«Уддабурон» суғуртачига суд ҳукми ўқилди

   Сирдарё вилоятидаги суғурта ташкилотларидан бирида бўлинма раҳбари лавозимида туппа-тузук ишлаб келаётган Исмоил кўпгина мижозларнинг ишончига кирган, ҳамкасблари орасида ҳам ишдаги фаоллиги сабаб ҳурсатга эга эди.   Лекин у қўлига тушаётган жарақ-жарақ пулнинг ҳидига мас бўлдими, ё бошқа сабаб  олти ой давомида ўзининг моддий жавобгарлигига 970 дона суғурта полисларини олиб, мижоз сифатида мурожаат қилган 570 нафар мижозлар билан жамият номидан шартномалар тузиб ҳамда полисларни расмийлаштириб бериб, фуқаролар томонидан суғурта полислари учун тўланган жами 31.266.723 сўм миқдоридаги пул маблағларини қабул қилиб, мазкур нақд пул маблағларини филиалнинг ғазнасига ва банк муассасадаги ҳисоб рақамига топширмасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида судланувчи сифатида сўз олган “уддабурон” суғуртачи олинган суғурта полисларни мижозларга тарқатганлиги ва улардан келиб тушган маблағларни ойлик иш ҳақи ва суғурта мукофотини олмаганлиги учун филиал ҳисоб рақамига туширмасдан ўзининг ойлик иш ҳақиси сифатида ишлатганини маълум қилди. Шунингдек, аниқланган 31 миллиондан ортиқ пул маблағини атайлаб тўламаётганлиги қачонки, суғурта компаниясидан  ушбу пулларини олсагина  тўлаб беришини режалаштирган суғуртачи бу иши аслида қонунга хилоф эканлигини кеч бўлса-да, англаб етди.  Ҳозирги кунга келиб у ушбу аниқланган камомадни  яъни зарарни тўлиқ тўлаб берганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.

Суд суғуртачи Исмоилни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини  тайинлади. Шунингдек, бир йил муайян ҳуқуқдан, яъни тадбиркорлик субъекти ҳисобланмаган корхона, ташкилот ва муассасаларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Суғурта ташкилоти билан ўзаро олди-бердисини мижозларнинг суғурта пуллари билан алмаштирган ушбу суғурта ходимининг қилмиши автомашинасини суғурта қилдирмоқчи бўлган  фуқароларни ҳушёрликка чорлаши аниқ.

 

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон

шаҳар судининг судьяси