Қарз шартномаси нима?

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъий назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.

Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

 

                                                                                                                                                                                                     Бекзод Худайберганов

    Сирдарё вилоят судининг судьяси