Қидирув:

Мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-198-сонли  мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони эълон қилинди.  Мазкур фармон билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи бир қанча талаблар ва чекловлар бекор қилинди.

Хусусан, Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида: ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;

    Турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида: турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

   Жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида: мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

   Корпоратив муносабатлар соҳасида: давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно деб белгиланди.

Анвар Сувонқулов

Сирдарё вилоят судининг  судьяси

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судларга юбориш тартибига оид семинар ўтказилди

 

Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг ташаббуси билан Ховос тумани ИИБ биносида барча туман ИИБ шахсий таркиб ходимлари иштирокида семинар ўтказилди. Унда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тарафларнинг ярашуви муносабати билан судга юбориш, маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тартиби, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни кўришда талаб этиладиган ҳужжатларнинг номлари, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш, ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон тартибида судга юбориш, далиллар мақбуллиги мавзуларида семинар машғулотлари ўтказилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 19 март кунги “Ички ишлар органлари томонидан жиноят ишлари бўйича судларга кўриб чиқиш учун юбориладиган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни кўришда талаб этиладиган ҳужжатлар ва бу борада ягона суд амалиётини жорий этиш юзасидан чиқарилган “Қўшма кўрсатма”нинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам семинар ишитрокчилари ўзаро тажриба алмашди.

Бундан ташқари, семинарда Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят прокуратураси ва Сирдарё вилоят Ички ишлар бошқармасининг 2021 йил 31 январдаги “ Суднинг МЖтКнинг 278-моддаси тартибида юборилган ишлари бўйича қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш ва ва судга юбориш тартибини белгилаш тўғрисидаги “Қўшма кўрсатма”нинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз борди.

Семинар иштирокчиларига маърузачилар томонидан  “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг 2021 йил 29 сентябрдаги “Ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон шакллантириш, кўриб чиқиш ва ҳисобини юритиш тўғрисида»ги Қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Семинар якунида  ИИБ профилактика иснпекторлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судларга юборилишида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар  кўрсатилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Жавлон Жаббаров

Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси

Ҳал қилув қарори қачон ижро этилади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги 2021 йил 28 июлдаги 703-сонли қонуни имзоланди. Ушбу қонуннинг 10-моддасида “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишлиги” белгилаб қўйилган.

Фуқаролик ишлари буйича Гулистон туманлараро суди ташаббуси билан вилоят мажбурий ижро бюроси ва Гулистон шаҳар мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокидаги семинарда  суд хужжатларини ижросини таминлашдаги муаммолар ва ечимлар юзасидан сўз борди ва мазкур қонуннинг аҳамиятиҳақида сўз юритилди. Шунингдек, «Ижро тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида “Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суд ёки бошқа органдан ёхуд ундирувчидан (агар ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлса) ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шартлиги, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаришлиги назарда тутилган. Қонуннинг  24-моддасида эса “агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, ёхуд зарур ҳужжатларни уларга қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда расмийлаштириб ижро ҳужжатига илова қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилинмаган бўлса, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида қайтариб юборишлиги ҳам назарда тутилган. Ижро ҳужжатини қайтариб юбориш тўғрисидаги қарорда ушбу Қонуннинг 8-моддасида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қайси талаблар бузилганлиги кўрсатилишлиги, ижро ҳужжатининг йўл қўйилган нуқсонларни бартараф қилиш учун қайтариб юборилиши бундай нуқсонлар бартараф қилинганидан кейин ижро ҳужжатини давлат ижрочисига иккинчи марта умумий тартибда юбориш учун тўсқинлик қилмаслиги, суд ёки бошқа орган ижро ҳужжатида йўл қўйилган нуқсонларни қайтарилган ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида бартараф қилишлиги ва уни такроран давлат ижрочисига юборишлиги белгиланган.

Ўзаро фикр ва тажриба алмашишни мақсад қилган семинар ташкилотчилари мазкур қонун нормаларидан келиб чиқиб, бугунги кунда барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар суднинг ахборот тизимлари орқали электрон юбораётган ариза ва даъво аризаларга белгиланган тартибларга тўлиқ риоя қилган ҳолда маълумотларни тўғри ва аниқ киритишлиги, келгусида суд қарорларини сўзсиз ижро этилишлигига, ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлмасликка хизмат қилиб, фуқароларимизнинг судга бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилишини яна бир бора таъкидлади. Ҳамкорлик борасидаги бошқа масалалар ҳам семинар якунида ўзаро келишиб олинди.

Камол Намазов

фуқаролик ишлари бўйича Гулистон

туманлараро судининг раиси

 

Автомашинангизни эҳтиёт қилинг бўлмаса…

Сардобалик  Каримов  тумандаги кўп қаватли уй олдида қаровсиз қолдирилган, фуқаро Абдурахмоновага  тегишли бўлган оқ рангли, “NEXIA GLE” русумли автомашинани калити жойида қолдирилганлигидан фойдаланиб  олиб қочади. «Ўлжа»сини яшаш хонадонига олиб бориб, автомашинанинг захира ғилдираги ва автомашинага ўрнатилган 100 литр ҳажмли темир газ баллонини ечиб олиб  яшириб қўяди. Авто улови тўсатдан ғойиб бўлганидан хабар топган жабрланувчи эса зудлик билан ҳуқуқ тартибот органларига хабар қилади. Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида автомашинани ўғрлашда гумондор бўлган Каримовнинг яшаш хонадони  тинтув қилинади. Тинтув натижасида яшириб қўйилган «тойчоқ» Каримовнинг молхонасидан топилади. Ўтказилган транспорт баҳолаш экспертизасининг  хулосасига кўра “NEXIA GLE” русумли  автомашинага 38.296.000 сўм миқдорда моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Судланувчи Каримов суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тўла тасдиқлашини,  автомашина газ балони ва қўшимча баллонни ечиб олиб уйига яшириб қўйгани, қолган нарсаларини ечишга имкони бўлмагани, ечиб олинган нарсалар ўзига тегишли бўлган автомашинага тушмаслигини, харидор чиқса сотиб юбориши мумкинлигини, жабрланувчига етказилган зарар тўла қоплангани, қарамоғида оиласи ва вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб суддан  қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди. Лекин энди кеч бўлганди. Яъни судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил беш йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят ишидан нафақат судланувчи балки жабрланувчи ҳам тўғри хулоса чиқарди. Чунки шахсий автомашинасини қаровсиз ҳолда қолдириш ана шундай нохуш холатлар билан тугаши аниқ. Зеро халқимиз ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма, дея бежизга айтмаган. 

Зафаржон Расулов

Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг раиси

 

«Уддабурон» суғуртачига суд ҳукми ўқилди

   Сирдарё вилоятидаги суғурта ташкилотларидан бирида бўлинма раҳбари лавозимида туппа-тузук ишлаб келаётган Исмоил кўпгина мижозларнинг ишончига кирган, ҳамкасблари орасида ҳам ишдаги фаоллиги сабаб ҳурсатга эга эди.   Лекин у қўлига тушаётган жарақ-жарақ пулнинг ҳидига мас бўлдими, ё бошқа сабаб  олти ой давомида ўзининг моддий жавобгарлигига 970 дона суғурта полисларини олиб, мижоз сифатида мурожаат қилган 570 нафар мижозлар билан жамият номидан шартномалар тузиб ҳамда полисларни расмийлаштириб бериб, фуқаролар томонидан суғурта полислари учун тўланган жами 31.266.723 сўм миқдоридаги пул маблағларини қабул қилиб, мазкур нақд пул маблағларини филиалнинг ғазнасига ва банк муассасадаги ҳисоб рақамига топширмасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида судланувчи сифатида сўз олган “уддабурон” суғуртачи олинган суғурта полисларни мижозларга тарқатганлиги ва улардан келиб тушган маблағларни ойлик иш ҳақи ва суғурта мукофотини олмаганлиги учун филиал ҳисоб рақамига туширмасдан ўзининг ойлик иш ҳақиси сифатида ишлатганини маълум қилди. Шунингдек, аниқланган 31 миллиондан ортиқ пул маблағини атайлаб тўламаётганлиги қачонки, суғурта компаниясидан  ушбу пулларини олсагина  тўлаб беришини режалаштирган суғуртачи бу иши аслида қонунга хилоф эканлигини кеч бўлса-да, англаб етди.  Ҳозирги кунга келиб у ушбу аниқланган камомадни  яъни зарарни тўлиқ тўлаб берганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.

Суд суғуртачи Исмоилни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини  тайинлади. Шунингдек, бир йил муайян ҳуқуқдан, яъни тадбиркорлик субъекти ҳисобланмаган корхона, ташкилот ва муассасаларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Суғурта ташкилоти билан ўзаро олди-бердисини мижозларнинг суғурта пуллари билан алмаштирган ушбу суғурта ходимининг қилмиши автомашинасини суғурта қилдирмоқчи бўлган  фуқароларни ҳушёрликка чорлаши аниқ.

 

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон

шаҳар судининг судьяси

 

Навбаҳорлик аёлларнинг муаммолари ўрганилди

Боёвут туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш аёллар дафтаридан чиқарилишини таъминлаш мақсадида Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда  “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирок этиб,  ногиронлиги сабабли моддий ёрдам(субсидия) олиш, уй-жойни  расмийлаштириш, коммунал тўловлар, иш билан таъминлаш, уй-жойни таъмирлаш учун банкдан кредити олиш масалалари юзасидан мурожаатлари ўрганилди. Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар берилди. Натижада давра суҳбатида  иштирок этган 2 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун жой билан таъминлаш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал этилиб, ўз ечимини топадиган бўлди.

 

Бехзод Махмудов

                                                                       Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content