Хотин-қизларни ўйлантираётган муаммолар – бу ечими йўқ масала эмас
Сирдарё туманининг «Пахтакор» ва «Баҳор» маҳалласи ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан мулоқотимиз давомида ана шундай хулосага келдик. Чунки мазкур икки маҳалладаги аёллар бугун ҳуқуқий саводохонликдан ташқари ўз ҳунарига ҳам эга. Фақатгина уларга тўғри йўлни кўрсатиб, янги иш бошлашига, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишида қўллаб-қувватлашга, ишончга муҳтож. Тўғри, бугун ушбу маҳаллаларнинг юздан ортиқ ҳунарли хотин-қизлари яшаш хонадонида тадбиркорлик, касаначиликни йўлга қўйган. Лекин ёш боласи бор ёки туғруқ таътилидаги аёлларга кимнингдир далдаси, ишончи керак. Масалан сайёр қабулимиз давомида «Аёллар дафтари»да турувчи хотин-қизлардан аксарияти боқувчисини йўқотгани, оилада вояга етмаган ёки ногиронлиги бор фарзандлари билан ўз тадбиркорлигини бошлашга қийналиб турганини баён қилди. Шунингдек, турмуш ўртоғи билан расман ажрашган аёллар томонидан алимент пулларини ўз вақтида ололмаётганлари ёки собиқ турмуш ўртоғи билан ўртадаги уй-жойини тўғри тақсимланишида низоларга дуч келаётгани ҳақидаги мурожаатлар ҳам аёллар томонидан суҳбат баённомаларига киритилди. Яна маҳалла аёллари банкдан имтиёзли кредитларни олишда ҳам бир оз сарсонгарчиликка учраётганини маълум қилишди. Чунки қўлингизда пулингиз бўлмаса қандай иш бошлаш мумкин, агар банкдан кредит олсак эди, ўз ишимизни бошлаб, маҳалладош аёлларни ҳам банд қилган бўлар эдик, дея бизнес режалари ҳақида фикр алмашди маҳалла аёллари. Шу каби қатор мурожаатлар суҳбат баённомаларига киритилар экан, тегишлилиги бўйича сектор раҳбарлари ва масъулларга назорат учун юборилишига келишиб олинди.
Демак, бугун маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда ишламас эканмиз, хотин-қизларни ўйлантириб келаётган моддий ёрдам билан боғлиқ масалаларга қисқа фурсатларда ечим топилар экан. Зеро, хотин-қизларни ўйлантираётган муаммолар – бу ечими йўқ масала эмас. Шунчаки, улар билан самимий мулоқот бўлса кифоя.
Шаҳноза Муҳамматқулова
фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси