Кўр-кўрни қоронғуда топди
Асли жиззахлик бўлган Вохид Оқолтин туманидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси лавозимида дуппа-дуруст ишлаб келаётган эди. Лекин нафснинг найранги уни ўз домига торта бошлади. Буни қарангки, икки маротаба судланиб ҳам ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини тушуниб етмаган бу йигит уч нафар фарзандига халол луқма едиришни бир маротаба бўлса ҳам ўйлаб кўрмади. Ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида ваколатини суиистеъмол қилиб, пудратчи ва буюртмачи ўртасида тузилган пудрат шартномаси шартларини бажармай туриб, пул ишлаб олмоқчи бўлди. Яъни пудрат шартномасида кўрсатилган Оқолтин тумани, “Аҳиллик” маҳалласи, Туркистон кўчасида жойлашган
олтита кўп қаватли уйларда 2019 йил “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун АТБ “Халқ банки” Оқолтин филиали томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 490.000.000 сўм пул маблағларини пудратчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилишига эришиб, МЧЖ раҳбари Баҳодир билан олдиндан тил бириктириб, ишларининг бажарилганлиги ҳақидаги олтита “Бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисоботлар”га (Форма-2) ва “Бажарилган ишлар ҳажми тўғрисидаги далолатнома”ларга (Форма-5) ҳамда мазкур уйларни таъмирлаш ишларига жами 181.761.821 сўмлик аслида бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилди. Шу ўринда унга ҳамтовоқлик қилган Баҳодир ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Қашқадарё вилоятида туғилган бўлишига қарамай, Тошкент шаҳрида ўзининг жиноий ишларини муқаддам ҳам содир қилиб, икки маротаба судланиб чиққан. Бошидан ўтказган саргузаштларидан тўғри хулоса чиқармаган бу шоввоз Вохиднинг қинғир режасига сценарий ёзиб берди. Кўр-кўрни қоронғуда топди, деганларидек, кетмони учган бу икки шоввоз Оқолтиндаги кўп қаватли уйларни амалда эмас қоғозда таъмирлайди ва кредит маблағини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборади. Оқибатда 2019 йил “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун АТБ “Халқ банк” Оқолтин филиали томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 490.000.000 сўм пул маблағларини пудратчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилишига эришиб, ишларининг бажарилганлиги ҳақидаги ҳисоботларига жами 181.761.821 сўмлик аслида бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинади. Энг қизиғи, суд мажлисида сўроқ қилинган бу икки шерик ҳужжатларни сохталаштиришда кимнинг айби кўпроқ эканлигини исботлашга уринди. Бу билан улар ўзларини оқлаш учун йўл қидирди холос. Лекин суд гувоҳларнинг кўрсатувлари, ўтказилган текшириш ва назорат ишларига оид далолатномалар ҳамда ишдаги мавжуд далиллар билан бир қаторда жиноят туфайли етказилган зарарлар тўла қопланганини инобатга олиб, жазо тайинлади. Яъни Вохидга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан узил-кесил икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда
уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Унинг шериги Баҳодирга эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан узил-кесил, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Энг муҳими бу икки судланувчи томонидан жиноят туфайли етказилган зарарлар тўла қопланди. Хулоса қилиб айтилганда, кўр-кўрни қоронғуда топгани қимматга тушадиган бўлди.
Зафаржон Расулов
Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг раиси