САВДОСИ ПИШМАГАН АДАШЛАР

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги жиноят ишида ноқонуний равишда ер сотмоқчи бўлган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу жиноятга сабаб бўлган воқъелик эса 24 ёшли Акмалнинг кимёвий ишлов берилган 15.000 АҚШ долларини Боёвут тумани, Дехқонобод СФУ, Қарапчи маҳалласи ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шаҳобчасида олган вақтида ҳуқуқ -тартибот органлари томонидан  ашёвий далиллар билан ушланган вақтда содир бўлди. Аслида жиноятга судланувчининг “очкўзлиги” сабаб бўлган эди. Чунки у судда кўрсатма берар экан, ҳақиқатдан ҳам Гулистон туман ҳокимлигининг 2021 йил 29 майдаги 487-сонли қарорига асосан унинг номига Гулистон тумани ҳудудида туман ҳокимлиги заҳирасида бўлган жами 20 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар билан банд ерлардан сунъий балиқ ҳавзаси барпо этиши учун ажратилиб, балиқчилик йўналишида янги фермер хўжалиги ташкил этишга рухсат берилганлигини, унда балиқчилик учун сунъий ҳавза ташкил қилиши учун етарлича маблағи бўлмаганлиги сабабли, ушбу ерни сотиб, унинг пулига Гулистон тумани, Зарбдор маҳалласи ҳудудида автомашиналарни ювиш шаҳобчаси ташкил қилмоқчи бўлганлиги ва шу сабабли у ушбу ерни сотишга қарор қилиб, 2021 йилнинг тахминан август ойида интернетдаги “Телеграм” каналидан уй-жойлар савдоси билан шуғулланувчи “Акмал” исмли шахснинг гуруҳига аъзо бўлиб, унинг қўл телефон рақамини олиб, унга қўнғироқ қилиб, у билан учрашганлигини , “Акмал”га Гулистон тумани, Олтинтепа, Боёвут СИУ ҳудудида балиқчилик учун сунъий ҳавза ташкил қилишга мўлжалланган умумий майдони 20 гектар бўлган ери борлигини, ушбу ерни 19-20 минг АҚШ доллари эвазига сотмоқчи эканлигини айтганлигини, шундан сўнг “Акмал” унга ҳаридор чиқса хабар қилишини айтганлигини, 2021 йилнинг 4 декабрь куни “Акмал” унга қўнғироқ қилиб, соат тахминан 16:00ларда унинг ерини сотиб олмоқчи бўлган харидор билан ерни кўриш учун боришлигини билдирганлигини, шундан сўнг соат тахминан 17:00ларда “Акмал” билан учрашганлигини,  “Акмал” билан Гулистон шаҳар “янги бозор” ҳудудида жойлашган кафеси олдига бирга борганлигини, у ерда ерни сотиб олмоқчи бўлган шахс ернинг ҳужжатларини кўрмоқчи эканлигини айтганлигини,  у ўзи билан қора рангли папкага солинган ҳолда олиб келган ҳужжатларни олиб унга кўрсатганлигини, харидор ушбу ерни  унинг номига қандай қилиб расмийлаштириб бермоқчи эканлиги ҳақида сўраганида, “Акмал” исмли маклер унга ерни олиб қурилиш ишларини амалга ошираверишини, қурилишларни тугатганидан кейин кадастр қилишини ва ўша кадастрни олди-сотди қилиб беришини айтганлигини, шунда у ҳар томонлама ишончли бўлиши учун тилхат ёзиб беришини айтганлиги ва қора папкадаги ҳужжатларни “Акмал” исмли маклернинг автомашинасига олиб чиқиб қўйиб келганлигини, сўнг, у кафега қайтиб кириб, ўзининг раҳбарлигидаги фермер хўжалиги гувоҳномаси нусхасининг орқа томонига тилхат ёзиб берганлигини, шунда харидор унга 2 та боғламда 100 АҚШ доллари купюрасидаги пулларни узатганлигини, пуллар 150 дона 100 АҚШ доллари купюраларидаги жами 15.000 АҚШ доллари эканлиги маълум бўлиб, пулларни чўнтагига солаётган вақтида департамент ходимлари томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирда қўлга олинганига амин бўлди.

Шунингдек, Акмал судга қилмишидан пушаймонлигини, агар очкўзлик қилмаганида шу ердан яхшигина даромад ҳам олиши мумкинлигини айтиб,  енгиллик берилишини сўради. Лекин энди кеч бўлганди. Чунки бу ноқонуний савдосида унга маклер адаши ҳам ёрдам бера олмади. Яъни суд ҳукми билан судланувчи Акмал Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб,  икки йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 430 баравари миқдорида, яъни бир юз ўн олти миллион юз минг сўм жарима жазоси тайинланди. Шу зайлда “пишмай” қолган адашларнинг савдосига чек қўйилди.

Улуғбек Джумаев,

Жиноят ишлари бўйича

Гулистон шаҳар судининг раиси