Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қандай ваколатлари бекор қилинди?

Мамлакатимизда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ер участкаларини қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, айниқса, суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил  8 июлда қабул қилинган 375-сон қарорига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатларини бекор қилинди:

1.Ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, захирага олиш, бириктириш, ободонлаштириш ва фойдаланишга бериш;

2.Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш;

3.Суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

4.Хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш;

Хусусан,  ер участкаларини ажратиш бўйича қуйидаги тартибни жорий этилади:

ер участкаларини хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни очиқ электрон танлов якунларига кўра фақат ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали сотиш;

кичик саноат зоналари ва ёшлар саноат зоналари ҳудудида ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ажратиш;

Ер муносабатларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатларни қўллашда турлича талқин қилиш, ер участкаларини ажратишда бюрократик тўсиқлар, таниш-билишчилик ва коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари учраётгани сабабли, ушбу муаммолар ер участкаларини ажратиш механизмини такомиллаштириш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш назоратни кучайтиришни тақозо этаётганлигини кўрсатмоқда.

Азиз Кудратов

Сирдарё туманлараро иқтисодий

судининг судьяси