Тиббиёт ходимлари ҳимоя қилувчи ва уларга қўл кўтарувчи муштумзўрларга нисбатан қонуний жазо берувчи ҳуқуқий норма

Калтакланган шифокор ёки ҳамшира, борингки, тиббиёт ходимига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳолатлар тасвирланган видео лавҳалар, афсуски, сўнгги вақтда ижтимоий тармоқда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолди.

Хўш, тиббиёт ходимига кўтарилган муштни қайтарувчи, муштумзўрга эса қонуний жазо берувчи ҳуқуқий норма бор эдими? Албатта йўқ. Шундай ҳолатда узр сўраш ёки жарима билан қутилиб кетган шахснинг иши бошқаларга ҳам ўрнак бўлаётгандек эди гўё. Лекин энди бундай бўлмайди. Чунки Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан ўтказилаётган учрашув вақтида шифокорлар ҳимояси ҳақида алоҳида сўз юритар экан, шифокорга қўл кўтариш, уни сўкиб, ҳақорат қилиш бизнинг инсоф-диёнатли, оқ кўнгил, меҳр-оқибатли халқимизга муносибми? Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир. Энди, тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади, дея таъкидлаган эди.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан таъкидланишича, қабул қилинадиган муҳим ҳужжатда:

– тиббиёт ходимлари ҳамда беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари илғор хорижий тажриба асосида, қайта кўриб чиқилади;

– тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилади;

– фуқароларнинг ўз соғлиғига эътибори ва масъулиятини ошириш механизмлари жорий этилади. Шундай бўлди ҳам.

Яъни «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида» қонун қабул қилинди.

Тиббиёт ходимлари ҳимоясига оид мазкур қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш» дея номланган 197-7-модда билан тўлдирилди. Яъни, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Бундан кўринадики, эндиликда қонун билан мустаҳкамланган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва фаолияти ҳақида оммани хабардор қилиш орқали, шифокор ёки ҳамширага кўтариладиган муштни қонуний йўл билан қайтариб қолиш мумкин бўлади.

Бу эса ҳар бир тиббиёт ходимининг ишчанлик обрўсига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда уларнинг ҳеч бир қўрқувсиз ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишга имкон яратади.

 

Шароф Эшимов

Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси