Почта алоқа бўлими томонидан суд чақирувлар тарафларга ўз вақтида етиб бораяптими?

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди ташаббуси билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Сирдарё вилоят бўлими ҳамкорликда ўтказилган семинарда “Почта алоқа бўлими томонидан суд чақирувлари тарафларга ўз вақтида етиб бораяптими” деган савол бош мавзу сифатида кўтарилди. Бугунги кунда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Почта алоқа бўлими билан самарали меҳнат қилиб келинмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинганлиги сабабли қоғоз шаклидан воз кечиб, почта алоқа бўлими ва унинг ҳудудий бўлимларига суднинг ҳал қилув  қарорлари, ажримлари ва суд чақирув хатлари электрон тартибда юборилмоқда. Мазкур суд чақирув хатларини ўз вақтида почта алоқа бўлими “хушхабарчи”си тарафларга етказиб, электрон тизимга чақирув хатини етказганлигининг белгисини тўлдиради.

 

Мазкур қоидалар Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ҳамда Ўзбекистон почтаси АЖ Сирдарё вилоят филиали ўртасида тузилган шартномада ўз аксини топган бўлиб, унга вилоят марказларига 2 кун, туман ва шаҳар марказларида 3 кун, бошқа аҳоли яшаш пунктларида 4 кун этиб белгиланган бўлиб, лекин ушбу шартнома шартлари бугунги кунда тўлиқ бажарилиши аҳволи қониқарли ҳолатда эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси 5-бандида  ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмаса, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа, ҳамда 6-бандида ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса даъво аризаси кўрмасдан қолдириш белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда ўз вақтида суд чақирувлари тарафларга етиб борса, улар томонидан ўз вақтида суд мажлисларида иштирок этиб, далилларини, эътирозларини суд жараёнида тушунтирса албатта адолатли ва қонуний суд қарорлар қабул қилинади. Натижада фуқароларнинг судга бўлган ишончи ортиб, уларнинг ортиқча апелляция ва кассация шикоятлари ёзилишлари, турли ташкилот ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёзма шикоят ва мурожаатларнинг олди олинади.

 

                                                                                   Камол Намазов

Фуқаролик ишлари бўйича

                                                                       Гулистон туманлараро суди раиси