Нега кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди?
Сирдарёлик Даврон «Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиалига нисбатан кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Чунки Даврон таниши Лазиза билан банк ўртасида тузилган кафиллик шартномасидаги имзоларни тан олмади. Яъни унинг имзолари сохталаштирилганлигини, мазкур ҳолат Гулистон шаҳар ИИБ ТБ катта терговчисининг қарори билан ўз исботини топганлиги, бу масалада экспертиза тайинланганлиги, натижада имзоси сохта эканлиги аниқланганлигини судга маълум қилди.
Буни қарангки, «Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиали вакили ва кафиллик шартномаси тузилган тарафлар суд мажлисига келмади. Судда қатнашмаслигига асос бўлувчи сабабларини ҳам маълум қилмади. Шу сабабли суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 220-моддасига асосан ишни мазкур шахсларнинг иштирокисиз кўришни лозим топди.
Суд ишда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, фуқаролик иш ҳужжатларини таҳлил қилиб, далилларга хуқуқий баҳо бериб, қўйидаги хулосага келди. Яъни Даврон ва унинг таниши билан«Ипотека банк» АТИБ Сирдарё вилоят филиали ўртасида тузилган 2176-сонли кафиллик шартномаси қонун талабларига зид равишда битим тарафи бўлмаган шахс томонидан имзоланган.
Суд юқоридаги қонун талаблари ва аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, қарор қабул қилди. Яъни Давроннинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2176-сонли кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди. Шунингдек, имзони сохталаштирган Давроннинг танишидан 600.000 сўм давлат божи ва 21.000 сўм почта харажатлари ундириладиган бўлди.
Шундай қилиб, танишига ишониб, кафил бўламан, деб ваъда берган Давроннинг банк билан келиб чиққан низоси суд орқали хал бўлди.
Шароф Мўминов
Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси