан 26 таси тарафларнинг ўзаро тузилган келишув битимларига асосан иш юритишдан тугатилган. Иқтисодий судлар томонидан ишларнинг кўриш натижасига кўра, жами 560 та тадбиркорлик субъектлари фойдасига 84 214 720 000 сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.  Хусусий тадбиркорлик субъектларининг 87 та даъво аризалари рад этилган, 85 таси кўрмасдан қолдирилган, 18 та даъво аризалар юзасидан иш юритиш тугатилган.  Даъвогар манфаатида хусусий тадбиркорлик субъектлар иштирокида кўрилган иқтисодий ишлар таҳлилига кўра кўрилган ишларнинг аксарияти маҳсулот етказиб бериш, контрактация шартномалари ва ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномалари юзасидан келиб чиққан низоларни ташкил этган.  Туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2022 йил давомида жами 293 та хўжалик юритувчи субъектлар банкрот деб эътироф этилган, шундан 228 та ёки 77,8 фоиз хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестридан чиқарилган, банкрот деб эътироф этилган 65 та хўжалик юритувчи субъектлар бўйича суд тугатувчилари томонидан тугатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сирдарё вилоят маъмурий судлари томонидан ўтган 2022 йил давомидаги ишлар ҳам вилоят маъмурий суднинг раиси А.Ахмедов томонидан очиқланди. Унга кўра 2022 йил давомида вилоят маъмурий судлари томонидан биринчи инстанцияда жами 889 та маъмурий иш ва материаллар кўриб тамомланган бўлиб, шундан, 570 тасини маъмурий ишлар, 319 тасини материаллар ташкил этади. 2022 йилда 2021 йилга нисбатан маъмурий ишларни кўрилиши 70,7 фоизга ошган. Суд муҳокамаси жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишига йўл қўймаслик ҳақида 185 та хусусий ажримлар чиқарилган. 2022 йил давомида биринчи инстанция суди томонидан жами 570 та кўриб тамомланган маъмурий ишларнинг 187 таси ёки 32,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Брифинг давомида  ОАВ вакиллари ва судлов ҳайъати раисларининг ўзаро савол-жавобларида судлар томонидан ўтган йилда кўрилган ишлар тахлили билан бир қаторда янги Фармонларнинг амалиётдаги ижросига қаратилган таклиф ва мулоҳазалар борасида ҳам ўзаро фикр алмашилди. Брифинг якунлангач, жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди биносига пресс-тур ташкил этилди. Очиқ суд мажлисида иштирок этган ОАВ вакиллари суд мажлисида ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш жараёнлари, тарафларга яратилган шароитлар билан ҳам бевосита танишди.

 

Сирдарё вилоят судининг матбуот хизмати

 

Перейти к содержимому