Энди давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди
Сир эмаски, ижтимоий муносабатлар ривожланиши билан уларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари нормаларини янгилашни ёки ўзгартирилишини тақозо этади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинишини заруратини ҳам ушбу табиий ҳодисага қиёс қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади (ЎРҚ-798-сонли). 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланган. Давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳаси март ойида сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Ўшанда сенаторлар 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслигини таъкидлаганди.
Янги таҳрирда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланган:
меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;
меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;
меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;
меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;
ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.
Хусусан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.
Шунингдек, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Мазкур тоифага қуйидагилар киради:
14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;
“Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;
Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
ногиронлиги бўлган шахслар;
пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
одам савдосидан жабрланганлар.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кун (2022 йил 29 октябрь)дан эътиборан 6 ой ўтгач, яъни 2023 йилнинг 30 апрель санасидан бошлаб кучга киради. Қонун кучга кириши билан унинг аввалги талқини ўз кучини йўқотади.
Элёрбек Соибназаров
Сирдарё вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси