ХОДИМ ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛСА…

Савол:Интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун ходим қандай жазога тортилиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 174-моддасига кўра, корхонада меҳнат тартиби иш беруви касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.

Корхона ички меҳнат тартиби қоидалари барча ходимлар кўришлари учун кўринадиган жойга илиб қўйилади. Ҳар бир ходим юклатилган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан таништирилиши лозим.

Интизомий ножўя хатти-ҳаракат деганда ходим томонидан қасддан ёки эҳтиётсизлик билан ўзининг ғайриқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида корхонада ўрнатилган тартиб-қоидаларни, ўз хизмат бурчларини, иш берувчининг қонуний талабларини бажармаслиги, ишлаб чиқаришга моддий ёки бошқача тарзда зиён етказувчи оқибатларга сабаб бўлиши тушунилади.

Ходимнинг ножўя хатти-ҳаракати бевосита меҳнат вазифалари бажарилмаслиги билан боғлиқ бўлиши лозим. Хизмат вазифасига тааллуқли бўлмаган соҳалардаги ҳаракат учун жазога тортиб бўлмайди.

Меҳнат Кодекснинг 181-моддасига кўра, ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима қўллашга ҳақли. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ходимларни асоссиз ва адолатсиз интизомий жазо қўллашдан ҳимоялаш ҳамда интизомий жазога тортилаётган ходимнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида уни қўллашнинг қатъий тартиби белгилаб қўйилган бўлиб, бу тартибга амал қилмаслик иш берувчининг ҳаракатини ноқонуний тарзда интизомий жавобгарликка тортиш, деб баҳоланишига сабаб бўлади. Ноқонуний равишда қўлланилган интизомий жазо бу ҳақдаги низони кўрган ваколатли орган томонидан бекор қилинади.

Интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар,  яъни корхона раҳбари, корхона мулки эгаси ёки мулкдор ўзи вакил қилган органлар, корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви каби) томонидан қўлланилади.

Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

МКнинг 164-моддасига ва умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Мазкур модданинг 2-қисми 6-бандига асосан интизомий жазо сифатида қўлланилган жаримани ундириш ҳолларида ходимнинг розилигидан қатъий назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.

Интизомий жазо сифатида жарима солиш бозор муносабатлари тамойилларига таянган ҳолдаги жазо бўлиб, ходимга иқтисодий таъсир ўтказиш орқали уни интизомга риоя қилишига мажбурлаш мақсадини кўзлайди. Интизомий жазо чораси сифатидаги жариманинг энг кўп миқдори қонун билан чекланган, унинг энг кам миқдори эса белгиланмаган.

Интизомий жазо устидан якка меҳнат низоларини кўриш учун белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувда меҳнат низолари комиссияларини тузиш назарда тутилиши лозим. Меҳнат низолари комиссиялари иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи томонидан тенглик асосида тузилади. Якка меҳнат низолари ходимнинг иш жойида тузилган меҳнат низолари комиссияси ёки бевосита фуқаролик судларига мурожаат қилишга ҳақли. Судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, ҳаққоний меҳнат шартлари асосида ишлаш ва қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади.

Саволга Сирдарё вилоят суди судьяси  Дилфуза Жўраева жавоб берди.