Уй сотиб олдим, лекин…
Яхши ният билан хонадон сотиб олсангизу, унга бошқа фуқаро ноқонуний равишда эгалик қилса, бу йиллар мобайнида пул жамғарган инсонга алам қилар экан. Оқолтинлик Зарифжон Остонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яқинда ана шундай холатга дучор бўлди. У тумандаги “Саҳоват” МФЙ ҳудудидан фуқаро Икром Сатторовдан унга тегишли бўлган хонадонларнинг бирини қонуний равишда олди-сотди шартномасига асосан сотиб олди. Лекин ушбу хонадонда шу пайтгача истиқомат қилиб келаётган жавобгар Гулбарчин Отаева мазкур уйни бўшатишдан бош тортди. Яъни мазкур уйда унинг ҳам ҳаққи борлигини, шу вақтгача уйни таъмирлаб, яшаб келаётганини важ қилди. Қўлида уйни сотиб олганлиги ҳақидаги қонуний ҳужжатлари бўлса-да, кўчиб кира олмаётган Зарифжон фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди ва ўзига тегишли бўлган хонадондан жавобгар Гулбарчин Отаевани мажбурий тартибда чиқаришни суддан сўради.
Ўтказилган очиқ суд мажлиси фуқаро Зарифжон Остоновнинг даъво аризаси қонуний равишда кўриб чиқиб, ФПКнинг 249-253-моддаларига кўра, жавобгар Гулбарчин Отаевани даъвогарга тегишли бўлган Оқолтин туман, “Саҳоват” маҳалласида жойлашган хонадондан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди. Шу тариқа суднинг тегишли қарори билан уй ўз эгасига насиб қиладиган бўлди.
Рамиз САПАРОВ
Фуқаролик ишлари бўйича
Оқолтин туманлараро суди раиси