Суд жараёнида болалар фикри қачон инобатга олинади?

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 73-моддасида ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шартлиги, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган.

Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга бўлиб, ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шартлиги ҳам кўрсатилган.

Ҳалқимиз азалдан оилани муқаддас санаб келиб, оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак авлодлар учун бетакрор тарбия қўрғони эканлигини доим тарғиб этиб келган. Ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Шундай экан ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Лекин ҳаёт доим бир хил силлиқ ўтмаслиги хаммага аён бўлиб, бугунги кунда арзимаган нарсалар ёки бирор бир сабаб билан оилавий ажримлар бўлиб, уларнинг ўрталаридаги фарзанд тарбияси муаммоли ҳолат бўлиб келмоқда.

Натижада ҳозирги кунда икки оила яъни эр ва хотин оилавий ажримдан сўнг бир-бирига нафрат ва ғазаб кўзи билан қарашлиги, икки авлод вакиллари қайнона ва қайнота, қайни ва қайногалар, кайин опа ва қайин сингиллар жигарларини ва набираларини кўриш илинжида юрсада, лекин иккинчи томоннинг ушбу талабларига ўзаро рад этишлиги, бир-бири билан юзлашиш, гаплашиш чоғида бирор бир ҳуқуқбузарликни содир бўлиши, бир-бирини ҳақорат қилиши, маҳаллада эса ортиқча нотинчликларнинг вужудга келишлигини кузатиб турибмиз.

БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясининг 12-моддасига кўра, ўзининг қарашларини шакллантиришга қодир бола унга таъсир этиши мумкин бўлган ҳар қандай суд ва маьмурий ишларда бевосита ёки қонуний вакил орқали ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қуйидаги иккала ҳолатга ҳам таалуқли – яъни бола бевосита суд иштирокчиси бўлган фуқаролик ишлари ва бошқа шахслар томонидан берилган даъво аризаси асосида ва болага таъсир этиши мумкин бўлган суд ишлари (фарзандликка олиш, ота-онаси алоҳида яшаса, бола ким билан яшашини ҳал қилиш ва ҳ.к).

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 68-моддасига мувофиқ оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маьмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир.

Боланинг судда ўз фикрини билдириш ҳуқуқига оид тушунтиришларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида ҳам кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги “Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўн ёшга тўлган болани ишга қатнашишга жалб қилиш масаласини ҳал этишда суд Оила кодексининг бола ҳар қандай суд муҳокамаси даврида сўзлашга ҳақлилигини назарда тутувчи 68-моддаси қоидаларидан келиб чиқиши лозим. Боланинг судда иштироки унга нохуш таъсир этиши мумкинлигини кўрсатувчи асослар мавжуд деб ҳисобланганда, суд ушбу масала бўйича васийлик ва ҳомийлик органининг фикрини аниқламоғи лозим.

Бундан ташқари 1998 йил 11 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сонли қарорига кўра суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим.

Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

Суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Ҳеч кимнинг оиласи бир-бирига ўхшамаган ҳолда, барчанинг ўз қарашлари, маънавияти, маърифати ва фикрлаш доираси мавжуд бўлиб, суднинг ташаббуси оқибатида тарафлар ўзаро келишган ҳолда ҳам фарзанд тарбиясида тўлиқ иштирок этиб келмоқда.

Жумладан Ойбек исмли фуқаро жавобгар қайнонаси Мафтуна исмли фуқарога нисбатан Севара исмли ўз фарзандини тарбиясига ва қарамоғига олишликни сўраб фуқаролик судига мурожаат қилган.

Суд жараёнида ва иш ҳужжатларида даъвогар турмуш ўртоғи билан ажрашганлигини, турмуш ўртоғи боласини ўз онасига яъни йигитнинг қайнонасига ташлаб кетганлигини, фарзандини ота сифатида ўз тарбиясига олишликни сўраган бўлсада, лекин суд жараёнида ва туман Ҳалқ таълими бўлими васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси ҳамда туман Реабилация ва ижтимоий мослашув марказининг психолог мутахассисларининг хулосасида бола отаси билан 4-5 йиллар давомида бирга яшамаганлигини, йигитнинг алимент қарздорлиги катталигини, йигитнинг бошқа оиласи борлигини, ундан фарзандлари ҳам борлигини, фарзанди қиз бола эканлигини, кўпроқ бувиси билан бирга яшаганлигини, бувисининг набирасининг барча дарсларидан хабар олиб турганлиги аниқланган.

Натижада даъвогар ўз даъво талабини ўзгартириб, фарзандини яхши тарбия топиб келаётганлигини хабардор бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 44-моддасидан келиб чиқиб, даъвогар билдирилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириб, бола билан учрашиб туриш ҳақида даъво аризасига алмаштирилди ва суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар Ойбек 26.03.2014 йилда туғилган фарзанди Севара билан учрашиш ва уларнинг тарбиясига иштирок этиш мақсадида ҳар ойнинг биринчи ва тўртинчи ҳафтанинг шанба куни соат 13.00 дан якшанба куни 15.00 га қадар онасига қайтариш шарти билан белгилаб берилган.

Албатта, ҳар бир оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилиш лозим.

 

Камол Намазов 

Сирдарё вилоят судининг

Фуқаролик ишлари бўйича судьяси     

Искандар Абдурахманов

Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси