Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман деганлар бошқаларга зиён етказмаслиги лозим
Ўз манфаатини ўйлаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман деганлар бошқаларга зиён етказмаслиги лозим. Айниқса инсоннинг саломатлиги билан боғлиқ бўлса-чи бу ҳолат. Ҳа, тадбиркорлик фаолиятида санитария қоида ва талабларига риоя этмасдан, ён атрофдагилар саломатлигига жиддий зиён етказаётган тадбиркордан норози бўлган аҳоли орасидан бир фуқаро унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғига мурожаат қилган. Натижада, ҳақиқатдан ҳам тадбиркор санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этмаётганлиги Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан ўз тасдиғини топган ва тадбиркорнинг фаолияти 10 кун муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинган, аммо тадбиркор ўз айбини шундай вазиятда ҳам тан олмаган… Мадомики, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси иккинчи қисмига кўра, фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осоишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.
Бу ҳолатга қуйидаги иқтисодий ишни мисол қилиб келтирадиган бўлсак, Гулистон туманида яшовчи фуқаро З.Д Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда “Ж”якка тартибдаги тадбиркор томонидан Гулистон туманида санитария қоида ва талабларига зид равишда автотаъмирлаш устахонаси очиб фаолият олиб бораётганлиги, тадбиркорнинг фаолияти унинг оиласи ва қўшниларининг соғлиғига жиддий зарар етказаётганлиги, тадбиркорга тегишли бўлган автотаъмирлаш устахонаси санитария нормаларига амал қилганлиги ҳолати юзасидан текширилишини сўраган.
Шунга кўра, аризачи 2021 йил 28 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказишни келишиш тўғрисида 05-7/851-сонли буюртма (хати) билан мурожаат қилиб, 2021 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан тадбиркорлик фаолиятида юридик ва жисмоний шахс мурожаатига, санитария қоида ва талабларига риоя этилиши юзасидан тақдим этилган текшириш дастурига мувофиқ 2021 йил сентябрь ойида беш кунлик муддатда текшириш ўтказилишига келишилган. Аризачининг 2021 йил 06 сентябрдаги санитария текшируви ўтказиш тўғрисида 91-Х/С-сонли буйруғига асосан шу куннинг ўзида тадбиркорга қарашли автотранспортларни таъмирлаш устахонасида “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари ҳамда санитария қоида ва талабларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган. Текширишда, тадбиркор Гулистон туманида аҳоли яшаши учун берилган хонадон ҳовлисидаги автогараж биноси (устахона)да автомобиль кузовларини таъмирлаш ва бўёқлаш билан шуғулланиши, устахона учун мўлжалланган бино бир хонадан иборат эканлиги, ушбу хона ва хонадон ҳовлисида енгил автомобиллар кузовлари таъмирланиб бўёқлаш ишлари олиб борилаётганлиги, бу билан «қарз олувчи» Ўзбекистон Республикаси Давлат бош санитария врачи томонидан 2007 йил 03 апрелда тасдиқланган “Автомобиль таъмирлаш ва вулканизация устахоналари учун Гигиеник талаблар” талабини бузганлиги, бундан ташқари «қарз олувчи» томонидан бўёқлаш ишлари асосан хонадон ҳовлисида олиб борилаётганлиги, бўёқ ҳиди ҳамда кузов таъмирлашдаги шовқинлар атрофида яшовчи хонадон эгалари тинчини бузиб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётганлиги ва уларнинг ўринли эътирозларини сабаб бўлаётганлиги, бу билан «қарз олувчи» Ўзбекистон Республикаси Давлат бош санитария врачи томонидан 2017 йил 25 октябрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси аҳоли жойлашган ҳудудлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитар меъёри ва қоидалари” талабини бузганлиги аниқланган ҳамда ҳолат юзасидан 2021 йил 06 сентябрда далолатнома расмийлаштирилган. Текшириш натижалари аризачи томонидан кўриб чиқилиб, 2021 йил 16 сентябрда тадбиркорга нисбатан унга қарашли автотранспортларни таъмирлаш устахонасини 10 кун муддатгача тўхтатиб қўйиш тўғрисида 3-сонли қарор қабул қилинган. Аризачининг қарори тадбиркор томонидан ихтиёрий ижро этилмаганлиги сабабли аризачи судга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Шундан сўнг аризачи Гулистон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, тадбиркорга нисбатан Гулистон туманида жойлашган автомобиль кузовларини таъмирлаш ва бўёқлаш фаолияти билан шуғулланиш бўйича фаолиятини тўхтатишни сўраган. “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 5-моддасига кўра, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлардир.
Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бош санитария врачи томонидан 2007 йил 03 апрелда тасдиқланган “Автомобиль таъмирлаш ва вулканизация устахоналари учун Гигиеник талаблар”нинг 3.10-бандида, турар-жойлар, омборхона, йиғилган пичан-ғарамлари, йўл бўйларида экилган дарахтлар, пахта пунктлари ва шунга ўхшашлардан 100 метрдан кам бўлмаган масофада қурилиши (жойлашиши) лозимлиги, 4.8-бандида эса, бўяш ишларини амалга ошириш учун иккита хона: биринчиси бўёқ тайёрлаш учун, иккинчиси бўяш ва қуритиш ишларини амалга ошириш учун мавжуд бўлиши назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бош санитария врачи томонидан 2017 йил 25 октябрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси аҳоли жойлашган ҳудудлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитар меъёри ва қоидалари”нинг 6.1.2-бўлими (металлургия, машинасозлик ва металлни қайта ишлаб чиқариш корхоналари) 10-бандида, йўлларни таъмирлаш машиналари, автомобиллар, кузов, темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи таркиби ва метрополитенларни таъмирловчи корхоналар IV синф санитар ҳимоя чегара 100 метр узоқликда жойлашиши қайд этилган. Қонун 16-моддасига кўра, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар: аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмалари талабларини бажариши; юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлган тақдирда уларни бартараф этиш мақсадида санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши; ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ҳамда аҳолига реализация қилиш пайтида маҳсулотнинг, шунингдек бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлигини таъминлаши; маҳсулотни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва аҳолига реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматларни кўрсатиш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши; аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига таҳдид солувчи авария вазиятлари, технологик жараёнларнинг бузилишлари тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларга ишончли ахборот тақдим этиши шарт.
“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 13-моддасига кўра, атмосфера ҳавосига доимий ва кўчма ифлослантирувчи манбалардан ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолият Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ваколатларига мувофиқ уларнинг қарори билан чекланиши, тўхтатиб турилиши, зарарли таъсир кўрсатиш сабабларини бартараф этиш мумкин бўлмаган тақдирда эса, тугатилиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш (бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.
Юқорида қайд этилган Қонунлар ва санитар меъёр ва қоидалари талабларидан келиб чиқиб суд, тадбиркор томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва санитар меъёр ва қоидалари талаблари бузилган деб ҳисоблаб, аризачининг аризасини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Таъкидлаш жоизки, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун талабларига риоя этмаслик тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга олиб келади!
Бехзод Махмудов
Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси