Судга мурожаат қилиш тартибини биласизми?
Хўш, судга мурожаат қилиш учун қандай ҳаракатларни амалга ошириш лозим деб ўйлайсиз? Аввало, талаб ёки мурожаат қайси судга ёки бошқа ваколатли органга тегишли эканлигини аниқлаш ҳамда ариза ёки даъво ариза матнини белгиланган тартибда тайёрлаш, шунингдек унга илова қилиш учун арзингизни исботловчи ҳужжатларни тайёрлаш, судга ариза берганлик учун тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлаш ва тўлаш ва шундан сўнггина ариза(даъво ариза)ни топшириш лозим бўлади.
Фуқаролик процессуал кодексининг меъёрларига кўра фуқаролик иши якка тартибда ёки ҳайъатда кўриб чиқилади. Фуқаролик ишини юритишда процессуал ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг мақоми ўзига хос хусусиятга эга, суд иштирокчилари иш юритишнинг турлари бўйича қуйидагича тавсифланади.
-даъво тартибида юритиладиган ишларда- даъвогар ва жавобгар;
–буйруқ тартибидаги ишларда– ундирувчи ва қарздор;
–алоҳида тартибда юритиладиган ишларда- аризачи ва манфаатдор;
–ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни юритишда аризачи ва манфаатдор шахс;
–чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судлари(арбитражлари)нинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларда-ундирувчи ва қарздор.
Мурожаатчи ариза(даъво ариза)ни тайёрлаш жараёнида тарафларнинг ушбу тавсифларини билиши ва тўғри қўллаши муҳим ҳисобланади.
Булардан ташқари, тарафлар(даъвогар ва жавобгар) суд жараёнида процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланадилар.
Даъвогар билдирилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар тақдим этишга, даъво талабларининг миқдорини оширишга ёки камайтиришга, улардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли бўлса, ўз навбатида жавобгар даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олишга, қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида ишни келишув битими тузиш ёки биринчи инстанция судида суд алоҳида хона(маслаҳатхона)га суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар медиатив келишув тузиш орқали тугатишга ҳақлидир. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онги юксалиши тарафлар ўртасида низолар келиб чиқишининг олди олинишига, келиб чиққан низоларнинг эса ўз вақтида бартараф этилиши ва муносиб ечим топилишига хизмат қилади.
Матлюба Умматқулова
Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси