Қидирув:

Соҳил маҳалласидаги аёлларни қандай муаммолари бор?

Дилафрўз Назарова Гулистон шаҳрининг Соҳил маҳалласида истиқомат қилади. Унинг оиласи эҳтиёжманд оила сифатида рўйхатда тургани боис аёллар дафтарига рўйхатга олинган. Икки хўжалик учун мўлжалланган хонадонда тўрт оила яшаётгани сабабли бугунги кунда уни бир масала ўйлантириб келмоқда. Яъни яшаш хонадонига алоҳида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш.

Маҳаллада Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Қурбонов, иқтисодий ишлар бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси Ҳ.Набиев, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси К.Намозов ва жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси М.Омоновлар иштирокидаги қабулга келган Дилафрўз Назарованинг ушбу масаласига судьялар томонидан мерос ҳуқуқи асосида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириши мумкинлиги тушунтирилди.

Дилафрўз каби «Аёллар дафтари»да турган ўн икки нафар аёлнинг суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий мавзудаги мурожаатлари ўрганилди ва ечими билан боғлиқ ишлар назоратга олиниб, ижросига масъуллар бириктирилди.

Шунингдек сайёр қабулга кела олмаган хотин-қизларнинг хонадонига борилиб, уларни ўйлантириб келаётган масалалар суҳбатлар баённомасига киритилди. Шунчаки суратга тушиш ёки мурожаатларни қайд этиб қўйиш фикридан йироқ ҳолда ўтказилган сайёр қабуллар шу тариқа ўз самарасини бериши аниқ. Зеро ҳеч бир мурожаат бесабаб бўлмаганидек қабуллар ҳам ўз натижаси билангина ҳаётий ва амалий ҳисобланади.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси

Олтита қовунни деб судланган масъул

ёҳуд 6 та қовун деб 6000 АҚШ долларини назарда тутган Рахмонбердининг қилмиши ҳақида

Асли Ховос туманидан бўлган Раҳмонберди Гулистон шаҳар, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида бош мутахассис бўлиб ишлаб келаётган эди. Лекин мўмай даромад топиш илинжида унга ишонч билдирган шахсларни алдаш йўли билан фирибгарлик жиноятига қўл урди ва яхшигина иш жойидан қуруқ қолди.  Агар Раҳмонберди ўзи тушунмаган соҳага бош суқиб, аризмаган пул эвазига ўз виждонини пулламаганида эди, бугун суд мажлисида боши эгик холда судланувчи сифатида турмаган бўлар эди. Лекин у текин сариёғ фақатгина қопқонда бўлишини англаб етмади ва таниш-билишларидан фойдаланган холда тадбиркорни чув туширмоқчи бўлди.

Яъни  Янгиер шаҳрида яшовчи, кўп йиллардан буён унга таниш бўлган Элдор исмли шахс билан кўришиб қолганида унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли Қарорига асосан бутун Республика бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежовчи технологияларни кенг тарғиб қилиш кўзда тутилганлигини, унинг ушбу йўналишда фаолият олиб борадиган таниши борлигини айтади.

Шу боис Элдор ундан Сардоба туман ҳудудидан худди шундай йўналишда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ерларга сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш, қуриш ва худди шундай объектлар олишда туман ҳокимлигидан рухсат олишда ёрдам беришини, агар шундай объектлар олса у билан бирга шерикчиликда ишлашини маълум қилади. Раҳмонберди эса  кўпчилик худди шундай корхонаси бор шахслар туман ҳокимлиги билан гаплашиб ҳар бир гектарини 100-200 АҚШ долларидан олаётганлигини айтади. Савдоси чала пишган танишлар орадан бир ой ўтиб, яна хабарлашади.

Элдор унга Жиззах вилоятида сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш фаолияти билан шуғулланувчи таниши борлигини, ўша таниши уларнинг вилоятига келганлигини, уни ўша таниши билан гаплашиб кўришини сўраганлигини, сўнг, орадан бир қанча вақт ўтганидан кейин унинг ёнига нотаниш шахс келиб, ўзини Жиззах вилоятида фаолият юритувчи “DIDIVASH” хусусий корхонаси раҳбари деб таништириб, унинг сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш фаолияти билан шуғулланувчи корхонаси борлигини, шу сабабли унга қулай ва Жиззах вилоятига яқин бўлган Сардоба туманидан худди шу йўналишдаги ерларга сувни тежовчи технологияларни ўрнатмоқчи эканлигини, унга шундай объектларни олишида ёрдам беришини сўрайди. Раҳмонберди эса сувни тежовчи технологияларни қурилишини амалга ошириши учун “Сардоба кластери” билан шартнома тузишига туман ҳокими орқали рухсатини олиб бериши эвазига ҳар бир гектари учун 300 АҚШ долларидан пул беришини, лекин сувни тежовчи технологияларни 20 гектардан қилиб бўлиб қурилиши кераклиги сабабли дастлаб 20 гектар учун 6000 АҚШ доллари беришини айтади.

Ўзинининг қинғир ишига Сардоба туман ҳокимлигининг бир неча мансабдорлари ва ҳоким ҳайдовчисининг номини ҳам араштирган устамон йигит  «харидор» билан кўришиш учун жой белгилайди. Айтилган жойга айтилган пулни яъни  6000 АҚШ доллари пулларни олиб келган “DIDIVASH” хусусий корхонаси раҳбари бир даста 100 АҚШ доллари купюраларидаги пулларни Раҳмонбердига узатади. Шу пайт Раҳмонберди ўтирган автомашина ёнига бир неча нотаниш шахслар келишиб, ўзларини Департамент ва ДХХнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари деб таништириб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатишиб, фуқаро Мелиевнинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилаётганлигини маълум қилишади.

Қопқонга тушганини тушуниб етган Рахмонберди эса олган 6000 АҚШ долларидан 5000 АҚШ долларини Сардоба туман ҳокимининг ҳайдовчисига олиб бориб бериши кераклигини баён қилиб, вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлади. Унинг Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи номига ёзган пушаймонлик аризасига асосан ўзининг телефонидан Сардоба туман ҳокимининг ҳайдовчисига қўнғироқ қилиб, унга боролмаслигини, иши чиқиб қолганлигини, ўрнига боллар боришини, 5 та қовун олиб боришини, иш битгунча улар Сардобада қолишини айтади.  5 та қовун деб 5000 АҚШ долларини назарда тутган Рахмонбердининг таклифини ҳоким ҳайдовчиси рад этади ва ушбу масалада ҳокимнинг ўзи билан гаплашиши зарурлигини айтади.

Суд мажлисида ўз айбига тўлиқ иқрор эканлигини баён қилган Раҳмонбердини Сардоба туман ҳокими ва ҳайдовчиси билан таниш бўлсада,  тумандаги ерларга сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш борасида улар билан келишуви бўлмаганини тан олди. Судда кўрсатма берган сардобалик мансабдорлар ҳам Раҳмонбердининг қинғир ишига шерик бўлмаганини маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган мазкур иш якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 45,59,61-моддалари тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида, тайинланган ҳар-хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил судланувчи Раҳмонбердига ўташ учун бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, бир  йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Энди суд томонидан берилган жазони ўташ вақтида Рахмонберди текин қовунлар фақатгина қопқонда бўлишини англаб етадиган бўлди.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси

Судьяда ҳам қалб бор. Аммо унинг раҳмдиллигига қонунлар чегара қўяди

Судьяларга жамиятдан тобора ортиб бораётган талаблар, уларнинг одил судловни амалга оширишнинг махсус миссиясини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг касбий вазифаларини бажаришда, кундалик ҳаётда, оилада, жамиятда ва ҳоказоларда хатти-ҳаракатлари қоидаларига юқори талаб қўяди. Судья кунига 24 соат ҳакам бўлиб қолади.

Сирдарё вилоят суди раиси А. Худойбердиев билан эксклюзив интервью

Маъмурий суд томонидан “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди

“Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича” Республика комиссияси кенгайтирилган йиғилишининг 2022 йил 4 апрелдаги 1-сонли Баёнига асосан Ўзбекистон Республикасидаги барча судларга “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя кқлиш ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилган. Шунга асосан Сирдарё вилоят ва Гулистон туманлараро маъмурий судлари судьялари ва суд ходимлари томонидан 2022 йил 2-3 июль кунлари Сирдарё вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларида “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар билан сайёр учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси С.Рустамов ва Гулистон туманлараро маъмурий судининг судьяси С.Суванов ҳамда суд ходимлари томонидан Ширин шаҳридаги “Бунёдкор”, “М.Улуғбек”, “А.Темур” ва “Фарход” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳамда Ховос туманидаги “Оқчангал” ва “Чаманзор” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Хусусан, Ширин шаҳридаги 4 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 85 нафар ҳамда Ховос туманидаги 2 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 45 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга уларни қийнаётган муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, вилоят маъмурий суди судьяси М.Хайдаров ва суд ходимлари томонидан Гулистон туманидаги “Олтин водий”, Фурқат” ва “А.Яссавий” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 46 нафарига сайёр қабул жараёнида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Гулистон туманлараро маъмурий суди раиси Ҳ.Ёров ва суд ходимлари томонидан Сирдарё туманидаги “Оқ йўл”, “Интилиш” ва “Баҳор” маҳалла фуқаро йиғинларидаги “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларининг
40 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, Гулистон туманлараро маъмурий суди судьяси А.Бўриев ва суд ходимлари томонидан Сайхунобод туманидаги “Нурли-йўл”, “Гулистон”, “Шодлик” ва “Баҳмалсой” маҳалла фуқаро йиғинларидаги “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларининг 90 нафар сайёр қабул жараёнида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жами ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган хотин-қизлар 301 тани ташкил этиб, шундан 25 та 1 ва 2-гуруҳ ногиронларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, сайёр қабул жараёнида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг аксарияти ишсизлик, уй-жой масаласида, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ажратилиши ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан муаммолари мавжудлигини маълум қилишди. Сайёр қабул жараёнида, вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, айримларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, қонуний ҳал қилиш учун тегишли ташкилотларга юборилди. Вилоят ва туманлараро маъмурий судлар томонидан Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳарларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

 

  Собир  Рустамов 

Сирдарё вилоят маъмурий

судининг судьяси     

Иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб 985 та даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан Келиб тушган даъво аризаларининг 2 тасини қабул қилиш рад этилган,
63 та даъво аризалари эса қайтарилган. 660 та даъво аризаларига асосан қўзғатилган иқтисодий ишлар мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 526 таси қаноатлантирилган, 32 таси рад этилган, 90 таси кўрмасдан қолдирилган, 12 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 260 та ишлар ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.

Шу каби ва Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 29 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар манфаатида иқтисодий судларга мурожаат қилишда юзага келаётган мавжуд муаммолар, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган тўсиқлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар” мавзусида вилоят ҳудудида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда иштирок этган вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов, вилоят суди судьялари А.Сувонқулов, Ҳ.Мамарасулов ва Э.Соибназаровлар ҳамда Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Набиевлар томонидан тадбир иштирокчиларининг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар ва таклифлари тингланди. Хусусан, олтита оғзаки мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Тадбир давомида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

Мухтасар қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини амалда таъминланишига эришиш, иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали Савдо-саноат палатасининг аъзолари ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларга ҳуқуқий ёрдам бериш, охир-оқибатда уларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

Адашганларга имкон берилди

Янгиер шаҳри «Наврўзобод»  маҳалласи биносида Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.  Унда Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жами тўққиз нафар махкум тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш хақидаги тақдимномалари тўпланган хужжатлар билан биргаликда кўриб чиқилди.  Сайёр суд мажлисида Янгиер шаҳар прокурори ёрдамчиси  ҳамда Янгиер шаҳар ИИБ пробация гуруҳи катта инспекторининг Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномасини қаноатлантириш хақидаги фикрлари эшитилиб, махкумлар тингланди. Уларнинг шахси инобатга олиниб, шунингдек Жиноят Кодексининг 73-моддасида белгиланган жазо муддатини хақиқатда ўташганлиги инобатга олиниб, Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномаларини қаноатлантириш хақида ажримлар чиқарилди.

Ажримга кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан тўққиз нафар махкумлар ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоларини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Шунингдек ўтказилган суд жараёнида назорат остидаги шахсларларга  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жазонинг ўталмаган қисмида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда  жавобгарлик масаласи тушунтирилди.

Жамшид Хайдаров

жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси

Қарздорлик судгача бориб етганида

Сир эмаски, давлат бюджети учун коммунал тўловларнинг аҳамияти солиқ ва бошқа йиғимлардан кам эмас. Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган табиий ресурслар учун тўловларнинг ўз вақтида тўланмаслиги масъул давлат муассасаларининг қарздорликни суд тартибида мажбурий ундириш юзасидан даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилишлари учун асос ҳисобланади.

   Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Сирдарё вилоят туманлараро иқтисодий судларига табиий газ, электр энергияси ҳамда сув таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан жами 136 та даъво ариза (ариза)лар келиб тушган бўлиб, шундан 6 та даъво ариза (ариза)лар қайтарилган. Жами 117 та даъво ариза (ариза)лар иш юритишга қабул қилиниб, шундан 83 та даъво ариза (ариза)лар қаноатлантирилган, 2 та даъво ариза (ариза)ларни қаноатлантириш рад этилган, 5 та даъво ариза (ариза)лар эса кўрмасдан қолдирилган.

   Мазкур тоифадаги даъво аризалари (аризалар)ни иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларга киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 21 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Коммунал ташкилотлар томонидан даъво ариза (ариза)ларни судларга тайёрлаш, тақдим этиш ҳамда ишларни кўришда юзага келаётган мавжуд муамммолар, ҳужжатларни судларга тайёрлашда маъсул бўлган ходимлар томонидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш” мавзусида “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг ҳудудий корхоналари, “Сирдарё сув таъминот” МЧЖ, “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали ҳамда Савдо-саноат палатасининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раиси ва вилоят судининг судьялари томонидан судлов ҳайъати томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра коммунал қарздорликларни ундириш бўйича қабул қилиш рад этилган, қайтарилган, кўрмасдан қолдирилган ва рад этилган даъволар бўйича суд амалиётида маъсул ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар алоҳида таъкидлаб ўтилиб, юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди. Шу билан бирга тадбир қатнашчиларнинг мавзу юзасидан таклифлари ва фикрлари тингланди.    

Қисқа қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан мақсад, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга табиий газ, электр энергияси ҳамда сув таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан даъво ариза (ариза)ларни киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали мутасадди ташкилотлар ҳамда истеъмолчи ҳисобланган юридик ва жисмоний шахсларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси