Саёқ юрганнинг таёқ ейиши

Жамиятда шундай инсонлар бўладики, улар кўчада мақсадсиз юришни одат қилгани етмагандек, атрофдагиларнинг ҳам тинчлигини бузишга ҳаракат қилади.   Гулистонлик  Сервер ҳам маст холатда тунгги вақтда кўчада саёқ юришни мақсад қилганлардан эди. Унинг навбатдаги манзили эса 8-сонли умумий ўрта-таълим мактабини ёнида жойлашган нонвойхонанинг ёни бўлди. Ўша тунда муқаддам судланган  Рустам ҳам мазкур нонвойхона ишчиларини ёнидан ўтиб қолади. Ўтганни ўроғини олишни оддий хол деб билган Сервер эса Рустамни кўриб қолади ва уни ёнига қўлидаги пичоғини ўйнатиб русча “ну что прикольнёмся” деб боради. Рустам эса  унга “пичоғингни ташла, агар шунчалик уришмоқчи бўлсанг, кетдик канал бўйига” дейди. Бу таклифдан руҳланган Сервер «Дўстлик» канали устидан ўтувчи кўприкнинг пиёдалар йўлаги бўйлаб қўлидаги пичоқ билан Рустамга эргашади.  Шунда Рустам ерда ётган бир дона ёғоч тахта бўлагини қўлига олиб Сервернинг чап оёғига икки марта уради. Шундан сўнг икки саёқнинг таёқ ва пичоқ иштирокидаги жанжали авжига чиқади. Суд мажлисида сўроқ қилинган Рустам  ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ерда ётган тахта ёғоч олиб бир неча маротаба Сервернинг  елкасига ёғоч тахта билан уриб тан жароҳати етказганлигини,  шундан сўнг, у ерга йиқилиб хушини йўқотганлигини маълум қилди. Яхшиямки, воқеа жойига етиб келган гувоҳлар  Сервер учун  тез тиббий ёрдам чақиради ва ўз вақтида шифохонага етказилади. Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган мазкур иш давомида  суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Сервернинг  тан жароҳатлари “Оғир тан жароҳати”деб баҳолангани маълум бўлди. Ишга оид шу каби далиллар ўрганилиб,  гувоҳларнинг кўрсатувлари эшитилиб, судланувчи Рустам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 107-моддаси билан айбли деб топилди. Суднинг ҳукмига кўра унга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ижроси Рустамнинг  яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси зиммасига юклатилди. Қиссадан ҳисса шуки, Сервернинг саёқ юриши Рустамдан  таёқ ейишига олиб келган бўлса, Рустамнинг тунгги бесамар сайрлари уни ахлоқи тузатилишга муҳтож эканлигини амалда тасдиқлаб берди.  Зеро халқимиз «Юрсанг саёқ ейсан таёқ» дея, бежизга айтмаган.

 

Улуғбек Жумаев

Жиноят ишлари бўйича

Гулистон шаҳар судининг раиси