Коррупцияга барҳам бериш тараққиёт гарови

Коррупция ҳодисаси ва коррупциявий ҳуқуқбузарлик ҳақида фуқароларимизда муайян тушунча мавжуд бўлса-да, бироқ ушбу иллатга қарши курашиш ҳар доим ҳам кутилган самарасини бермасдан, коррупцион омилларга батамом барҳам берилмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Қонун ҳужжатларига кўра коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса сифатида баҳоланади.

Юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди, шу жумладан, ўрта истиқболга мўлжалланган қарор ва янги таҳрирда қонун қабул қилинди.

Президентимизнинг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармони бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди деб айтсак муболаға бўлмайди.

Фармонда таъкидланишича, рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилаётганлиги билан бир қаторда, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Фармон билан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилиниб, унга кўра доимий равишда коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлигини аҳоли ва давлат хизматчилари онгига сингдириш, манфаатдор идора ва вазирликларга давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида шикоятларни электрон шаклда тақдим қилиш имкониятини яратиш каби вазифалар белгиланди.

Соҳаларда ахборот технологияларни кенг жорий этиш, инсон омилини камайтириш ва жамоатчилик назорати коррупцион омилларни олдини олишда энг самарали воситалар бўлиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро тажрибага назар ташласак, юридик адабиётлар ва таҳлилчиларнинг кузатувига кўра коррупцияни жиловлашнинг энг самарали усуллари сифатида бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиши, суд тизими мустақиллигини оширилиши, коррупцион жиноятларни тергов қилишда ҳамкорликдан бош тортганлик учун жуда катта молиявий санкцияларнинг белгиланиши, давлат хизматчисининг ахлоқ стандартларига риоя қилинишини қаттиқ назорат қилиниши санаб ўтилган.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятининг юқори бўлиши, ҳукумат давлат харажатлари бўйича аҳолига ўз вақтида ва холис ҳисобот бериши, сўз эркинлигини таъминланиши, давлат амалдорларининг ҳалоллиги алоҳида назорат қилиб борилиши, давлат мансабдорлари ва хусусий секторни назорат қилувчи мустақил ва самарали ишлайдиган суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ноқонуний бойлик орттириш, пора олиш, таниш-билишчилик орқали иш битириш каби салбий иллатларга нисбатан аҳолининг ўзида муросасиз муносабатнинг шаклланганлиги каби факторлар аксарият Европа давлатларини жаҳондаги энг кам коррупциялашган давлатлар қаторига қўшган.

Жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, соҳаларни рақамлаштириш ва жамоатчилик назоратини кенгроқ татбиқ этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларидан фойдаланиш албатта ўз самарасини бериб, коррупциявий омилларни бартараф этишга, фуқароларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиниши, уларнинг ҳаёт даражаси яхшиланишига, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига олиб келади деб ишонч билан айтиш мумкин.

 Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

Хабибулло Сарманов

Жиноят ишлари бўйича

 Оқолтин туман судининг раиси