ИШ БЕРУВЧИ ХОДИМНИ ИШДАН ЧЕТЛАШТИРИШИ ШАРТ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

Ишдан четлаштириш ходимни меҳнат мажбуриятларини, қоида тариқасида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бажаришга вақтинча йўл қўймасликдир.

Маълумки, 2022 йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида” ги ЎРҚ-798-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тасдиқланди ҳамда ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Мазкур Қонун билан бир нечта қонунлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги
161-I-сонли Қонуни ҳам Янги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси кучга кирганидан сўнг ўз кучини йўқотиши белгилаб қўйилди.

Янги тасдиқланган Меҳнат кодексининг 151-моддасида иш берувчи ходимни ишдан четлаштириши шарт бўлган ҳолатлар санаб ўтилди.

Унга кўра, иш берувчи:

қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органларининг талабига кўра;

алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келганида ёки ишда бўлганида;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаганда;

мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганда;

ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатмалар аниқланганда;

тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра тўрт ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга ўтказишга муҳтож бўлган ходимни ўтказиш рад этилганда ёхуд иш берувчида иш мавжуд эмаслиги муносабати билан бундай ходимга тегишли ишни таклиф этиш мумкин бўлмаганда;

ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаганда ходимни ишдан четлаштириши шарт.

Шунингдек, ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишдан четлаштиришга ҳақли.

Хизмат текшируви ўтказилган тақдирда ҳам, агар муайян ходимнинг ишда бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит беради деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса, иш берувчи ходимни ишдан четлаштиришга ҳақли.

Таъкидлаш жоизки, ходимни ишдан четлаштириши шарт бўлган ҳолатлар 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ўз аксини топмаган эди.

Ишдан четлаштириш билан боғлиқ қоида эса фақатгина битта моддада (113-модда) қисқа баён қилинган, кўп ҳолатлар  очиқ қолган эди. Янги тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида эса 151-154-моддаларни ўз ичига олган алоҳида “Ходимни ишдан четлаштириш” деб номланган “4-§”да батафсил ўз ифодасини топган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, янги тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси келгусида ходимни ишдан четлаштириш, уни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳолатларнинг тўғри юритилишига, иш берувчи ҳамда ходим ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоли вазиятларнинг олди олинишига хизмат қилади.

 

Акмал  Бозорбоев

Сирдарё вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси