Ҳал қилув қарори қачон ижро этилади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги 2021 йил 28 июлдаги 703-сонли қонуни имзоланди. Ушбу қонуннинг 10-моддасида “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишлиги” белгилаб қўйилган.
Фуқаролик ишлари буйича Гулистон туманлараро суди ташаббуси билан вилоят мажбурий ижро бюроси ва Гулистон шаҳар мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокидаги семинарда суд хужжатларини ижросини таминлашдаги муаммолар ва ечимлар юзасидан сўз борди ва мазкур қонуннинг аҳамиятиҳақида сўз юритилди. Шунингдек, «Ижро тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида “Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суд ёки бошқа органдан ёхуд ундирувчидан (агар ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлса) ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шартлиги, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаришлиги назарда тутилган. Қонуннинг 24-моддасида эса “агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, ёхуд зарур ҳужжатларни уларга қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда расмийлаштириб ижро ҳужжатига илова қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилинмаган бўлса, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида қайтариб юборишлиги ҳам назарда тутилган. Ижро ҳужжатини қайтариб юбориш тўғрисидаги қарорда ушбу Қонуннинг 8-моддасида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қайси талаблар бузилганлиги кўрсатилишлиги, ижро ҳужжатининг йўл қўйилган нуқсонларни бартараф қилиш учун қайтариб юборилиши бундай нуқсонлар бартараф қилинганидан кейин ижро ҳужжатини давлат ижрочисига иккинчи марта умумий тартибда юбориш учун тўсқинлик қилмаслиги, суд ёки бошқа орган ижро ҳужжатида йўл қўйилган нуқсонларни қайтарилган ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида бартараф қилишлиги ва уни такроран давлат ижрочисига юборишлиги белгиланган.
Ўзаро фикр ва тажриба алмашишни мақсад қилган семинар ташкилотчилари мазкур қонун нормаларидан келиб чиқиб, бугунги кунда барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар суднинг ахборот тизимлари орқали электрон юбораётган ариза ва даъво аризаларга белгиланган тартибларга тўлиқ риоя қилган ҳолда маълумотларни тўғри ва аниқ киритишлиги, келгусида суд қарорларини сўзсиз ижро этилишлигига, ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлмасликка хизмат қилиб, фуқароларимизнинг судга бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилишини яна бир бора таъкидлади. Ҳамкорлик борасидаги бошқа масалалар ҳам семинар якунида ўзаро келишиб олинди.
Камол Намазов
фуқаролик ишлари бўйича Гулистон
туманлараро судининг раиси
Автомашинангизни эҳтиёт қилинг бўлмаса…
Сардобалик Каримов тумандаги кўп қаватли уй олдида қаровсиз қолдирилган, фуқаро Абдурахмоновага тегишли бўлган оқ рангли, “NEXIA GLE” русумли автомашинани калити жойида қолдирилганлигидан фойдаланиб олиб қочади. «Ўлжа»сини яшаш хонадонига олиб бориб, автомашинанинг захира ғилдираги ва автомашинага ўрнатилган 100 литр ҳажмли темир газ баллонини ечиб олиб яшириб қўяди. Авто улови тўсатдан ғойиб бўлганидан хабар топган жабрланувчи эса зудлик билан ҳуқуқ тартибот органларига хабар қилади. Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида автомашинани ўғрлашда гумондор бўлган Каримовнинг яшаш хонадони тинтув қилинади. Тинтув натижасида яшириб қўйилган «тойчоқ» Каримовнинг молхонасидан топилади. Ўтказилган транспорт баҳолаш экспертизасининг хулосасига кўра “NEXIA GLE” русумли автомашинага 38.296.000 сўм миқдорда моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Судланувчи Каримов суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тўла тасдиқлашини, автомашина газ балони ва қўшимча баллонни ечиб олиб уйига яшириб қўйгани, қолган нарсаларини ечишга имкони бўлмагани, ечиб олинган нарсалар ўзига тегишли бўлган автомашинага тушмаслигини, харидор чиқса сотиб юбориши мумкинлигини, жабрланувчига етказилган зарар тўла қоплангани, қарамоғида оиласи ва вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб суддан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди. Лекин энди кеч бўлганди. Яъни судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил беш йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноят ишидан нафақат судланувчи балки жабрланувчи ҳам тўғри хулоса чиқарди. Чунки шахсий автомашинасини қаровсиз ҳолда қолдириш ана шундай нохуш холатлар билан тугаши аниқ. Зеро халқимиз ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма, дея бежизга айтмаган.
Зафаржон Расулов
Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг раиси
«Уддабурон» суғуртачига суд ҳукми ўқилди
Сирдарё вилоятидаги суғурта ташкилотларидан бирида бўлинма раҳбари лавозимида туппа-тузук ишлаб келаётган Исмоил кўпгина мижозларнинг ишончига кирган, ҳамкасблари орасида ҳам ишдаги фаоллиги сабаб ҳурсатга эга эди. Лекин у қўлига тушаётган жарақ-жарақ пулнинг ҳидига мас бўлдими, ё бошқа сабаб олти ой давомида ўзининг моддий жавобгарлигига 970 дона суғурта полисларини олиб, мижоз сифатида мурожаат қилган 570 нафар мижозлар билан жамият номидан шартномалар тузиб ҳамда полисларни расмийлаштириб бериб, фуқаролар томонидан суғурта полислари учун тўланган жами 31.266.723 сўм миқдоридаги пул маблағларини қабул қилиб, мазкур нақд пул маблағларини филиалнинг ғазнасига ва банк муассасадаги ҳисоб рақамига топширмасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида судланувчи сифатида сўз олган “уддабурон” суғуртачи олинган суғурта полисларни мижозларга тарқатганлиги ва улардан келиб тушган маблағларни ойлик иш ҳақи ва суғурта мукофотини олмаганлиги учун филиал ҳисоб рақамига туширмасдан ўзининг ойлик иш ҳақиси сифатида ишлатганини маълум қилди. Шунингдек, аниқланган 31 миллиондан ортиқ пул маблағини атайлаб тўламаётганлиги қачонки, суғурта компаниясидан ушбу пулларини олсагина тўлаб беришини режалаштирган суғуртачи бу иши аслида қонунга хилоф эканлигини кеч бўлса-да, англаб етди. Ҳозирги кунга келиб у ушбу аниқланган камомадни яъни зарарни тўлиқ тўлаб берганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Суд суғуртачи Исмоилни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шунингдек, бир йил муайян ҳуқуқдан, яъни тадбиркорлик субъекти ҳисобланмаган корхона, ташкилот ва муассасаларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Суғурта ташкилоти билан ўзаро олди-бердисини мижозларнинг суғурта пуллари билан алмаштирган ушбу суғурта ходимининг қилмиши автомашинасини суғурта қилдирмоқчи бўлган фуқароларни ҳушёрликка чорлаши аниқ.
Музаффар Омонов
Жиноят ишлари бўйича Гулистон
шаҳар судининг судьяси
Навбаҳорлик аёлларнинг муаммолари ўрганилди
Боёвут туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш аёллар дафтаридан чиқарилишини таъминлаш мақсадида Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирок этиб, ногиронлиги сабабли моддий ёрдам(субсидия) олиш, уй-жойни расмийлаштириш, коммунал тўловлар, иш билан таъминлаш, уй-жойни таъмирлаш учун банкдан кредити олиш масалалари юзасидан мурожаатлари ўрганилди. Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар берилди. Натижада давра суҳбатида иштирок этган 2 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун жой билан таъминлаш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал этилиб, ўз ечимини топадиган бўлди.
Бехзод Махмудов
Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси
Ердан оқилона ва мақсадли фойдаланиш ер эгасининг мажбуриятидир
Ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.
Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 7 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судлари томонидан ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича 30 та иқтисодий ишлар кўриб мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 13 таси қаноатлантирилган, 6 таси рад этилган ва 11 таси кўрмасдан қолдирилган.
Сирдарё вилояти туман ҳокимликлари томонидан ердан фойдаланувчилар билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномалари бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судларга даъво аризалари билан мурожаат қилишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида 2022 йил 11 август куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида туман ҳокимликлари вакиллари иштирокида амалий семинар ташкил этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда вилоят суди раиси А.Худойбердиев, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов, вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Д.Абдурахмонов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Саттаров ва Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Махмудовлар томонидан тадбир иштирокчиларига ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариш ва бекор бўлиши тартиби, ерга бўлган ҳуқуқни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди, шунингдек, ердан фойдаланувчилар билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаларини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаларини иқтисодий судларга тақдим этилишида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар тўғрисида тўхталиб ўтилиб, бундай даъво аризаларни Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ер кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларига қаътий риоя этган ҳолдаа тақдим этилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.
Бехзод Махмудов
Гулистон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Қонун бўйича турар жойнинг олди-сотди битими қандай расмийлаштирилади?
Савол:
Турар жойнинг олди-сотди шартномаларини тузишга доир умумий масалалар Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Бу жараёнда қуйидаги жиҳатларни ёдда тутиш зарур:
- шартнома шаклига риоя этмаслик унинг хакикий эмаслигига сабаб булади (ФКнинг 480-моддаси);
- уй, квартирани, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (ФКнинг 488-моддаси);
- шартномада шартнома бўйича сотиб олувчига топширилиши лозим бўлган турар жойни аниқ белгилаш имконини берадиган маълумотлар кўрсатилган бўлиши шарт, улар бўлмаса, шартнома тузилмаган ҳисобланади (ФКнинг 484-моддаси);
- харидор сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар (агар бундай шахслар бўлса) шартномада кўрсатилган бўлиши керак (ФКнинг 488-моддаси);
- сотувчи сотиб олувчига шартнома шартларига мувофиқ келмайдиган уй-жой сотганида, сотиб олувчи камчиликларни текинга бартараф этишни ёки камчиликларни бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини, харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни ёки кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (ФКнинг 434-моддаси). Саволга фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси Шаҳноза Муҳаммадқулова жавоб берди.
Почта алоқа бўлими томонидан суд чақирувлар тарафларга ўз вақтида етиб бораяптими?
Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди ташаббуси билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Сирдарё вилоят бўлими ҳамкорликда ўтказилган семинарда “Почта алоқа бўлими томонидан суд чақирувлари тарафларга ўз вақтида етиб бораяптими” деган савол бош мавзу сифатида кўтарилди. Бугунги кунда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Почта алоқа бўлими билан самарали меҳнат қилиб келинмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинганлиги сабабли қоғоз шаклидан воз кечиб, почта алоқа бўлими ва унинг ҳудудий бўлимларига суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва суд чақирув хатлари электрон тартибда юборилмоқда. Мазкур суд чақирув хатларини ўз вақтида почта алоқа бўлими “хушхабарчи”си тарафларга етказиб, электрон тизимга чақирув хатини етказганлигининг белгисини тўлдиради.
Мазкур қоидалар Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ҳамда Ўзбекистон почтаси АЖ Сирдарё вилоят филиали ўртасида тузилган шартномада ўз аксини топган бўлиб, унга вилоят марказларига 2 кун, туман ва шаҳар марказларида 3 кун, бошқа аҳоли яшаш пунктларида 4 кун этиб белгиланган бўлиб, лекин ушбу шартнома шартлари бугунги кунда тўлиқ бажарилиши аҳволи қониқарли ҳолатда эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси 5-бандида ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмаса, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа, ҳамда 6-бандида ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса даъво аризаси кўрмасдан қолдириш белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда ўз вақтида суд чақирувлари тарафларга етиб борса, улар томонидан ўз вақтида суд мажлисларида иштирок этиб, далилларини, эътирозларини суд жараёнида тушунтирса албатта адолатли ва қонуний суд қарорлар қабул қилинади. Натижада фуқароларнинг судга бўлган ишончи ортиб, уларнинг ортиқча апелляция ва кассация шикоятлари ёзилишлари, турли ташкилот ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёзма шикоят ва мурожаатларнинг олди олинади.
Камол Намазов
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Гулистон туманлараро суди раиси

Банклар судда даъвогардан жавобгарга айланди
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида кредит шартномасига доир 2807 та фуқаролик ишлари мазмунан кўриб чиқиб тамомланган бўлиб, шундан:
2398 таси қаноатлантирилган,
23 таси қисман қаноатлантирилган,
2 таси рад қилинган,
384 таси кўрмасдан қолдирилган,
420 таси 2022 йилнинг 3-чорагига қолдиқ бўлиб ўтган.
Бугунги кунда юртимиздаги барча банклар фуқароларимиз ва тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлайдиган муносиб банк бўлиши, уларга ажратиладиган кредит маблағларининг қонуний йўллари ва тартиблари ҳақида мижозларни доимий тушунтириши, сўнг уларнинг бизнеси юзасидан банкнинг малакали мутахассислари томонидан амалий ёрдам берилиши хеч кимга сир эмас. Лекин судга келиб тушган барча даъволарда ҳам банк вакиллари доим ҳақ бўлиб чиқмайди. Масалан даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АТ Халк банки Мирзаобод туман филиали манфаатида жавобгар Абдуллаевга (исм фамилия узгартирилган ) нисбатан 4.380.000 сўм миқдорида кредит қарздорликни ундиришни сўраган. Суд мажлисида жавобгар Абдуллаев мазкур кредит шартномасига нисбатан ўз эътирозини маълум қилиб, ушбу шартномадаги имзога бошқа шахс томонидан имзолаганлигини маълум қилган. Суд томонидан Суд хатшунослик экспертизаси тайинланиб, экспертиза хулосаларига мувофиқ ҳақиқатдан банк ва мижоз ўртасида тузилган кредит шартномасига Абдуллаев томонидан имзоланмаганлиги аниқланган. Шунга кўра суд даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АТ Халк банки Мирзаобод туман филиали манфаатида жавобгар Абдуллаевга нисбатан 4.380.000 сўм миқдорида кредит қарздорликни ундириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хусусий ажрим чиқарилган.
Яна бир холатда эса даъвогар Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси Микрокредит банк Сирдарё минтақавий филиали манфаатида жавобгар Дилшод Ахмеджанов (исм фамилия узгартирилган) нисбатан жами 19.800.000 сўм кредит қарздорликни ундиришни сўраган. Суд мажлисида жавобгар Дилшод Ахмеджанов кредит шартномасига нисбатан ўз эътирозини маълум қилиб, ушбу шартномадаги имзога бошқа шахс томонидан имзолаганлигини маълум қилган. Суд томонидан Суд хатшунослик экспертизаси тайинланиб, экспертиза хулосаларига мувофиқ ҳақиқатдан банк ва мижоз ўртасида тузилган кредит шартномасига Дилшод Ахмеджанов томонидан имзоланмаганлиги аниқланган.
Шунга кўра суд даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АТ Микрокредит банк Сирдарё минтақавий филиали манфаатида жавобгар Дилшод Ахмеджанов 19.800.000 сўм миқдорида кредит қарздорликни ундириш ҳақидаги даъвоси рад этилган. Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан ҳам банкнинг юқори ташкилотига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хусусий ажрим чиқарилган.
Камол Намазов
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Гулистон туманлараро суди раиси

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қандай ваколатлари бекор қилинди?
Мамлакатимизда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ер участкаларини қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, айниқса, суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлда қабул қилинган 375-сон қарорига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатларини бекор қилинди:
1.Ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, захирага олиш, бириктириш, ободонлаштириш ва фойдаланишга бериш;
2.Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш;
3.Суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
4.Хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш;
Хусусан, ер участкаларини ажратиш бўйича қуйидаги тартибни жорий этилади:
ер участкаларини хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни очиқ электрон танлов якунларига кўра фақат ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали сотиш;
кичик саноат зоналари ва ёшлар саноат зоналари ҳудудида ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ажратиш;
Ер муносабатларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатларни қўллашда турлича талқин қилиш, ер участкаларини ажратишда бюрократик тўсиқлар, таниш-билишчилик ва коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари учраётгани сабабли, ушбу муаммолар ер участкаларини ажратиш механизмини такомиллаштириш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш назоратни кучайтиришни тақозо этаётганлигини кўрсатмоқда.
Азиз Кудратов
Сирдарё туманлараро иқтисодий
судининг судьяси