Тадбиркорга «қанот» бўлиш керак, тўсиқ эмас…
Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан навбатдаги сайёр қабул Сирдарё туманида бўлиб ўтди. Маълумки, вилоят судида ҳафтанинг ҳар жума куни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилинган ва бунда судьялар томонидан вилоят тадбиркорлари билан мулоқотлар, ўқув семинарлари ва қабуллар ўтказилади.
Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси каби қатор ташкилотлар билан имзоланган сайёр қабуллар жадвалига асосан бу ҳафтанинг жума кунида тумандаги тадбиркорлар «Сирдарё бизнес-акселератор» биносига таклиф этилди ва уларни ўйлантириб келаётган қатор масалалари ўрганилди.
Шунингдек, Сирдарё туманидаги кичик саноат зонасида ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бугун қатор масалаларга ечим излаётган тадбиркор Афруз Жияновнинг мурожаати ҳам эшитилиб, масала ҳудудга чиқилган холда ўрганилди.
Тадбиркор мурожаатнинг асосли эканлиги ўз тасдиғини топгач, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов томонидан тадбиркор фаъолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларга ечим топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва мутассаддиларга йўлланма хати юбориладиган бўлди.
Шунингдек, ўнга яқин тадбиркорларнинг оғзаки мурожаатлари қабул қилиниб, ишга оид ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.
Иқтисодий судлар билан хал бўладиган масалалар бўйича судга даъво аризаларини бериш тартиби ҳам тадбиркорларга тушунтириб ўтилди.
Бу каби сайёр қабуллар 2022 йилнинг 22 июль куни соат 10.00да Оқолтин туманида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.