Банкни “чув” тушираман деб ўзлари чув тушди
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг навбатдаги очиқ суд мажлисида кўрилган ишда вилоятдаги тижорат банкларидан бирига сохта ҳужжатлар тақдим этиб банкни “чув” туширмоқчи бўлган уч нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Судда аниқланишича Дилноза (исми шартли ўзгартирилган) ва унинг куёви, Ойбек (исми шартли ўзгартирилган) фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш ҳақида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришиб, шу мақсадда Ойбекнинг номидан АТ “Асака банк” Сирдарё вилоят филиалига “ТRACKER” русумли автомашинасини сотиб олиш учун кредит ажратишни сўраб ариза билан мурожаат қилишган.
Шундан сўнг, кредит ажратилиши учун иш жойи ва иш ҳақи ҳақидаги маълумотлар зарур бўлганлиги сабабли, расмий равишда ҳеч қаерда ишламасалар-да, Дилноза Оқолтин туман давлат рўйхатидан ўтган “Оқолтин қурилиш” МЧЖ раҳбари Одилни (исми шартли ўзгартирилган) бу ҳужжатларни расмийлаштириб беришга кўндиради. Натижада Дилноза ва Ойбекни “Оқолтин қурилиш” МЧЖда ишлашлиги ва уларнинг ойлик иш ҳақлари тўғрисидаги қалбаки маълумотномаларни Одил ёрдамида сохталаштириб олиб, АТ “Асака банк” Сирдарё вилоят филиалига тақдим қилишади. Шундан сўнг мазкур банк томонидан Ойбекнинг номига 5 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 27 фоиз устама тўлаш шарти билан 150.900.000 сўмлик кредит ажратилиши ҳақидаги 2019 йил 27 июндаги 1760-сонли кредит шартномаси расмийлаштирилади. Олинаётган кредит учун эса Дилноза ва фуқаро Сарвар (исми шартли ўзгартирилган) кафил сифатида кўрсатилади.
Шартномага кўра, АТ “Асака банк” Сирдарё вилоят филиали томонидан ажратилган кредит пуллари эвазига Ойбекнинг номига “ТRACKER TRKAR” русумли автомашинасини сотиб олиб, “ТRACKER TRKAR” русумли автомашина кредитга гаров таъминоти сифатида қўйилиши лозим бўлса-да, гаровга қўйишмасдан, 2019 йил 15 октябрда нотариал тасдиқланган шартномага асосан фуқаро Алимжановга сотиб юбориб, пулини шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборишади. Ўрага сичқон тушди гулдир-гуп, мақолини ўз ҳаётида синаб кўрмоқчи бўлган бу “уддабурон”ларнинг қилмиши ҳеч қанча вақт ўтмай ошкор бўлди.
Ўтказилган суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар ва банк ходимларининг кўрсатмалари эшитилиб, далиллар ўрганиб чиқилди ва Дилноза, Ойбек ва Одилларга нисбатан суднинг якуний ҳукми ўқилди.
Яъни Дилнозага Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазолар қисман қўшилиб, узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, яъни ўттиз уч миллион тўрт юз эллик минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Ойбекга узил-кесил ўташ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 196,5 баравари, яъни қирқ уч миллион саккиз юз ўн тўққиз минг беш юз сўм жарима жазоси тайинланди.
Ҳали суд томонидан белгиланган жазо муддати тугамай туриб, яна жиноят содир этгани учун Одилга Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 60-моддасига асосан, жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳукми билан тайинланган 2 йил 4 ой 15 кун озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган 8 ой 9 куни мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил сутканинг соат 22:00дан соат 05:00гача бўлган вақт оралиғида яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда уч йил саккиз ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Шу тариқа ўзларига берилган жазодан тўғри хулоса чиқармаган холда яна кимнидир “чув” тушириш орқали даромад топишни режа қилган бу жиноий гуруҳнинг қилмишига суд залида чек қўйилди.
Улуғбек Жумаев
жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси