Қидирув:

Коррупцияга барҳам бериш тараққиёт гарови

Коррупция ҳодисаси ва коррупциявий ҳуқуқбузарлик ҳақида фуқароларимизда муайян тушунча мавжуд бўлса-да, бироқ ушбу иллатга қарши курашиш ҳар доим ҳам кутилган самарасини бермасдан, коррупцион омилларга батамом барҳам берилмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Қонун ҳужжатларига кўра коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса сифатида баҳоланади.

Юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди, шу жумладан, ўрта истиқболга мўлжалланган қарор ва янги таҳрирда қонун қабул қилинди.

Президентимизнинг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармони бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди деб айтсак муболаға бўлмайди.

Фармонда таъкидланишича, рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилаётганлиги билан бир қаторда, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Фармон билан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилиниб, унга кўра доимий равишда коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлигини аҳоли ва давлат хизматчилари онгига сингдириш, манфаатдор идора ва вазирликларга давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида шикоятларни электрон шаклда тақдим қилиш имкониятини яратиш каби вазифалар белгиланди.

Соҳаларда ахборот технологияларни кенг жорий этиш, инсон омилини камайтириш ва жамоатчилик назорати коррупцион омилларни олдини олишда энг самарали воситалар бўлиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро тажрибага назар ташласак, юридик адабиётлар ва таҳлилчиларнинг кузатувига кўра коррупцияни жиловлашнинг энг самарали усуллари сифатида бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиши, суд тизими мустақиллигини оширилиши, коррупцион жиноятларни тергов қилишда ҳамкорликдан бош тортганлик учун жуда катта молиявий санкцияларнинг белгиланиши, давлат хизматчисининг ахлоқ стандартларига риоя қилинишини қаттиқ назорат қилиниши санаб ўтилган.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятининг юқори бўлиши, ҳукумат давлат харажатлари бўйича аҳолига ўз вақтида ва холис ҳисобот бериши, сўз эркинлигини таъминланиши, давлат амалдорларининг ҳалоллиги алоҳида назорат қилиб борилиши, давлат мансабдорлари ва хусусий секторни назорат қилувчи мустақил ва самарали ишлайдиган суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ноқонуний бойлик орттириш, пора олиш, таниш-билишчилик орқали иш битириш каби салбий иллатларга нисбатан аҳолининг ўзида муросасиз муносабатнинг шаклланганлиги каби факторлар аксарият Европа давлатларини жаҳондаги энг кам коррупциялашган давлатлар қаторига қўшган.

Жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, соҳаларни рақамлаштириш ва жамоатчилик назоратини кенгроқ татбиқ этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларидан фойдаланиш албатта ўз самарасини бериб, коррупциявий омилларни бартараф этишга, фуқароларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиниши, уларнинг ҳаёт даражаси яхшиланишига, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига олиб келади деб ишонч билан айтиш мумкин.

 Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

Хабибулло Сарманов

Жиноят ишлари бўйича

 Оқолтин туман судининг раиси                                                    

Тадбиркорга «қанот» бўлиш керак, тўсиқ эмас…

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан навбатдаги сайёр қабул Сирдарё туманида бўлиб ўтди. Маълумки, вилоят судида ҳафтанинг ҳар жума куни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилинган ва бунда судьялар томонидан вилоят тадбиркорлари билан мулоқотлар, ўқув семинарлари ва қабуллар ўтказилади.

Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси каби қатор ташкилотлар билан имзоланган сайёр қабуллар жадвалига асосан бу ҳафтанинг жума кунида тумандаги тадбиркорлар «Сирдарё бизнес-акселератор» биносига таклиф этилди ва уларни ўйлантириб келаётган қатор масалалари ўрганилди.

Шунингдек, Сирдарё туманидаги кичик саноат зонасида ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бугун қатор масалаларга ечим излаётган тадбиркор Афруз Жияновнинг мурожаати ҳам эшитилиб, масала ҳудудга чиқилган холда ўрганилди.

Тадбиркор мурожаатнинг асосли эканлиги ўз тасдиғини топгач, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов томонидан тадбиркор фаъолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларга ечим топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва мутассаддиларга йўлланма хати юбориладиган бўлди.

Шунингдек, ўнга яқин тадбиркорларнинг оғзаки мурожаатлари қабул қилиниб, ишга оид ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Иқтисодий судлар билан хал бўладиган масалалар бўйича судга даъво аризаларини бериш тартиби ҳам тадбиркорларга тушунтириб ўтилди.

Бу каби сайёр қабуллар 2022 йилнинг 22 июль куни соат 10.00да Оқолтин туманида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Азиз Қудратов

Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Судлар фақатгина жиноятга жазо тайинловчи орган эмас

Сирдарё вилоят судларининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоят суди раиси А.Худойбердиев сўнгги йилларда суд тизимидаги ислоҳотлар ҳақида гапириб, бугун судларга фақатгина жиноятга жазо тайинловчи орган сифатида қаралмаслигини балки, бугунги суд тизими жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари билан ҳам курашаётгани, профилактика борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоят маъмурий судларининг 2022 йил январь-июнь ойларидаги фаолияти давомида Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда жами 461 та оммавий низо ва материаллар кўриб тамомланган. Жорий йил биринчи ярмида 2021 йилнинг ушбу даврига нисбатан оммавий низоларнинг кўрилиши 105 фоизга ошган. Иш тоифалари таҳлили шуни кўрсатдики, 285 та оммавий низодан, аксарият қисми, яъни 216 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш, 46 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органини мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф, деб топиш ҳақидаги ишларга тўғри келган. Маъмурий судлар томонидан ўтган давр давомида 137 та, яъни 2021 йилнинг биринчи ярмида қаноатлантирилган 43 та маъмурий ишга нисбатан 94 тага кўп бўлган иш қаноатлантирилган, ярим йилда ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 3,2 баробарга кўп фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 6 ойда жами 1 032 нафар шахсга нисбатан 784 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган жиноят ишларини 2021 йилнинг 6 ойи билан таққосланганида 24,5 фоизга ошган.

Мазкур даврда судланган шахсларнинг жами 321 нафари ёки 38,3 фоизини ёшлар, 75 нафари ёки 8,9 фоизини аёллар, 17 нафари ёки 2,0 фоизини вояга етмаганлар ташкил этмоқда.

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судлари томонидан 1-ярим йиллик давомида ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ишлар билан бирга жами 11 167 та фуқаролик иши келиб кўрилган. Унинг 9 455 (5366) таси тамомланган. Ишлар сони ўтган йил билан солиштирилганда, 76,2 фоизга кўпайган. Тамомланган ишлардан 7788 таси қаноатлантирилган, 373 таси рад қилинган, 146 таси иш юритишдан тугатилган, 1148 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган.

2022 йилнинг 6 ойи давомида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларининг иш юритувига ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ишлар билан бирга 5000 та иқтисодий иш мавжуд эди. Иқтисодий ишлардан 2744 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Ярим йиллик фаолият таҳлилидан сўнг журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

                                                   Сирдарё вилоят судининг матбуот хизмати

Аёл дардини аёл тушунади

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро суди томонидан туманнинг Фурқат маҳалласида »Аёллар дафтари» рўйхатидаги тўққиз нафар хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Хусусан, банклардан кредит олиш, мерос улушларини бўлиш, мулкка нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини белгилаш, ажримни расмийлаштириш ва алимент ундириш билан боғлиқ масалаларни ўзида ифодалаган оғзаки ва ёзма мурожаатлар аёл судьялар томонидан қабул қилиниб, ўрганиб чиқилди.  Шунингдек сайёр қабулга кела олмаган хотин-қизларнинг хонадонига борилиб, уларни ўйлантириб келаётган масалалар суҳбатлар баённомасига киритилди.

Тўғри, «Аёллар дафтари»даги хотин-қизларни ўйлантираётган барча мурожаатларга биргина суд томонидан ечим топилмаслиги мумкин, лекин ҳуқуқий тушунтириш бериш йўли билан ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги масалаларнинг кўпига ечим топса бўлади. Зеро ҳеч бир мурожаат бесабаб бўлмганидек қабуллар ҳам ўз натижаси билангина ҳаётий ва амалий ҳисобланади.

Шаҳноза Муҳамматқулова

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси 

 

Чақалоқ савдоси энг қабиҳ жиноятлардан биридир

Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди. Лекин жамиятда шундай инсонлар ҳам борки, арзимаган моддий манфаат йўлида ўз жигарбандини сотмоқчи бўлади. Яхшиямки, инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган мамлакатимизда шу каби жирканч савдога қўл урганларга нисбатан жазо қатъиян белгиланган. Кейинги йилларда чақалоқлар ва болалар савдоси сурункали равишда ортиб бораётгани эса барчамизни огоҳликка чорлайди.

Масалан 2021-2022 йиллар давомида Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 4 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, 5-нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу жараёнда чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган. Ачинарлиси воситачиларнинг айримлари тиббиёт вакиллари бўлиб чиқмоқда. Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан келиб чиқсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. Ҳомиладор бўлиб қолганини ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп.

Чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига аксарият ҳолларда боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўляпти. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги афсуски ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратяпти.

Сирдарё вилояти перинатал марказида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида ҳам судьялар ва Адлия бошқармаси мутахассислари томонидан юқоридаги маълумотлар ва таҳлиллар ҳақида алоҳида сўз юритилиб, тиббиёт ходимларига  профилактика мақсадида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек қонунчиликда чақалоқ савдоси билан шуғулланган ва воситачилик қилганларга нисбатан қўлланиладиган жазо турлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Зеро бу турдаги жиноятга қўл урган шахс учун суд томонидан берилган  ҳар қандай жазодан ҳам оғири бу жамиятнинг нафратидир.

 

Алишер Эргашев

Сирдарё вилоят судининг судьяси

Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди

Даъвогар Абдурахманов фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Абдурахманова билан ўрталаридаги никоҳдан ажратишни сўради. Судда маълум бўлишича, ушбу эр-хотин 2016 йил 22 август куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган ва биргаликдаги никоҳларидан  беш ёшли бир нафар фарзанди бор. Даъвогар эр жавобгар  хотини билан турмушининг бошидан яхши яшаганлиги, бироқ кейинчалик ўрталарида оилавий келишмовчиликлар келиб чиққанлиги сабабли икки йилдан буён бирга яшамасдан келишаётганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришни сўради. Унинг турмуш ўртоғи  ўзининг тушунтиришида даъвогар эри билан бир оила бўлиб яшаш нияти йўқлигини маълум қилиб, суддан ўртадаги қонуний никоҳдан ажратишни сўради. Суд тарафларнинг тушунтиришини тинглаб, иш ҳужжатларини атрофлича таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 16-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим. Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва
тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.
Суд юқоридаги Пленум қарори талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасини муҳокама қилиб, тарафларнинг бир нафар фарзанди борлиги, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида эканлигини, суд тарафларнинг ярашганликларини инобатга олиб даъвогарнинг жавобгарга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвосини рад этишни лозим деб топди. Яъни Даъвогар  Абдурахмановнинг жавобгар Абдурахмановага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантиришдан рад этилди.  Ҳал қилув қароридан норози тараф бир ой муддат ичида шу суд орқали Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришга  ҳақли эканлиги тушунтирилди. Лекин  олти йил бирга яшаган эру-хотин суддаги муҳокама ва қарордан тўғри хулоса чиқариб ажрашиш учун  судга яна даъво қилиб келмаса яхши бўларди.

Шаҳноза Муҳамматқулова

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманларо судининг судьяси

Халқ қабулхонасида фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё туманидаги Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди. Унда Халқ қабулхонасига келган фуқароларни ўйлантириб келаётган суд-ҳуқуқ билан боғлиқ масалалари ўрганилди.  Хусусан, Сирдарё тумани «Оқибат» маҳалласида яшовчи Ш.Раджабовнинг оилавий корхона сифатида фаолият юритаётган тадбиркорлик фаолияти бўйича электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузиш тартиби тўғрисидаги мурожаати ўрганилиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек «Дўстлик» маҳалласида яшовчи  Ю.Трофимованинг ички ишлар ходими қандай асосларда фуқародан шахсий ашёсини олиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги саволига ҳам жавоб берилди.  «Камолот» маҳалласида истиқомат қилувчи Д.Юнусованинг тўланмаган алимент пуллари шахсий даромадига киритилганлик ҳолатининг қонунийлиги юзасидан оғзаки мурожаатлари ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал қилинди.

 

Улуғбек Қурбонов

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Суд томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг масалалари ўрганилмоқда

Сирдарё вилоятида 3 та шаҳар, 7 та туман, жами 236 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 883.000 дан ортиқ аҳоли яшайди. Шулардан 14.911 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган. 2022 йил 1 июнь ҳолатига Сирдарё вилояти суди ва вилоят маъмурий суди судьялари томонидан 100 дан ортиқ хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари билан ўрганилди.

Хусусан, ушбу хотин-қизларнинг аксарият муаммолари иш, уй-жой билан таъминлаш ва субсидия ажратиш, дори-дармон сотиб олиш учун моддий ёрдам бериш, пенсияга чиқариш, кредит ажратиш, контракт тўловини тўлаш, оталикни белгилаш ва алимент ундириш, никоҳдан ажратиш, болани олиш ва фарзанди билан кўришиб туриш каби масалалар билан боғлиқлиги аниқланди.

Судьялар томонидан ушбу хотин-қизларга муаммоларини қонуний ҳал қилишда фақатгина уларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш бериш билан чекланмасдан мурожаатнинг тааллуқлиги бўйича “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг
25-моддасига асосан тегишли ташкилотга мазмунан ҳал қилиш учун юбориш йўли билан, судга тааллуқли қисми бўйича тегишли ҳужжатларни тўплашда ва судга тақдим этилишида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Дафтарга киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Сарагул  Намазбаева

Сирдарё вилоят суди

фуқаролик ишлари бўйича судьяси