Қидирув:

Суд буйруғи қачон ўз кучини йўқотади?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 170-моддасига мувофиқ суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжати бўлиб, ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.

Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

Мазкур қонун талабларини яна бир тушунтириш, келгусида фуқароларга нисбатан судларга ариза бериб, уларни ортиқча сансалорчиликка, оворагарчиликка йўл қўймаслик мақсадида Сирдарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди судьялари ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман ва шаҳар давлат солиқ инспекциясининг маъсул ходимлари, шунингдек вилоят газ, сум электр корхоналарининг ҳуқуқшунослари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.

Барчамизки маълумки 2022 йил 16 октябргача аҳоли томонидан ер ва мулк солиғи тўлашнинг охирги куни ҳисобланиб, мазкур муддатдан сўнг аҳолининг ер ва мулк солиқларидан мавжуд қарздорликларини ундириш юзасидан судларга аризалар ва даъво аризалар киритилиши кутилмоқда.

Ушбу аризаларнинг бугунги кунда асослилиги, қонунийлиги ва ишончлилиги эканлигига, қарздорликларнинг реаллиги, албатта қарздорларнинг ушбу қарздорлигини тан олганлиги ҳақида солиштирма далолатнома, уларга ўз вақтида юборилгшан тулов хабарномаси ҳамда огохлантириш хатлари бўлиши лозимлиги семинарнинг бош мавзусига айланди.

Ушбу талаблар Ўзбекистон Рекспубликаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлиб, келгусида давлат солиқ инспекцияси ҳамда коммунал корхоналарнинг қарздорликларни ундириш ҳақидаги аризалардан қарздорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмаслиги лозим.

Солиқ кодексининг 27-моддасида солиқ органининг мажбуриятлари белгилаб берилган бўлиб, унга кўра солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши, ушбу Кодексга мувофиқ солиқ қарзи суммасини сўзсиз ундириши лозимлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Солик кодексининг 120-моддасида “солиқ қарзи белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда бу қарзни ундириш ушбу бобда назарда тутилган тартибда амалга оширилишлиги”, 123-моддасида эса “солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилишлиги белгиланган”.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ўзтрансгаз АЖ, Ўзбекэнерго АЖ ҳамкорлигида 2019 йилнинг 1 апрелида Қўшма топшириқ имзоланган бўлиб, унда ҳам солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундирилишида ўзаро ҳамкорликни яхшилаш ҳамда суд буйруғи бериш тўғрисида электрон судлов тизими орқали юбориш механизми белгилаб олинган.

Бунда талабнинг низосизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, хусусан ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр, арз қилинган талабни тасдиқловчи ташкилот, корхона ва муассаса раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган маълумотнома ҳамда ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган таққослаш далолатномаси, қарздорнинг қарзини тўлаши ҳақида огоҳлантирилганлиги ҳақида ҳужжат илова қилиниши, солиқдан қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробаридан ошганида, солиқ қарзининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаридан оз бўлган, бироқ тўлаш муддати тугаганидан кейин бир йил ичида тўланмаган тақдирда суд буйруғи бериш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиш йўлга қўйилган.

Мазкур ўрганишларда ҳудудий туман ва шаҳар ДСИ раҳбарлари, ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, ходимлар процессуал  қонун талабларига риоя этмасдан аризаларни судларга тақдим этишда, аризаларнинг сифатлилигига, Кодекс талабларига жавоб беришлигига эътибор қаратмаслиги оқибатида аризаларни қайтарилишига ва солиқ қарзларини ундириш чоралари асоссиз кечиктирилишига, солиқ тушумларини ўз вақтида тушмаслигига, тўлов интизоми бузилишига, энг асосийси барча ташкилотларда ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлишлиги кузатилмоқда.

Шунингдек, суд томонидан ҳам аризалар қаноатлантирилган ҳолларда, кейинчалик қарздорларнинг солиқ инспекцияси ва коммунал корхоналар билан тузилган солиштирма далолатномаларда қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақидаги далолатномалар билан уларнинг берган эътирозномаларига мувофиқ суд буйруқлари бекор қилинмоқда.

Семинарда яна бир Кодекс ва қонунларга, белгиланган тартибларга риоя қилиш солиқ қарзларини суд орқали ундиришнинг аниқ механизмларидан фойдаланган ҳолда аризалар киритилишлиги, Сирдарё вилоят “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Сирдарё вилоят “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси ҳамда Сирдарё вилоят “Сувтаъминот” МЧЖ масъул ходимларининг масъулиятини ва касб маҳоратини ошириш, коммунал қарздорликларни ундиришнинг аниқ механизмларидан тўғри фойдаланиш, уларнинг касбий билимларини ошириш юзасидан чора-тадбирлар ишлашлиги лозимлиги тушунтирилди.

 

Камол Намазов

Фуқаролик ишлари бўйича

Гулистон туманлараро судининг раиси

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиз

Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан  Гулистон Давлат Университети талабалар иштирокида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Унда судьялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳақида талабаларга  тушунчалар берилиб,  давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриши зарурлиги таъкидланди. Айниқса таълим даргоҳларида  коррупцияга қарши курашиш сохасидаги ҳуқуқий саводхонликни, жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, давра иштирокчиларига Университетда ички назорат, коррупцион ҳуқуқбузарликлар ва бошқа қонунга зид ҳаракатлар, ўқитувчи ва талабаларга мансаб ёки хизмат вазифасидан шахсий манфаатларини  кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиш қонун ҳужжатларига зидлиги, ўзлари ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид хуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик мавжудлиги тушунтириб ўтилди.

Беҳзод Махмудов  

                     Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси

Судга мурожаат қилиш тартибини биласизми?

Хўш, судга мурожаат қилиш учун қандай ҳаракатларни амалга ошириш лозим деб ўйлайсиз? Аввало, талаб ёки мурожаат қайси судга ёки бошқа ваколатли органга  тегишли эканлигини аниқлаш ҳамда ариза ёки даъво ариза матнини белгиланган тартибда тайёрлаш, шунингдек унга илова қилиш учун арзингизни исботловчи ҳужжатларни тайёрлаш, судга   ариза берганлик учун тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлаш ва тўлаш ва шундан сўнггина ариза(даъво ариза)ни топшириш лозим бўлади.

Фуқаролик процессуал кодексининг меъёрларига кўра фуқаролик иши якка тартибда ёки ҳайъатда кўриб чиқилади.  Фуқаролик ишини юритишда процессуал ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг мақоми ўзига хос хусусиятга эга, суд иштирокчилари иш юритишнинг турлари бўйича қуйидагича тавсифланади.

-даъво тартибида юритиладиган ишларда- даъвогар ва жавобгар;

буйруқ тартибидаги ишларда– ундирувчи ва қарздор;

алоҳида тартибда юритиладиган ишларда- аризачи ва манфаатдор;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни юритишда аризачи ва манфаатдор шахс;

чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судлари(арбитражлари)нинг  ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларда-ундирувчи ва қарздор.

Мурожаатчи ариза(даъво ариза)ни тайёрлаш жараёнида тарафларнинг ушбу тавсифларини билиши ва тўғри қўллаши муҳим ҳисобланади.

Булардан ташқари, тарафлар(даъвогар ва жавобгар) суд  жараёнида процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланадилар.

Даъвогар  билдирилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга,  қўшимча талаблар тақдим этишга, даъво талабларининг миқдорини оширишга ёки камайтиришга, улардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли бўлса, ўз навбатида жавобгар даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олишга, қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида ишни келишув битими  тузиш ёки биринчи инстанция судида суд алоҳида хона(маслаҳатхона)га суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар медиатив келишув тузиш орқали тугатишга ҳақлидир. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онги юксалиши тарафлар ўртасида низолар келиб чиқишининг олди олинишига, келиб чиққан низоларнинг эса ўз вақтида бартараф этилиши ва муносиб ечим топилишига хизмат қилади.

                                                        Матлюба Умматқулова  

                                                                    Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

                                 

 

Умиднинг орзуси ушалди

Сирдарёлик 23 ёшли Умид фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб,  туғилганлиги факти белгилашни сўради. Суд мажлисидаги  тушунтиришида эса уни болалигида Мамировлар оиласи асраб олишганини  эшитганлигини, уларнинг хонадонида вояга етганлигини маълум қилди. Ота-онасининг  вафотидан сўнг эса  уларнинг ўғли Анвар Мамиров уни ўз қарамоғига олганлигини таъкидлаб,  шахсини тасдиқловчи  бирор бир ҳужжати йўқлигини судга маълум қилди. Бошланғич мактабга бориб, 4-синфгача ўқиганман,  ҳужжатим йўқлиги  сабабли мактабдан четлаштиришди,  кейин ҳеч қаерда ўқимадим. Энди  ҳужжатим йўқлиги сабабли  ҳеч қаерга ишга ҳам олишмаяпти. Менга туғилган жойим ва вақтини белгилаб,   фамилиямни Мамиров, исмимни Умид, ота исмимни эса  Алишер ўғли деб кўрсатиб беришларингизни сўрайман, дея даъво аризасини асослади Умид.

Шундан сўнг суд мажлисида Сирдарё туман «Хазина» маҳалла фуқаролар йиғинининг  раиси ҳам сўралди. Узоқ йиллардан буён ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи раис  Умидни  ўсмирлик вақтидан буён танишини, уни асраб олган  фуқаролар вафот этганликларини, бола шу маҳаллада ўсиб улғайганлигини, у Сирдарё туманида туғилганлигини, лекин ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини судга маълум қилди. Унинг кўрсатмаларини тўлдирган маҳалладошлари ҳам Умидни шу маҳаллада туғилиб ўсганини тасдиқлади.

Судда  Сирдарё туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси ҳам эшитилди. Яъни у  ўз тушунтиришида, Умидни туғилганлик ҳақидаги далолатномасини қайд эттириш учун етарли асослар бўлмаганлигини, уни туғилганлик тўғрисида тиббиёт маълумотномаси ёки уйда туғилганлиги тўғрисида  фельдшер ва гувоҳлар иштирокида тузилган далолатнома йўқлиги сабабли туғилганлигини қайд этиш имкони бўлмаганлигини, шу сабабли  туғилишни қайд этиш рад қилинганлигини маълум қилди.

Суд аризачи ва манфаатдор шахснинг тушунтиришларини тинглаб, гувоҳларнинг кўрсатувига, иш ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо бериб, аризани қаноатлантиришни лозим топди. Яъни суднинг қарори билан Мамиров Умид Алишер ўғлининг 1999 йил 26 июнь куни туғилганлиги факти белгиланди. Шунингдек, Сирдарё туман 2-сон ФҲДЁ бўлимига Мамиров Умид Алишер ўғлининг туғилганлик ҳақида далолатнома  ёзувини қайд қилиш мажбурияти юклатилди.

Шундай қилиб, судга даъвр аризаси билан келган Умиднинг  орзуси ушалди. Энди у фуқаро сифатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига эга бўлади.

 

Шаҳноза Муҳамматқулова
фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси

Ахборотни яширсангиз у душманга айланади

Судьялар олий кенгаши ва Сирдарё вилоят суди ҳамкорлигидаги семинар «Судьялар фаолиятини ОАВда ёритишнинг самарали услублари» мавзусини ўзида ифодалади. Маърузалар, расмий нутқлардан холи ўтган тадбирда судьялар журналист ва блогерлар билан мулоқот қилди. Яъни судьяларга матбуот, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш қанчалик муҳим, деган савол ўртага ташланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров томонидан судга оид хабар, суд очерки ёки репортажни ёритишда судьялар нималарга эътибор қаратилиши билан боғлиқ тавсиялар ҳам бериб ўтилди.

 

Амалиётдан келиб чиққан ҳолда ўзаро тажриба алмашиш машғулотларида эса фото мухбир ва блогерларнинг тавсияларига қулоқ тутилди. Шу ўринда статистик маълумотларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Сирдарё вилоят судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан йил бошида тасдиқланган «Медиа-режа»га асосан  810 маротаба ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиботлар ўтказилган. Шундан марказий ва маҳаллий газета ва журнал, веб-сайт, телеграм каналларда эълон қилинган материалларнинг аксарияти судьялар муаллифлигида  чоп этилган бўлиб, «тренд»га чиққан суд лавҳалари аҳолининг муҳокамаларига ҳам сабаб бўлган. Демак, бугун Сирдарё вилоятидаги фаолият олиб бораётган судьялар ОАВ, ижтимоий тармоқларда оммага нимани айтишни, етказишни яхши билади. Мазкур семинарда эса матбуот билан ҳамкорликнинг янгича услублари, ижтимоий тармоқларнинг янги турларида шахсий аккаунларни яратиш орқали судга нисбатан аҳолидаги ижобий фикрни юзага чиқара олиш масаласи ҳам ўзаро мулоқотга мавзу бўлди. Ўзаро ҳамкорлик борасидаги таклифларга асосан семинар иштирокчилари судья ўз фаолиятни ёритишда очиқлик ва шаффофлик принципларига  амал қилиши самарали услуб эканлиги тан олинди.

Семинар якунида суд фаолиятини ёритишдаги фаоллиги ва ОАВ орқали  ҳуқуқий тарғиботларда  самарали иш олиб боргани учун бир гуруҳ судьяларга  вилоят суди раисининг ташаккурномаси топширилди.  

 

Музаффар Омонов

жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси

 

 

Уй сотиб олдим, лекин…

   Яхши ният билан хонадон сотиб олсангизу, унга бошқа фуқаро ноқонуний равишда эгалик қилса, бу йиллар мобайнида пул жамғарган инсонга алам қилар экан. Оқолтинлик Зарифжон Остонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яқинда ана шундай холатга дучор бўлди. У тумандаги “Саҳоват” МФЙ ҳудудидан фуқаро Икром Сатторовдан унга тегишли бўлган хонадонларнинг бирини қонуний равишда олди-сотди шартномасига асосан сотиб олди. Лекин ушбу хонадонда шу пайтгача истиқомат қилиб келаётган жавобгар Гулбарчин Отаева мазкур уйни бўшатишдан бош тортди. Яъни мазкур уйда унинг ҳам ҳаққи борлигини, шу вақтгача уйни таъмирлаб, яшаб келаётганини важ қилди. Қўлида уйни сотиб олганлиги ҳақидаги қонуний ҳужжатлари бўлса-да, кўчиб кира олмаётган Зарифжон фуқаролик ишлари бўйича  Оқолтин туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди ва  ўзига тегишли бўлган хонадондан жавобгар Гулбарчин Отаевани мажбурий тартибда чиқаришни суддан сўради.
Ўтказилган очиқ суд мажлиси фуқаро Зарифжон Остоновнинг даъво аризаси қонуний равишда  кўриб чиқиб, ФПКнинг 249-253-моддаларига кўра, жавобгар Гулбарчин Отаевани даъвогарга тегишли бўлган Оқолтин туман, “Саҳоват” маҳалласида жойлашган хонадондан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди. Шу тариқа суднинг тегишли қарори билан уй ўз эгасига насиб қиладиган бўлди.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                Рамиз САПАРОВ

Фуқаролик ишлари бўйича 

Оқолтин туманлараро суди раиси

Хотин-қизларни ўйлантираётган муаммолар – бу ечими йўқ масала эмас

  Сирдарё туманининг «Пахтакор» ва «Баҳор» маҳалласи ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан мулоқотимиз давомида ана шундай хулосага келдик. Чунки мазкур икки маҳалладаги аёллар бугун ҳуқуқий саводохонликдан ташқари ўз ҳунарига ҳам эга. Фақатгина уларга тўғри йўлни кўрсатиб, янги иш бошлашига, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишида қўллаб-қувватлашга, ишончга муҳтож. Тўғри, бугун ушбу маҳаллаларнинг юздан ортиқ ҳунарли хотин-қизлари яшаш хонадонида тадбиркорлик, касаначиликни йўлга қўйган. Лекин ёш боласи бор ёки туғруқ таътилидаги аёлларга кимнингдир далдаси, ишончи керак. Масалан сайёр қабулимиз давомида «Аёллар дафтари»да турувчи хотин-қизлардан аксарияти боқувчисини йўқотгани, оилада вояга етмаган ёки ногиронлиги бор фарзандлари билан ўз тадбиркорлигини бошлашга қийналиб турганини баён қилди. Шунингдек, турмуш ўртоғи билан расман ажрашган аёллар томонидан алимент пулларини ўз вақтида ололмаётганлари  ёки собиқ турмуш ўртоғи билан ўртадаги  уй-жойини тўғри тақсимланишида низоларга дуч келаётгани ҳақидаги  мурожаатлар ҳам аёллар томонидан суҳбат баённомаларига киритилди. Яна маҳалла аёллари банкдан имтиёзли кредитларни олишда ҳам бир оз сарсонгарчиликка учраётганини маълум қилишди. Чунки қўлингизда пулингиз бўлмаса қандай иш бошлаш мумкин, агар банкдан кредит олсак эди, ўз ишимизни бошлаб, маҳалладош аёлларни ҳам банд қилган бўлар эдик, дея бизнес режалари ҳақида фикр алмашди маҳалла аёллари.  Шу каби қатор мурожаатлар суҳбат баённомаларига киритилар экан, тегишлилиги бўйича сектор раҳбарлари ва масъулларга назорат учун юборилишига келишиб олинди.

Демак, бугун маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари  билан ҳамкорликда ишламас эканмиз, хотин-қизларни ўйлантириб келаётган моддий ёрдам билан боғлиқ масалаларга  қисқа фурсатларда ечим топилар экан. Зеро, хотин-қизларни ўйлантираётган муаммолар – бу ечими йўқ масала эмас. Шунчаки, улар билан самимий мулоқот бўлса кифоя.

Шаҳноза Муҳамматқулова

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси

Нега кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди?

Сирдарёлик Даврон  «Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиалига нисбатан кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси билан  мурожаат қилди. Чунки Даврон  таниши Лазиза билан банк ўртасида тузилган кафиллик шартномасидаги имзоларни  тан олмади. Яъни  унинг имзолари сохталаштирилганлигини, мазкур ҳолат Гулистон шаҳар ИИБ ТБ катта терговчисининг қарори билан ўз исботини топганлиги, бу масалада экспертиза тайинланганлиги, натижада имзоси сохта эканлиги аниқланганлигини судга маълум қилди.

Буни қарангки,  «Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиали вакили  ва кафиллик шартномаси тузилган тарафлар  суд мажлисига келмади. Судда қатнашмаслигига асос бўлувчи   сабабларини ҳам маълум қилмади. Шу сабабли суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 220-моддасига асосан ишни мазкур шахсларнинг иштирокисиз кўришни лозим топди.

Суд ишда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, фуқаролик иш ҳужжатларини таҳлил қилиб, далилларга хуқуқий баҳо бериб, қўйидаги хулосага келди. Яъни  Даврон ва унинг таниши билан«Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиали  ўртасида  тузилган 2176-сонли кафиллик шартномаси қонун талабларига зид равишда битим тарафи бўлмаган шахс томонидан имзоланган.

Суд юқоридаги қонун талаблари ва аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, қарор қабул қилди. Яъни Давроннинг  даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2176-сонли кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди. Шунингдек, имзони сохталаштирган Давроннинг танишидан  600.000 сўм давлат божи ва 21.000 сўм почта харажатлари ундириладиган бўлди.

Шундай қилиб, танишига ишониб, кафил бўламан, деб ваъда берган Давроннинг банк билан келиб чиққан низоси суд орқали хал бўлди.

Шароф Мўминов

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси

Статистика-баҳолашнинг муҳим омили

Статистик кўрсаткичлар – бу иқтисодий судларнинг, қолаверса, ҳар бир судья ва суд ходимининг иш фаолиятини баҳолашнинг муҳим омилидир.

Бу кўрсаткичларни мунтазам равишда таҳлил этиш ва умумлаштириш иқтисодий судлар фаолияти самарадорлигини оширишда, шунингдек унга юклатилган масъулиятли вазифаларни бажаришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳусусан, Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг
саккиз ойи мобайнида жами 5130 та ишлар кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишлар бўйича  даъвогарлар фойдасига 352 млрд. 409 млн. 310 минг сўм ундириш бўйича суд қарорлари чиқарилган, шу жумладан иқтисодий судлар томонидан ишларни кўриб чиқишда дастлаб 1 млрд. 645 млн. сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, суд қарорлари билан Республика бюджетига 16 млрд. 551 млн. 830 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланган. 2021 йилнинг шу даврида эса 3798 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган бўлиб, даъвогарлар фойдасига 302 млрд. 975 млн. 420 минг сўм қарз, шу жумладан иқтисодий судлар томонидан ишларни кўриб чиқишда дастлаб 1 млрд. 095 млн. сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, суд қарорлари билан Республика бюджетига 10 млрд. 420 млн. 580 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланган. Ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 43 тани (2021 йилнинг шу даврида 42 та) ташкил этган.

Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида 12 та иқтисодий ишлар буйича шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган 14 нафар масъул мансабдор шахслардан ундирилиши лозим бўлган 4 млн 110 минг сўм жарима тўлиқ ундирилган, 27 та иш буйича моддий жавобгарликка тортилган 35 нафар масъул мансабдор шахслардан 41 млн 960 минг сўм етказилган моддий зарардан 27 млн 440 минг сўми хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларидан ундириб олиниши таъминланди. Хўжалик ишларини ҳал этиш жараёнида аникланган қонунбузишликлар ва камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан 17 та хусусий ажрим, 100 та тақдимномалар қабул қилиниб тегишли идораларга юборилган ва улар томонидан кўриб чиқилиб тегишли чоралар кўрилган.

Жорий йилнинг саккиз ойида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан кўриб чиқилиб тамомланган жами 5130 та иқтисодий ишлардан 3581 таси ёки 69,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Оммавий ахборот воситалари орқали жами 612 та чиқишлар қилинган ва мақолалар чоп этилган. Шундан телевидения дастурларида 35 та, радиоэфир орқали узатилган эшиттиришларда 53 та, газеталарда 42 та, журналларда 15 та ва веб-сайтларда 122 тани ташкил этган.

Вилоят ҳудудидаги қишлоқ фуқоролар йиғинларида, ўқув муассасаларда, корхона ва ташкилотларда жами 345 та маъруза ва давра суҳбатлари  ҳамда семинарлар ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига қонун ва қонуности ҳуқуқий ҳужжатлар, Олий суд Пленум қарорларига 79 та таклиф ва мулоҳазалар юборилган.

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларда айникса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар, дехқон-фермерлар, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмокда.

Хусусан, жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, деҳқон фермерларнинг манфаатида жами 522 та ишлар кўриб чиқилиб ҳал этилган бўлиб, ҳал этилган ишлар бўйича 59 млрд. 219 млн. 580 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Даъвогар манфаатида хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилган иқтисодий ишлар таҳлилига кўра кўрилган ишларнинг аксарияти маҳсулот етказиб бериш, контрактация шартномалари ва ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномалари юзасидан келиб чиққан низоларни ташкил этган.

Судлар фаолиятига илғор ахборот технология дастурлари, замонавий аудио видео қайд этиш, масофадан туриб судда иштирок этиш имкониятини берувчи технологиялар жорий этилган бўлиб, ҳозирда бошқа вилоятларда жойлашган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низолар бўйича суд мажлислари бевосита видеоконференцалоқа режимида ўтказилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг мазкур даврида жами 77 та иқтисодий ишлар бўйича суд мажлислари видеоконференция алоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, бу билан хўжалик юритувчи субъектларининг 22 971 360 сўм миқдордаги маблағлари тежалишига сабаб бўлинган.

Шунингдек, чет-эл инвестори ҳисобланган хорижий корхоналар иштирокида 82 та иқтисодий иш кўриб тамомланган, ўтган йилга нисбатан тамомланган ишлар 67 тага ёки 81,7 фоизга кўпайган. Бундан ташқари, ҳисобот даврида чет-эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар (қўшма корхона) иштирокида 62 та иқтисодий иш кўриб тамомланган.

 

Улуғбек Шерқўзиев

Сирдарё вилоят судининг

        мутахассиси   

Skip to content