Қидирув:

Қарз муносабатни бузди

Сирдарёлик Мухтор, Баҳтиёр ва Рустам бир маҳаллада катта бўлган йигитлар эди. Улар пул топиш мақсадида  мусофирчиликда юрган кезлари бир-бирига кўмак бериб, оғир кунда ёнма-ён бўлиб синовдан ўтган дўстликка ҳам эришган эди. Лекин ўртага  240.000 рубль миқдоридаги пул аралашди-ю, ўзаро ишончга дарз кетди. Яъни Мухтор  фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, дўстлари ундан пул олишганида  қарзни икки ой ичида қайтариб бериши керак эканлиги, мазкур ҳолат Сирдарё тумани ИИБнинг  жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан ўз исботини топганлиги, қисман қарзларини қайтарганлиги, ҳозирга қадар 5.500.000 сўм қарзини қайтармасдан келаётганлигини баён қилиб, қарз ва суд харажатларини ундиришни  суддан сўради. Судда  аниқланишича, жавобгарлар  даъвогардан  6.500.000 сўм миқдорида қарзни 2022 йил 5 августга қадар қайтариш шарти билан олган. Мазкур ҳолат жавобгарлар томонидан  имзоланган тилхат асосида ўз исботини топди. Шунингдек, Сирдарё тумани ИИБнинг жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан тарафлар ўртасида қарз шартномаси тузилганлиги ва қарз бугунги кунга қадар қайтариб берилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасининг 1-қисмига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Ушбу Кодекснинг 733-моддаси    3-қисмига асосан агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Ушбу Кодекснинг 735-моддасига асосан қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Юқоридаги қонун талаблари ва суд мажлиси жараёнида аниқланган ҳолатларга кўра, суд даъво талаби ва жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани муҳокама қилиб, қарз мажбурияти бўйича муддат янгиланганлигини, қарз ҳозирга қадар қайтарилмаганлигини инобатга олиб, даъво муддатини қўллашни рад этишни, даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантиришни лозим топди. Яъни жавобгарлардан даъвогар  фойдасига 6.500.000 сўм қарзни ундириш ҳақида қарор қабул қилди.
Шунингдек, суд давлат божи масаласини муҳокама қилиб, даъвогар томонидан судга мурожаат қилишда тўланган 300.000 сўм давлат божи ва 21.000 сўм почта харажатларини жавобгардан даъвогар фойдасига ундиришни ҳам лозим топди.
Ўз вақтида тўланмаган қарз билан боғлиқ низога суд орқали ана шундай ечим топилди. Яъни дўстлар ўртасидаги олди-берди муносабатларни биргина қарз бузиб юборди, ўзаро ишончга ҳам дарз кетишигиа сабаб бўлди. 

Шароф Мўминов

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг  судьяси 

Кўр-кўрни қоронғуда топди

Асли жиззахлик бўлган Вохид Оқолтин туманидаги  хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси лавозимида дуппа-дуруст ишлаб келаётган эди. Лекин нафснинг найранги уни ўз домига торта бошлади. Буни қарангки, икки маротаба судланиб ҳам ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини тушуниб етмаган бу йигит уч нафар фарзандига халол луқма едиришни бир маротаба бўлса ҳам ўйлаб кўрмади.   Ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида ваколатини суиистеъмол қилиб, пудратчи ва буюртмачи ўртасида тузилган пудрат шартномаси шартларини бажармай туриб, пул ишлаб олмоқчи бўлди. Яъни пудрат шартномасида кўрсатилган  Оқолтин тумани, “Аҳиллик” маҳалласи, Туркистон кўчасида жойлашган
олтита  кўп қаватли уйларда 2019 йил “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун АТБ “Халқ банки” Оқолтин филиали томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 490.000.000 сўм пул маблағларини пудратчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилишига эришиб, МЧЖ раҳбари Баҳодир билан олдиндан тил бириктириб, ишларининг бажарилганлиги ҳақидаги олтита “Бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисоботлар”га (Форма-2) ва “Бажарилган ишлар ҳажми тўғрисидаги далолатнома”ларга (Форма-5) ҳамда  мазкур  уйларни таъмирлаш ишларига жами 181.761.821 сўмлик аслида бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилди. Шу ўринда унга ҳамтовоқлик қилган Баҳодир ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Қашқадарё вилоятида туғилган бўлишига қарамай, Тошкент шаҳрида ўзининг жиноий ишларини муқаддам ҳам содир қилиб, икки маротаба судланиб чиққан. Бошидан ўтказган саргузаштларидан тўғри хулоса чиқармаган бу шоввоз  Вохиднинг  қинғир режасига сценарий ёзиб берди. Кўр-кўрни қоронғуда топди, деганларидек, кетмони учган бу икки шоввоз Оқолтиндаги кўп қаватли уйларни амалда эмас қоғозда таъмирлайди ва кредит маблағини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборади. Оқибатда 2019 йил “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун АТБ “Халқ банк” Оқолтин филиали томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 490.000.000 сўм пул маблағларини пудратчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилишига эришиб, ишларининг бажарилганлиги ҳақидаги ҳисоботларига жами 181.761.821 сўмлик аслида бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинади. Энг қизиғи, суд мажлисида сўроқ қилинган бу икки шерик ҳужжатларни сохталаштиришда кимнинг айби кўпроқ эканлигини исботлашга уринди. Бу билан улар ўзларини оқлаш учун йўл қидирди холос. Лекин суд гувоҳларнинг кўрсатувлари, ўтказилган текшириш ва назорат ишларига оид далолатномалар ҳамда ишдаги мавжуд далиллар билан бир қаторда жиноят туфайли етказилган зарарлар тўла қопланганини инобатга олиб, жазо тайинлади. Яъни Вохидга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан  узил-кесил икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда
уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Унинг шериги Баҳодирга эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан узил-кесил, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Энг муҳими бу икки судланувчи томонидан жиноят туфайли етказилган зарарлар тўла қопланди. Хулоса қилиб айтилганда, кўр-кўрни қоронғуда топгани қимматга тушадиган бўлди.

 

Зафаржон Расулов

Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг раиси

 

 

 

 

Вилоят судида бир кун

Сирдарё вилоят суди ва Сирдарё вилояти юридик техникуми ҳамкорликда талабаларнинг суд амалиёти бўйича кўникмасини ошириш мақсадида уларнинг иштирокида  вилоят суди биносида намунали суд мажлиси ўтказилди.

Намунали суд мажлиси фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Журабаевнинг раислигида ўтказилиб, талабалар суд процессида раислик этувчи судьянинг суд мажлисини олиб бориш тартибини  бевосита кузатиш имконига эга бўлди. Шунингдек,  суд мажлиси котибининг вазифалари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда суд мажлисини ўтказишнинг процессуал тартиби билан талабалар яқиндан таништирилди.

Судья А.Журабаев томонидан талабаларга фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш тартиби, E-XSUD электрон дастур билан ишлаш, аризаларни иш юритишга қабул қилиш ва қўзғатиш масаласини ҳал этиш, ишни судда кўришга тайёрлаш ва суд мажлисида кўришга тайинлашнинг процессуал тартиби билан  ҳам таништириб ўтилди.

 

Анвар Жўрабоев

Сирдарё вилоят судининг судьяси

Янги таҳрирдаги меҳнат Кодексида хизмат текшируви тушунчасига таъриф берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2022 йил 28 октябрь куни янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси имзоланди.

Ушбу қонун ҳужжати 2022 йил 29 октябрь куни расмий матбуотда эълон қилинди.

Эътиборли томони, Ўзбекистон Республикасининг меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги Қонуннинг 5-моддасига кўра, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Амалдаги Меҳнат кодекси ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида қандай янгиликлар, ўзгаришлар бор?

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2 та (Умумий, махсус) қисм, 7 та бўлим, 34 та боб, 581 та моддадан иборат.

Солиштириш учун амалдаги Меҳнат кодекси 2 та (Умумий, махсус) қисм, 16 та боб, 294 та моддадан иборат.

Яъни, фақатгина моддалар сонининг ўзигина 287 тага кўп.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида халқаро меҳнат тўғрисидаги  конвенциялари ва тавсияларига асосланган ҳуқуқий ечимлар ўз аксини топган.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2-бўлими 6 та боби меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка бағишланган.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 34-моддада меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тушунчасига қуйидагича таъриф берилган.

Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик ўз вакиллари тимсолида ходимлар, иш берувчилар, уларнинг вакиллари, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими бўлиб, бу тизим якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масалалари юзасидан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилган бўлади.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 6-бўлими ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш деб номланади.

Ушбу бўлим умумий қоидалар, ишлаб чиқариш таълим шартномаси, ишни таълим билан бирга олиб борувчи ходимлар учун кафолатлар ва компенсациялар деб номланган 3 та боб (367-387-моддалар)ни ўз ичига олган.

Хусусан, ушбу бўлимда 384-модда. Олий таълим ташкилотларига ўқишга кираётган ходимлар учун кафолатлар

385-модда. Кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича таълим олаётган ходимлар учун кафолатлар ва компенсациялар

386-модда. Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар бериш тартиби атрофлича ёритилиб берилган.

Амалдаги меҳнат кодексида ходимларни касбга тайёрлаш масаласи (16, 60, 65-моддаларни ҳисобга олмаганда) кенг ёритилмаган.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш билан боғлиқ бўлган амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдирувчи сабаблар 7 та кўрсатилган.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 161-моддасида бу сабаблар 6 та бўлиб, 1 тага камайган.

Хусусан, амалдаги меҳнат кодексида ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ваколат берилган.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексида ушбу ваколат чиқариб ташланган.

Яна бир янгилик, янги таҳрирдаги меҳнат кодексида интизомий жазони қўллаш ҳақида буйруқ билан таништириш муддати белгиланди.

Энди иш берувчи ходимни интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ билан у чиқарилган кундан бошлаб уч иш куни ичида асосларни кўрсатган ҳолда имзо чектириб таништириши шарт. Ходимнинг ишда бўлмаган вақти бу муддатга киритилмайди. (313-модда)

Янги таҳрирдаги меҳнат кодесида хизмат текшируви тушунчасига таъриф берилди. Хизмат текшируви билан боғлиқ (302-311-моддаларни ўз ичига олган) алоҳида параграф киритилди.

Яна бир янгилик, янги таҳрирдаги меҳнат кодексида  дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.(208-модда)  Амалдаги меҳнат кодексида бундай қоида мавжуд эмас эди.

 Битта мақолада янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексининг барча жиҳатларини қамраб олиш қийин, лекин айтиш мумкинки том маънода аксарият янгиликлар “Инсон қадрини улуғлаш” учун хизмат қилади.

                                                                                                                                                                                                                                                               Жўрабек  Худойназаров

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё

                                                                                                                                                                                                                                                            туманлараро судининг раиси                                                     

Энди давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди

Сир эмаски, ижтимоий муносабатлар ривожланиши билан уларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари нормаларини янгилашни ёки ўзгартирилишини тақозо этади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинишини заруратини ҳам ушбу табиий ҳодисага қиёс қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади (ЎРҚ-798-сонли). 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланган. Давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳаси март ойида сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Ўшанда сенаторлар 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслигини таъкидлаганди.

Янги таҳрирда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланган:

меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Хусусан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Шунингдек, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Мазкур тоифага қуйидагилар киради:

14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

“Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

ногиронлиги бўлган шахслар;

пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

одам савдосидан жабрланганлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кун  (2022 йил 29 октябрь)дан эътиборан 6 ой ўтгач, яъни 2023 йилнинг 30 апрель санасидан бошлаб кучга киради. Қонун кучга кириши билан унинг аввалги талқини ўз кучини йўқотади.

Элёрбек Соибназаров

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Иш билан таъминлаш ва моддий ёрдам олиш масаласида “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг мурожаати учрашув жараёнида ўз ечимини топди

“Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича” Республика Комиссияси кенгайтирилган йиғилишининг 2022 йил        4 апрелдаги 1-сонли Баёнига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судига “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ишларини мазкур қарорда белгиланган тартибда амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шу сабабли Боёвут туманининг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи  “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш аёллар дафтаридан чиқарилишини таъминлаш мақсадида Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан суҳбат ўтказилди.

Ўтказилган учрашув давомида бевосита “Аёллар дафтари”га иш билан таъминлаш ва моддий ёрдам олиш масаласида киритилган хотин-қизларнинг 14 нафари иш билан таъминланишига ва тикув машиналарини субсидия асосида олинишига амалий ёрдам берилиб, мурожаатлари ижобий ҳал этилиб “Аёллар дафтари”дан чиқарилишига эришилди.

Бехзод Махмудов

  Гулистон туманлараро иқтисодий

суди раиси

ИШ БЕРУВЧИ ХОДИМНИ ИШДАН ЧЕТЛАШТИРИШИ ШАРТ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

Ишдан четлаштириш ходимни меҳнат мажбуриятларини, қоида тариқасида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бажаришга вақтинча йўл қўймасликдир.

Маълумки, 2022 йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида” ги ЎРҚ-798-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тасдиқланди ҳамда ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Мазкур Қонун билан бир нечта қонунлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги
161-I-сонли Қонуни ҳам Янги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси кучга кирганидан сўнг ўз кучини йўқотиши белгилаб қўйилди.

Янги тасдиқланган Меҳнат кодексининг 151-моддасида иш берувчи ходимни ишдан четлаштириши шарт бўлган ҳолатлар санаб ўтилди.

Унга кўра, иш берувчи:

қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органларининг талабига кўра;

алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келганида ёки ишда бўлганида;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаганда;

мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганда;

ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатмалар аниқланганда;

тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра тўрт ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга ўтказишга муҳтож бўлган ходимни ўтказиш рад этилганда ёхуд иш берувчида иш мавжуд эмаслиги муносабати билан бундай ходимга тегишли ишни таклиф этиш мумкин бўлмаганда;

ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаганда ходимни ишдан четлаштириши шарт.

Шунингдек, ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишдан четлаштиришга ҳақли.

Хизмат текшируви ўтказилган тақдирда ҳам, агар муайян ходимнинг ишда бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит беради деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса, иш берувчи ходимни ишдан четлаштиришга ҳақли.

Таъкидлаш жоизки, ходимни ишдан четлаштириши шарт бўлган ҳолатлар 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ўз аксини топмаган эди.

Ишдан четлаштириш билан боғлиқ қоида эса фақатгина битта моддада (113-модда) қисқа баён қилинган, кўп ҳолатлар  очиқ қолган эди. Янги тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида эса 151-154-моддаларни ўз ичига олган алоҳида “Ходимни ишдан четлаштириш” деб номланган “4-§”да батафсил ўз ифодасини топган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, янги тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси келгусида ходимни ишдан четлаштириш, уни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳолатларнинг тўғри юритилишига, иш берувчи ҳамда ходим ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоли вазиятларнинг олди олинишига хизмат қилади.

 

Акмал  Бозорбоев

Сирдарё вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси

 

Skip to content