Қидирув:

Оила муқаддас даргоҳ — уни асраб авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Сирдарё туманида «Яраштириш комиссияси» томонидан ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар иштирокида «Оила муқаддас даргоҳ — уни асраб авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Ажралишлар сабаби чуқур ўрганилганда, фарзандсизлик, ота-оналар аралашуви, ўзаро келишмовчилик, хиёнат каби омиллар сабаб бўлаётганлиги аниқланди.

Тадбирда ажралиш ёқасида бўлган 7 та оила вакиллари билан индивидуал тарзда суҳбат ўтказилиб, якунда 1 та оилага ажралиш учун ҳулоса берилди. 6 та оила вакилларини ярашиб олишлари учун қўшимча муҳлат берилди.

Жўрабек Худойназаров

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг раиси

Беркитилган гиёҳванд воситалари топилмай қолмади

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш инсон соғлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, республикадаги криминоген вазиятга, жамиятнинг иқтисодий ва маданий негизига салбий таъсир кўрсатади, кўпинча у уюшган жиноятчилик билан узвий боғлиқ бўлади. Айниқса, бу жиноятларнинг вояга етмаганлар орасида тарқалганлиги катта хавф туғдиради. Судлар айбдор шахсларга нисбатан жиноий жазо чораларини қўллаш ва тайинлашда қонун талабларига риоя этиб, бу содир этилган қилмишларнинг жамият учун хавфлилик даражасига етарли баҳо бериб келмоқдалар. Жумладан, 2021 йил 23 ноябрь куни ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор тадбири давомида, фуқаро Р.З “героин” гиёҳванд воситасини ўтказиш мақсадида, тадбирга харидор сифатида жалб этилган “А” исмли шахсга “героин” гиёҳвандлик воситасини сотишга келишиб, шу куни соат 14-30 ларда тадбирга харидор сифатида жалб қилинган “А” исмли шахс билан Янгиер шаҳар, Т.Малик МФЙ ҳудудида учрашиб, “А” исмли шахсдан махсус кукун билан ишлов берилган 900.000 сўм пулларни олиб, соат 16-20 ларда “А” исмли шахс билан учрашиб, унга 2 дона рангсиз целлофан бўлакларига жойланган “героин” гиёҳвандлик воситасини бериб, қолган 100.000 сўм пулларни олган вақтда ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган ва холислар иштирокида шахсий тинтув қилинган вақтда, унинг ёнидан тадбир учун ажратилган махсус кукун билан ишлов берилган 2 дона 50.000 сўмлик купюрадаги жами 100.000 сўм пуллар хамда “А” исмли шахсдан 2 дона рангсиз целлофан бўлакларига ўралган, сарғиш рангли, ўзидан ўткир ҳид тарқатувчи, оғирлиги тахминан 3-4 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш воситалар ашёвий далил сифатида олинган. Фуқаро Р.З кўп микдордаги гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадида ўзининг жиноий шериклари З.К, А.З ва терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган “Ж” исмли шахс билан бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, “Ж” исмли шахс томонидан олиб келинган героин гиёҳванд воситасини сотиш жиноятини қасддан содир этган. Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суднинг 2022 йил 14 март кунги айблов ҳукмига кўра судланувчи З.Р, З.А хамда К.Злар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, З.Р ва З.Ага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда К.Зга  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан ўн йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

                                                                                                                                                                                                  Жамшид  Ҳайдаров

                Жиноят ишлари буйича  Янгиер шахар судининг раиси                            

“Наполеон кодекси” ҳақида эшитганмисиз?

Узоқ асрлар давомида Франция Республикасида умумий ҳуқуқ нормаларини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаган, мамлакатнинг жанубий қисмларида рим ҳуқуқи амалда бўлган бўлса, шимолий қисмларида ҳуқуқни қўллашда фақат урф-одатларга асосланилган.  Жанубий сарҳадларда амалда бўлган рим ҳуқуқининг манбаси Феодосия кодекси ҳисобланган бўлса, шимолий ҳудудлардаги урф одатларга асосланган ҳуқуқ нормалари дастлаб ёзилмаган ҳолда, оғзаки равишда авлоддан авлодга ўтиб келган.  Бундан ташқари мамлакатда, рим-католик черковидан келиб чиққан диний қонунлар, қироллик фармойишлари, ҳамда француз парламентининг қарорлари ҳам ҳуқуқ манбаи сифатида амалда бўлган.   Мамлакатда умумий ҳуқуқ нормаларининг амалда эмаслиги, ҳар бир вилоятнинг ўзининг фуқаролик ҳуқуқининг мавжудлиги аҳоли ўртасида кўплаб зиддиятларни келтириб чиқарган.  Франция Республикасининг биринчи коньсули Наполеон Бонапарт ҳукумат тепасига келганидан сўнг, кенг қамровли маъмурий ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди.   Мамлакатда турли шароит ва инстанцияларда қабул қилинган фуқаролик ҳуқуқини белгиловчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, шунингдек, мамлакат яхлитлигини сақлаш, жамият ва давлат бошқарувини ислоҳ қилиш каби ислоҳотларни амалга ошириш учун ягона қонунчиликни яратиш ва тадбиқ этиш лозим эди.

Оддий ва тушунарли ёзилган ҳамда аҳолининг ҳар бир вакили учун етиб бориши мумкин бўлган қонун ҳужжати янги давлат қурилишида ҳуқуқий тартибни ўрнатиш учун асос бўлишини билган ҳолда, Наполеон Бонапарт биринчи навбатда Франция Республикасининг Фуқаролик кодексини яратишни асосий мақсад сифатида танлаган, 1799 йил 10 ноябрдаги Наполеон консуллигини ташкил этиш ҳақидаги декретда ҳам янги ҳукуматнинг яқин келажакда амалга ошириши лозим бўлган вазифаларидан бир шундан иборат эканлиги кўрсатилган.  Мазкур мақсадда Наполеон ташаббуси билан Республика консуллари томонидан 1800 йил 12 август куни Фуқаролик кодексининг лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинади, ҳамда кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул бўлган кодификация комиссияси тузилади. Кодификация комиссияси таркибига мамлакатда амалда бўлган барча ҳуқуқ нормалари бўйича юқори малакали юристлар танлаб олинади, эътиборли жиҳати, ушбу комиссия аъзоларининг 3 нафари Кассация судининг судьялари ҳисобланган.  Фуқаролик кодексининг лойиҳаси комиссия томонидан 4 ой муддат ичида ишлаб чиқилади ва Наполеонга тақдим этилади, дастлабки лойиҳа умумий 2280 моддадан иборат 4 та алоҳида китоб шаклида бўлиб, жами 36 та алоҳида қонунларни ўз ичига олган.  Фуқаролик кодексининг дастлабки лойиҳасини янада мукаммаллаштириш мақсадида лойиҳа юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазаларни олиш учун кодекс лойиҳаси Кассация судига ва Францияда ўша вақтда фаолият юритган жами 29 та апелляция судларига юборилган. Кодекс лойиҳаси бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириш учун 3 ой муддат белгиланган ҳамда шу муддат ичида таклифларни адлия вазирлигига юбориш сўралган.  Франция Республикаси Кассация суди раиси томонидан лойиҳани ўрганиш бўйича 5 нафар судьядан иборат комиссия ташкил қилади. Комиссия томонидан Фуқаролик кодекси лойиҳаси чуқур ўрганиб чиқилиб, 450 варақдан иборат таклиф ва фикр мулоҳазалар тайёрланади.  Комиссия томонидан билдирилган таклифларнинг бири сифатида қуйидаги мисолни келтириш мумкин, хусусан лойиҳанинг биринчи китоби 4-моддасида урф – одатлар қонун ҳужжатларининг бир қисми сифатида хизмат қилиши лозимлиги белгиланган бўлиб, Кассация суди томонидан мазкур модда урф одатлар ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун ҳужжатларининг амал қилмаслигига сабаб бўлиши мумкин эмаслиги ва улар ҳуқуқ нормаларига зид бўлмаслиги кераклиги ҳақидаги қоида билан алмаштириш таклиф қилинган.   Фуқаролик кодекси лойиҳаси юзасидан Апелляция судлари томонидан ҳам таклиф ва фикр мулоҳазаларни ишлаб чиқиш учун ишчи комиссиялари тузилиб, лойиҳа юзасидан тегишли таклифлар тайёрланган. Жумладан, Париж апелляция суди Кодекс лойиҳасининг биринчи китобида қонунчилик ҳужжатларининг аниқ ва умумий изоҳи мавжуд эмаслигини кўрсатиб, лойиҳада қонун ва меъёрий ҳужжатларга аниқ тушунча бериш лозимлигини таклиф қилган.   Судлар томонидан берилган таклифлар адлия вазирлигида жамланиб, кўриб чиқиш учун давлат кенгашига юборилган, шундан сўнг Фуқаролик кодекси лойиҳасининг муҳокамаси Наполеон бошчилигидаги давлат кенгашида давом этган.

Фуқаролик кодекси лойиҳасининг муҳокамаси бўйича давлат кенгашининг биринчи мажлиси 1801 йил 17 июлда бошланиб, сўнггиси 1804 йил 17 март куни якунланган, лойиҳа давлат кенгашининг жами 102 та мажлисида муҳокама этилган бўлиб, шундан 52 та мажлисда шахсан Наполеоннинг ўзи раислик қилган ҳамда кодексни қабул қилишда фаоллик кўрсатган.  Фуқаролик кодекси босқичма босқич овоз бериш йўли билан 36 та алоҳида қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали қабул қилинган. Франция Республикасининг 1799 йил 25 декабрдаги Конституциясига мувофиқ, давлат кенгаши томонидан лойиҳа кўриб чиқиш учун 100 нафар депутатдан иборат Трибунатга тақдим этилган, Трибунат томонидан лойиҳа маъқулланиб, кўриб чиқиш учун 300 нафар депутатдан иборат Қонунчилик корпусига юборилган, ўз навбатида Қонунчилик корпуси томонидан лойиҳа тасдиқланган.

1804 йил 21 март санасида қабул қилинган бирлаштириш ҳақидаги қонун ҳужжатига мувофиқ, 36 та босқичма босқич қабул қилинган қонун ҳужжатлари ягона Кодексга бирлаштирилган ва “Французларнинг Фуқаролик кодекси” номи остида нашр этилган.  Наполеон Бонапарт ташаббуси билан қабул қилинган “Французларнинг Фуқаролик кодекси” ёки “Наполеон кодекси”  кейинчалик бир неча бор унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлсада, лекин кўплаб мамлакатларнинг “Фуқаролик кодекс”ларини қабул қилишлари учун андоза бўлиб хизмат қилган.

Акмал Раҳимов

Сирдарё вилояти суди раисининг ўринбосари

Ҳуқуқшуноснинг ҳуқуқбузарлиги

    Гулистон шаҳар ҳокимлиги, болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири лавозимида фаолият юритган Шоҳруҳ Исоқов (исм шарифи ўзгартирилган) юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс бўла туриб, унга ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги каби жиноятни қуйидаги вақт, усул ва ҳолатларда қасддан содир этган. Хўш, жиноятга етаклаган «очкўзлик» бу ҳуқуқшуносни қай тариқа йўлдан оздирди?  

   Шаҳар ҳокимлигидаги лавозимидан фойдаланган Шоҳруҳ  Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2021 йилдаги 656-сонли Қарори билан тасдиқланган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини бузиб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш мақсадида, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган Мусаевни бюджет маблағлари ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш учун Гулистон шаҳридаги хонадонни фуқаро Мухаммадиевдан 8 минг АҚШ долларига сотиб олишга оғзаки келишиб, ТИФ “Миллий банк” Сирдарё вилоят филиалидан Мухаммадиевнинг номига омонат ҳисоб рақами ва тўлов картасини расмийлаштириб, ундан олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар тўлов картасини олиб қўяди. Нотариал идорада Мухаммадиев (сотувчи), Мусаев (олувчи) ва Гулистон шаҳар хокимлиги (сотиб олиб берувчи) ўртасида Гулистон шаҳридаги 3-хонадонни уч томонлама олди-сотди шартномасини тузишга эришади. Шартномада эса сотиб олинаётган хонадоннинг қийматини 122 млн. сўм миқдорида кўрсатиб, сотиб олинаётган ушбу хонадон учун 122 млн. сўм пул маблағларини Мухаммадиевнинг номига расмийлаштирилган тўлов картага тушириб олади. Картани ҳудди ўзиники билган Шоҳруҳ иш «ҳамирдан қил суғиргандек» осон битганидан ҳурсанд бўлиб, ушбу картадаги пул маблағларни нақдлаштиради. Шундан сўнг картанинг ҳақиқий эгаси Мухаммадиевга 8 минг АҚШ долларини нақд пулда тўлаб бериб, қолган 35 млн. 432 минг сўм бюджет маблағларини ўзлаштиради.

    Бундан ташқари, Шоҳруҳ Гулистон шаҳридаги 3-хонадоннинг қийматини 122 млн. сўм миқдорида кўрсатиб, 8 минг АҚШ долларидан ортган пулларни уйни таъмирлаш учун ишлатишини айтиб, пул маблағларини Мухаммадиевнинг номига расмийлаштириб, шартномага сохта маълумотлар киритилишига эришган.

    Ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракати билан ҳуқуқшунос Шоҳруҳ била туриб Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни қасддан содир қилган. 

     Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида ҳокимликнинг собиқ ҳуқуқшуносига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан тайинланган жазоларни қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

     Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзи ҳуқуқшунос бўлса-да, Қонунни била туриб унга ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишдек жиноятни содир қилган Шоҳруҳ энди ҳаётдан яхшигина сабоқ оладиган бўлди.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси

Саёқ юрганнинг таёқ ейиши

Жамиятда шундай инсонлар бўладики, улар кўчада мақсадсиз юришни одат қилгани етмагандек, атрофдагиларнинг ҳам тинчлигини бузишга ҳаракат қилади.   Гулистонлик  Сервер ҳам маст холатда тунгги вақтда кўчада саёқ юришни мақсад қилганлардан эди. Унинг навбатдаги манзили эса 8-сонли умумий ўрта-таълим мактабини ёнида жойлашган нонвойхонанинг ёни бўлди. Ўша тунда муқаддам судланган  Рустам ҳам мазкур нонвойхона ишчиларини ёнидан ўтиб қолади. Ўтганни ўроғини олишни оддий хол деб билган Сервер эса Рустамни кўриб қолади ва уни ёнига қўлидаги пичоғини ўйнатиб русча “ну что прикольнёмся” деб боради. Рустам эса  унга “пичоғингни ташла, агар шунчалик уришмоқчи бўлсанг, кетдик канал бўйига” дейди. Бу таклифдан руҳланган Сервер «Дўстлик» канали устидан ўтувчи кўприкнинг пиёдалар йўлаги бўйлаб қўлидаги пичоқ билан Рустамга эргашади.  Шунда Рустам ерда ётган бир дона ёғоч тахта бўлагини қўлига олиб Сервернинг чап оёғига икки марта уради. Шундан сўнг икки саёқнинг таёқ ва пичоқ иштирокидаги жанжали авжига чиқади. Суд мажлисида сўроқ қилинган Рустам  ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ерда ётган тахта ёғоч олиб бир неча маротаба Сервернинг  елкасига ёғоч тахта билан уриб тан жароҳати етказганлигини,  шундан сўнг, у ерга йиқилиб хушини йўқотганлигини маълум қилди. Яхшиямки, воқеа жойига етиб келган гувоҳлар  Сервер учун  тез тиббий ёрдам чақиради ва ўз вақтида шифохонага етказилади. Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган мазкур иш давомида  суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Сервернинг  тан жароҳатлари “Оғир тан жароҳати”деб баҳолангани маълум бўлди. Ишга оид шу каби далиллар ўрганилиб,  гувоҳларнинг кўрсатувлари эшитилиб, судланувчи Рустам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 107-моддаси билан айбли деб топилди. Суднинг ҳукмига кўра унга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ижроси Рустамнинг  яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси зиммасига юклатилди. Қиссадан ҳисса шуки, Сервернинг саёқ юриши Рустамдан  таёқ ейишига олиб келган бўлса, Рустамнинг тунгги бесамар сайрлари уни ахлоқи тузатилишга муҳтож эканлигини амалда тасдиқлаб берди.  Зеро халқимиз «Юрсанг саёқ ейсан таёқ» дея, бежизга айтмаган.

 

Улуғбек Жумаев

Жиноят ишлари бўйича

Гулистон шаҳар судининг раиси

 

Замонавий «қароқчилар»

Биз бадиий фильмлардагина қароқчилар иштирокидаги лавҳаларни томоша қилганмиз.  Ёки детектив асарлар орқали қароқчиларнинг қилмишлари ҳақидаги сюжетларни ўқиганмиз. Лекин сўз юритмоқчи бўлганимиз «қароқчилар» кино ёки ҳикояда эмас балки Сирдарё туманида истиқомат қилади. Энг қизиғи замонавий «қароқчилар» куппа-кундузи далада талончилик қилган ва гуруҳлари ота-болалардан иборат бўлган. Яъни Тўлқинов фарзандлари Баҳтиёр ва Дилшод билан  бир гуруҳ шахслар бўлишиб, тунгги соат 23:00 ларда Сирдарё тумани, “Хикматли” маҳалласи, Соҳил қишлоғида жойлашган фермер хўжалигидаги ўрилган беда прессларни талон-торож қилиш мақсадида, фермер хўжалиги дала майдонига беда прессловчи қишлоқ хўжалиги техникасини олиб киришиб, шу даланинг эгасига  тегишли бўлган бедаларни пресслаш ва даладан олиб чиқиб кетиш ишларини ташкиллаштиришган. Даласидаги руҳсатсиз ўрим-йиғимни кўриб қолган фермернинг ўғли ота-болаларни  тўхтатмоқчи бўлади. Шунда Тўлқинов ўзининг фарзандлари билан бирга унга ҳужум қилиб, қўлларида бўлган бедани йиғиштириш учун олиб келинган паншахадан қурол сифатида фойдаланиб, беда эгасининг дуч келган жойларига уриб, тан жароҳат етказишган. Оқибатда калтакланган шахс хушидан кетади. Паншаха дастаси синиб кетган бўлишига қарамасдан «қароқчилар» дўппсолашда давом этган ва ер эгасини   беда пресслаш учун олиб келинган ип билан қўл ва оёқларини боғлаб, бедани очиқдан-очиқ талон-торож қилишни давом эттиришган.

Ҳодиса содир бўлган жойга зудлик билан ички ишлар бўлими ходимлари етиб келган бўлишига қарамасдан Тўлқинов ўзиники бўлмаган 12 гектар ер майдонидан ўрилган ҳар бирининг нархи 22.000 сўмдан бўлган жами нархи 41.800.000 сўмлик 1.900 та пресс бедаларни талон-торож қилиб, дастлабки тергов жараёнида шахсини аниқлашни имкони бўлмаган фуқароларга сотиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ушбу жиноий ишга оид  суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, ер эгаси бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қулоқ сурпаси ва ўнг энса соҳаси гематомаси ва эзилган жароҳатлар, бош париэтал минтақасидаги гематома ва қонталашлари, кўкрак қафаси ва ўнг елка соҳасидаги қонталаш ва гематомалар, чап елка олди соҳаси, билак, тирсак ва бел соҳасидаги ҳамда чап товон, думғаза соҳасидаги шилинма, гематома ва қонталаш каби жароҳатлар соғлиқни қисқа муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст эканлиги аниқланган.

Буниси ҳам етмагандек, «қароқчилар» сардори Тўлқинов суд мажлисида, айбига иқрорлик билдирмасдан, ушбу фермер хўжалигини раиси уни акаси эканлигини, ушбу беда дала майдонида бедани пресслаш ишлари бўлаётганлигини, лекин ўша дала майдонида ким ишлаётганлигини билмаганлигини, у ерда бир ўзи бўлганлигини, шу вақти унга нотаниш бўлган бир одам “сен Одилмисан!” деб қўлидаги пичоғи билан ташланиб қолганлигини, уни пичоқ билан ўлдириб қўйиши мумкин бўлганлигини ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ер эгасини боғлаб қўйганлигини  билдириб, адолатли қарор қабул қилишни билдириб кўрсатув берди.

Лекин дастлабки терговда тўпланган ва суд муҳокамасида текширилган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари билан  мазкур жиноят ўз исботини топди.

Оқибатда  замонавий «қароқчилар»нинг  сардори  Тўлқинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли топилиб, унга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг ўғиллари Баҳтиёр ва Дилшод ҳам  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг   164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли топилиб, уларга тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу зайлда суднинг ҳукми билан замонавий «қароқчилар»нинг  ҳикояси ўз якунига етадиган бўлди. 

 

    Сайдулла Раззоқов

    Жиноят ишлари бўйича

     Сайхунобод туман судининг раиси

Гулистон шаҳрининг Истиқлол маҳалласи «қизил ҳудуд»дан қачон чиқади?

ЖИБ Гулистон шаҳар суди томонидан ўтказилган муҳокама йиғилишида шу саволга жавоб изланди. Маълум бўлишича ушбу маҳаллада 2022 йилнинг 5 ойи давомида 4 та жиноят содир этилган бўлиб, аксарияти вояга етмаган ва хотин-қизлар томонидан қасддан содир этилган.

Маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ва шаҳар ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчилари иштирокидаги муҳокамада маҳалла фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинди. Судланувчиларнинг шахси яширилган холда суд ҳукми билан 4 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазо турлари ҳам иштирокчиларга маълум қилиниб, маҳалла ҳудудида профилактик-назорат тадбирларини 24 соат давомида янада кучайтириш зарур, деган хулосага келинди.

Якунда муҳокама марказида бўлган «Истиқлол» маҳалласини «кўк ҳудуд»га ўтказиш борасидаги чора-тадбирлар ижроси ўзаро келишиб олинди.

Улуғбек Жумаев
жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси