Умиднинг орзуси ушалди

Сирдарёлик 23 ёшли Умид фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб,  туғилганлиги факти белгилашни сўради. Суд мажлисидаги  тушунтиришида эса уни болалигида Мамировлар оиласи асраб олишганини  эшитганлигини, уларнинг хонадонида вояга етганлигини маълум қилди. Ота-онасининг  вафотидан сўнг эса  уларнинг ўғли Анвар Мамиров уни ўз қарамоғига олганлигини таъкидлаб,  шахсини тасдиқловчи  бирор бир ҳужжати йўқлигини судга маълум қилди. Бошланғич мактабга бориб, 4-синфгача ўқиганман,  ҳужжатим йўқлиги  сабабли мактабдан четлаштиришди,  кейин ҳеч қаерда ўқимадим. Энди  ҳужжатим йўқлиги сабабли  ҳеч қаерга ишга ҳам олишмаяпти. Менга туғилган жойим ва вақтини белгилаб,   фамилиямни Мамиров, исмимни Умид, ота исмимни эса  Алишер ўғли деб кўрсатиб беришларингизни сўрайман, дея даъво аризасини асослади Умид.

Шундан сўнг суд мажлисида Сирдарё туман «Хазина» маҳалла фуқаролар йиғинининг  раиси ҳам сўралди. Узоқ йиллардан буён ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи раис  Умидни  ўсмирлик вақтидан буён танишини, уни асраб олган  фуқаролар вафот этганликларини, бола шу маҳаллада ўсиб улғайганлигини, у Сирдарё туманида туғилганлигини, лекин ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини судга маълум қилди. Унинг кўрсатмаларини тўлдирган маҳалладошлари ҳам Умидни шу маҳаллада туғилиб ўсганини тасдиқлади.

Судда  Сирдарё туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси ҳам эшитилди. Яъни у  ўз тушунтиришида, Умидни туғилганлик ҳақидаги далолатномасини қайд эттириш учун етарли асослар бўлмаганлигини, уни туғилганлик тўғрисида тиббиёт маълумотномаси ёки уйда туғилганлиги тўғрисида  фельдшер ва гувоҳлар иштирокида тузилган далолатнома йўқлиги сабабли туғилганлигини қайд этиш имкони бўлмаганлигини, шу сабабли  туғилишни қайд этиш рад қилинганлигини маълум қилди.

Суд аризачи ва манфаатдор шахснинг тушунтиришларини тинглаб, гувоҳларнинг кўрсатувига, иш ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо бериб, аризани қаноатлантиришни лозим топди. Яъни суднинг қарори билан Мамиров Умид Алишер ўғлининг 1999 йил 26 июнь куни туғилганлиги факти белгиланди. Шунингдек, Сирдарё туман 2-сон ФҲДЁ бўлимига Мамиров Умид Алишер ўғлининг туғилганлик ҳақида далолатнома  ёзувини қайд қилиш мажбурияти юклатилди.

Шундай қилиб, судга даъвр аризаси билан келган Умиднинг  орзуси ушалди. Энди у фуқаро сифатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига эга бўлади.

 

Шаҳноза Муҳамматқулова
фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси