Автомашинангизни эҳтиёт қилинг бўлмаса…
Сардобалик Каримов тумандаги кўп қаватли уй олдида қаровсиз қолдирилган, фуқаро Абдурахмоновага тегишли бўлган оқ рангли, “NEXIA GLE” русумли автомашинани калити жойида қолдирилганлигидан фойдаланиб олиб қочади. «Ўлжа»сини яшаш хонадонига олиб бориб, автомашинанинг захира ғилдираги ва автомашинага ўрнатилган 100 литр ҳажмли темир газ баллонини ечиб олиб яшириб қўяди. Авто улови тўсатдан ғойиб бўлганидан хабар топган жабрланувчи эса зудлик билан ҳуқуқ тартибот органларига хабар қилади. Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида автомашинани ўғрлашда гумондор бўлган Каримовнинг яшаш хонадони тинтув қилинади. Тинтув натижасида яшириб қўйилган «тойчоқ» Каримовнинг молхонасидан топилади. Ўтказилган транспорт баҳолаш экспертизасининг хулосасига кўра “NEXIA GLE” русумли автомашинага 38.296.000 сўм миқдорда моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Судланувчи Каримов суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тўла тасдиқлашини, автомашина газ балони ва қўшимча баллонни ечиб олиб уйига яшириб қўйгани, қолган нарсаларини ечишга имкони бўлмагани, ечиб олинган нарсалар ўзига тегишли бўлган автомашинага тушмаслигини, харидор чиқса сотиб юбориши мумкинлигини, жабрланувчига етказилган зарар тўла қоплангани, қарамоғида оиласи ва вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб суддан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди. Лекин энди кеч бўлганди. Яъни судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил беш йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноят ишидан нафақат судланувчи балки жабрланувчи ҳам тўғри хулоса чиқарди. Чунки шахсий автомашинасини қаровсиз ҳолда қолдириш ана шундай нохуш холатлар билан тугаши аниқ. Зеро халқимиз ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма, дея бежизга айтмаган.
Зафаржон Расулов
Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг раиси