Ердан оқилона ва мақсадли фойдаланиш ер эгасининг мажбуриятидир

Ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 7 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судлари томонидан ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича 30 та иқтисодий ишлар кўриб мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 13 таси қаноатлантирилган, 6 таси рад этилган ва 11 таси кўрмасдан қолдирилган.

Сирдарё вилояти туман ҳокимликлари томонидан ердан фойдаланувчилар билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномалари бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судларга даъво аризалари билан мурожаат қилишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида 2022 йил 11 август куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида туман ҳокимликлари вакиллари иштирокида амалий семинар ташкил этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда вилоят суди раиси А.Худойбердиев, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов, вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Д.Абдурахмонов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Саттаров ва Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Махмудовлар томонидан тадбир иштирокчиларига ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариш ва бекор бўлиши тартиби, ерга бўлган ҳуқуқни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди, шунингдек, ердан фойдаланувчилар билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаларини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаларини иқтисодий судларга тақдим этилишида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар тўғрисида тўхталиб ўтилиб, бундай даъво аризаларни Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ер кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларига қаътий риоя этган ҳолдаа тақдим этилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

 Бехзод Махмудов

Гулистон туманлараро

иқтисодий суди раиси