Қидирув:

Хотин-қизларни ўйлантираётган муаммолар – бу ечими йўқ масала эмас

  Сирдарё туманининг «Пахтакор» ва «Баҳор» маҳалласи ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан мулоқотимиз давомида ана шундай хулосага келдик. Чунки мазкур икки маҳалладаги аёллар бугун ҳуқуқий саводохонликдан ташқари ўз ҳунарига ҳам эга. Фақатгина уларга тўғри йўлни кўрсатиб, янги иш бошлашига, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишида қўллаб-қувватлашга, ишончга муҳтож. Тўғри, бугун ушбу маҳаллаларнинг юздан ортиқ ҳунарли хотин-қизлари яшаш хонадонида тадбиркорлик, касаначиликни йўлга қўйган. Лекин ёш боласи бор ёки туғруқ таътилидаги аёлларга кимнингдир далдаси, ишончи керак. Масалан сайёр қабулимиз давомида «Аёллар дафтари»да турувчи хотин-қизлардан аксарияти боқувчисини йўқотгани, оилада вояга етмаган ёки ногиронлиги бор фарзандлари билан ўз тадбиркорлигини бошлашга қийналиб турганини баён қилди. Шунингдек, турмуш ўртоғи билан расман ажрашган аёллар томонидан алимент пулларини ўз вақтида ололмаётганлари  ёки собиқ турмуш ўртоғи билан ўртадаги  уй-жойини тўғри тақсимланишида низоларга дуч келаётгани ҳақидаги  мурожаатлар ҳам аёллар томонидан суҳбат баённомаларига киритилди. Яна маҳалла аёллари банкдан имтиёзли кредитларни олишда ҳам бир оз сарсонгарчиликка учраётганини маълум қилишди. Чунки қўлингизда пулингиз бўлмаса қандай иш бошлаш мумкин, агар банкдан кредит олсак эди, ўз ишимизни бошлаб, маҳалладош аёлларни ҳам банд қилган бўлар эдик, дея бизнес режалари ҳақида фикр алмашди маҳалла аёллари.  Шу каби қатор мурожаатлар суҳбат баённомаларига киритилар экан, тегишлилиги бўйича сектор раҳбарлари ва масъулларга назорат учун юборилишига келишиб олинди.

Демак, бугун маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари  билан ҳамкорликда ишламас эканмиз, хотин-қизларни ўйлантириб келаётган моддий ёрдам билан боғлиқ масалаларга  қисқа фурсатларда ечим топилар экан. Зеро, хотин-қизларни ўйлантираётган муаммолар – бу ечими йўқ масала эмас. Шунчаки, улар билан самимий мулоқот бўлса кифоя.

Шаҳноза Муҳамматқулова

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси

Нега кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди?

Сирдарёлик Даврон  «Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиалига нисбатан кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси билан  мурожаат қилди. Чунки Даврон  таниши Лазиза билан банк ўртасида тузилган кафиллик шартномасидаги имзоларни  тан олмади. Яъни  унинг имзолари сохталаштирилганлигини, мазкур ҳолат Гулистон шаҳар ИИБ ТБ катта терговчисининг қарори билан ўз исботини топганлиги, бу масалада экспертиза тайинланганлиги, натижада имзоси сохта эканлиги аниқланганлигини судга маълум қилди.

Буни қарангки,  «Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиали вакили  ва кафиллик шартномаси тузилган тарафлар  суд мажлисига келмади. Судда қатнашмаслигига асос бўлувчи   сабабларини ҳам маълум қилмади. Шу сабабли суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 220-моддасига асосан ишни мазкур шахсларнинг иштирокисиз кўришни лозим топди.

Суд ишда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, фуқаролик иш ҳужжатларини таҳлил қилиб, далилларга хуқуқий баҳо бериб, қўйидаги хулосага келди. Яъни  Даврон ва унинг таниши билан«Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиали  ўртасида  тузилган 2176-сонли кафиллик шартномаси қонун талабларига зид равишда битим тарафи бўлмаган шахс томонидан имзоланган.

Суд юқоридаги қонун талаблари ва аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, қарор қабул қилди. Яъни Давроннинг  даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2176-сонли кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди. Шунингдек, имзони сохталаштирган Давроннинг танишидан  600.000 сўм давлат божи ва 21.000 сўм почта харажатлари ундириладиган бўлди.

Шундай қилиб, танишига ишониб, кафил бўламан, деб ваъда берган Давроннинг банк билан келиб чиққан низоси суд орқали хал бўлди.

Шароф Мўминов

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси

Статистика-баҳолашнинг муҳим омили

Статистик кўрсаткичлар – бу иқтисодий судларнинг, қолаверса, ҳар бир судья ва суд ходимининг иш фаолиятини баҳолашнинг муҳим омилидир.

Бу кўрсаткичларни мунтазам равишда таҳлил этиш ва умумлаштириш иқтисодий судлар фаолияти самарадорлигини оширишда, шунингдек унга юклатилган масъулиятли вазифаларни бажаришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳусусан, Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг
саккиз ойи мобайнида жами 5130 та ишлар кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишлар бўйича  даъвогарлар фойдасига 352 млрд. 409 млн. 310 минг сўм ундириш бўйича суд қарорлари чиқарилган, шу жумладан иқтисодий судлар томонидан ишларни кўриб чиқишда дастлаб 1 млрд. 645 млн. сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, суд қарорлари билан Республика бюджетига 16 млрд. 551 млн. 830 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланган. 2021 йилнинг шу даврида эса 3798 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган бўлиб, даъвогарлар фойдасига 302 млрд. 975 млн. 420 минг сўм қарз, шу жумладан иқтисодий судлар томонидан ишларни кўриб чиқишда дастлаб 1 млрд. 095 млн. сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, суд қарорлари билан Республика бюджетига 10 млрд. 420 млн. 580 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланган. Ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 43 тани (2021 йилнинг шу даврида 42 та) ташкил этган.

Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида 12 та иқтисодий ишлар буйича шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган 14 нафар масъул мансабдор шахслардан ундирилиши лозим бўлган 4 млн 110 минг сўм жарима тўлиқ ундирилган, 27 та иш буйича моддий жавобгарликка тортилган 35 нафар масъул мансабдор шахслардан 41 млн 960 минг сўм етказилган моддий зарардан 27 млн 440 минг сўми хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларидан ундириб олиниши таъминланди. Хўжалик ишларини ҳал этиш жараёнида аникланган қонунбузишликлар ва камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан 17 та хусусий ажрим, 100 та тақдимномалар қабул қилиниб тегишли идораларга юборилган ва улар томонидан кўриб чиқилиб тегишли чоралар кўрилган.

Жорий йилнинг саккиз ойида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан кўриб чиқилиб тамомланган жами 5130 та иқтисодий ишлардан 3581 таси ёки 69,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Оммавий ахборот воситалари орқали жами 612 та чиқишлар қилинган ва мақолалар чоп этилган. Шундан телевидения дастурларида 35 та, радиоэфир орқали узатилган эшиттиришларда 53 та, газеталарда 42 та, журналларда 15 та ва веб-сайтларда 122 тани ташкил этган.

Вилоят ҳудудидаги қишлоқ фуқоролар йиғинларида, ўқув муассасаларда, корхона ва ташкилотларда жами 345 та маъруза ва давра суҳбатлари  ҳамда семинарлар ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига қонун ва қонуности ҳуқуқий ҳужжатлар, Олий суд Пленум қарорларига 79 та таклиф ва мулоҳазалар юборилган.

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларда айникса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар, дехқон-фермерлар, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмокда.

Хусусан, жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, деҳқон фермерларнинг манфаатида жами 522 та ишлар кўриб чиқилиб ҳал этилган бўлиб, ҳал этилган ишлар бўйича 59 млрд. 219 млн. 580 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Даъвогар манфаатида хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилган иқтисодий ишлар таҳлилига кўра кўрилган ишларнинг аксарияти маҳсулот етказиб бериш, контрактация шартномалари ва ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномалари юзасидан келиб чиққан низоларни ташкил этган.

Судлар фаолиятига илғор ахборот технология дастурлари, замонавий аудио видео қайд этиш, масофадан туриб судда иштирок этиш имкониятини берувчи технологиялар жорий этилган бўлиб, ҳозирда бошқа вилоятларда жойлашган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низолар бўйича суд мажлислари бевосита видеоконференцалоқа режимида ўтказилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг мазкур даврида жами 77 та иқтисодий ишлар бўйича суд мажлислари видеоконференция алоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, бу билан хўжалик юритувчи субъектларининг 22 971 360 сўм миқдордаги маблағлари тежалишига сабаб бўлинган.

Шунингдек, чет-эл инвестори ҳисобланган хорижий корхоналар иштирокида 82 та иқтисодий иш кўриб тамомланган, ўтган йилга нисбатан тамомланган ишлар 67 тага ёки 81,7 фоизга кўпайган. Бундан ташқари, ҳисобот даврида чет-эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар (қўшма корхона) иштирокида 62 та иқтисодий иш кўриб тамомланган.

 

Улуғбек Шерқўзиев

Сирдарё вилоят судининг

        мутахассиси   

Йўлларда хазон бўлаётган умрлар

Автомобиль эгаси бўлиш яхши албатта, бироқ ундан фойдаланиш, бошқариш ҳайдовчига муайян масъулият юклайди, ушбу масъулиятга панжа орасидан қараш эса, минг афсуски кимнидир мулкига, ҳаёти ва соғлиғига шикаст етказиш, айрим оилаларга эса ўрнини тўлдириб бўлмайдиган мусибат олиб келаётганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Биргина, жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди томонидан 2022 йил август ойида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (Жиноят кодекси 266-модда) билан боғлиқ 6 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, ушбу ишлардан 3 таси тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилган бўлса, 3 таси бўйича судланганларга жазо тайинланган айблов ҳукми чиқарилган.

Ачинарлиси, мазкур 3 та жиноят иши бўйича айбланувчилар умумий ҳисобда 4 нафар шахснинг ўлимига, шунингдек 1 нафар жабрланувчига енгил, 1 нафар жабрланувчига ўртача оғир шикаст етказилишига сабабчи бўлишган.

Ярашув асосида тугатилган ишлар бўйича айбланувчилар ўз ҳаракатлари оқибатини тушуниб етиб, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни тўлиқ қоплаб беришган.

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисмига мувофиқ, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида аниқлай олиши мумкин бўлган хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.

Мисол учун ҳайдовчи Н. 2022 йил 7 май куни соат 10.30 ларда ўзининг номига расмийлаштирилган “Нексия” русумли, автомашинасини Оқолтин тумани, Шодлик маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-373 автойўлининг 13 км.да Тошкент-Термиз йўналиши бўйлаб бошқариб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисми талабларини бузган ҳолда ҳаракатланиб, ўзи билан бир йўналишда, йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб турган А. исмли шахснинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.

Натижада автомашина ҳайдовчиси ва йўловчилари тан жароҳати олиб, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган йўловчига “соғлиқнинг қисқа муддатли бузилишига сабаб бўлган енгил шикаст”, автомашина ҳайдовчиси ва яна бир йўловчига “ўртача оғир шикаст” етказилганлиги аниқланган.

Шунингдек, транспорт-баҳолаш тадқиқоти бўйича мутахассис фикрига кўра, жабрланувчининг “Нексия” русумли автомашинасига 21.971.680 сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур иш бўйича айбланувчи айбига ихтиёрий иқрор бўлганлиги, қилмишининг оқибатини англаганлиги ва етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўриб, жабрланувчилар билан ярашувга эришганлиги муносабати билан иш ярашувга асосан тугатилди.

Бу каби мисолларни суд амалиётида кўплаб келтириш мумкин.

Жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, йўл-транспорт ҳодисаларини содир этилишига ҳайдовчилар томонидан “Йўл ҳаракатлари қоидалари”га риоя этмасликлари, аҳоли пунктларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдалар кесиб ўтиш жойларида қоида бузиш, светофор ёрдамида тартибга солинадиган чорраҳаларда светофор ишораларига буйсунмаслик, пиёдаларга, шу жумладан ёш болаларга эътиборсизликлари каби қоидабузарликлар сабаб бўлмоқда.

Мазкур тоифадаги жиноятларнинг содир этилишига яратилган шарт – шароитларни бартараф қилиш бўйича судлар томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБга хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилишига қарамасдан, ҳудудларда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари камаймаётганлиги ҳар бир шахсни хавотирга солади.

Аввало автомашина бошқараётган ҳайдовчи ўзига юклатилган масъулиятни чуқур хис қилиши, унинг биргина эътиборсизлиги ўзининг ва кимнидир оиласига фожеа, мусибат олиб келиши мумкинлигини англаши, “Йўл ҳаракати қоидалари”га оғишмай риоя этиши шарт.

Шундагина фуқароларимизнинг йўлларда умрлари хазон бўлишини, соғлиғи ва мулкига шикаст етказилишини олдини олишимиз мумкин бўлади.

  

               Хабибулло Сарманов

               Жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман судининг раиси

                                          

                                                                 

СУД ТИЗИМИДАГИ ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР ФУҚАРОЛАР УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг my.sud.uz интерактив хизматлари порталида қўйидаги хизматлар жорий қилинган бўлиб, фуқаролар судга бормасдан мазкур хизматлардан ойнлайн тарзида фойдаланишлари учун қулай имкониятлар яратилган.

  • Судга электрон мурожаат юбориш
  • Судга мурожаатлар намуналари (бланкалари)
  • Давлат божи калькулятори
  • Суд қарорлар тўплами
  • Электрон тўлов тизими
  • Суд мажлислари жадвали
  • Раҳбарият қабулига рўйхатдан ўтиш
  • Судлар ҳал қилув қарорларига шарҳлар
  • Иш ҳолатини онлайн кузатиб бориш
  • Масофадан туриб суд мажлисида иштрок этиш
  • Суд хабарномалари ва чақирувларини онлайн олиш
  • Мурожаатларни ТЕЛЕГРАМ бот орқали йўллаш.
  • Суд ҳужжатларига Апостиль қўйиш (эски суд қарорларга мухр босиб бериш)
  • Суд қарорини онлайн олиш.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
3 сентябрдаги 4818-сонли қарорининг бешинчи хат бошида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни 2022 йил 1 январдан бошлаб фақат электрон шаклда тақдим этиш  белгиланган. Бу тизим адвокатларга судларга келмасдан масофадан туриб, интернет тармоғи орқали даъво ариза, ариза ва шикоятларни фақат электрон тарзда юбориш имконини беради. Бу ўз навбатида ортиқча вақт ва маблағлар сарфланишининг олдини олади.

Олдинлари судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотлардан олинадиган маълумотлар қоғоз шаклида амалга оширилар эди. Тарафлар маълумот ва далилларни олиш учун ортиқча вақт ва маблағларни сарфлар эдилар. Иш юзасидан зарур маълумот ва далилларни олишга ўртача 10 кун талаб этилар эди.

Бугунги кунда қуйидагиларни назарда тутувчи Судларнинг ахборот тизимлари 28 та давлат органлари ва ташкилотлар билан интеграция қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда бугунги кунда суд тизимини рақамлаштириш судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

 

Бекзод Исаев
Сирдарё вилоят суди ахборот-коммуникация

технологиялари бўлими бош консультанти

 

 

КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВ БИР-БИРИДАН НИМАСИ БИЛАН ФАРҚ ҚИЛАДИ?

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, уларнинг қандай умумий ва фарқли жиҳатлари мавжуд? Буни билиш учун аввало келишув битими ва медиатив келишув тушунчаларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Келишув битими – ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил
18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 2-бандида берилган тушунтиришга кўра, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

Уларнинг умумий жиҳати шундаки, иккиси ҳам низоларни тинчлик ва муроса (дипломатик) йўл билан ҳал қилишга қаратилган низоларни муқобил ҳал қилиш усулидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 131-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Фарқли жиҳатлари эса талайгина бўлиб, қуйида уларни алоҳида таҳлил қиламиз.

Аввало, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида (ҳаттоки, ишларни апелляция ва кассация инстанциясида кўриш босқичларида ҳам) ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин (ИПК 131-модда);

иккинчидан, келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади, медиатив келишувни эса тасдиқлаш талаб этилмайди;

учинчидан, суд томонидан келишув битимининг тасдиқланиши иш юритишни тугатишга асос бўлади, шу сабабли айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди (ИПК 110, 111-моддалар). Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли (ИПК 107, 109-моддалар);

тўртинчидан, тарафлар ўртасида келишув битими бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шу сабабли, келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак, шунингдек келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан (неустойка)дан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Келишув битимининг унда белгиланган тартиб ва муддатларда ижро этилмаслиги суд томонидан манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ижро варақаси бериш учун асос бўлади. Медиатив келишувда эса, гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шунга кўра, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли;

бешинчидан, агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда эса, даъво аризаси тақдим этишда олдиндан тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилади (“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 18-модда).

Мухтасар қилиб айтганда, келишув битими ва медиатив келишув институтлари тарафларга ўрталарида юзага келган низоли масалаларни ўзаро келишув, дипломатик йўл билан ҳал қилиш усуллари бўлиб, алал оқибат низоли вазиятнинг муросаи-мадора йўли билан барҳам топилишига хизмат қилади.

 

Элёрбек Соибназаров

 Сирдарё вилоят суди судьяси

Skip to content