Судлар фаолияти рақамлаштирилганидан хабардормисиз?
Яқингача судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотлар ўртасидаги маълумотлар фақат қоғоз шаклида амалга оширилган бўлиб, ушбу маълумотларни олиш учун ортиқча вақтни талаб қилганлиги натижасида белгиланган суд мажлисларининг чўзилишига, фуқароларнинг судда кутиб қолишларига, кези келганда эса сарсон бўлганлиги оқибатида уларнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этилиши орқали одил судловга эришишга ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Хусусан, судларда барча ишлар судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Судларнинг ахборот тизими Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат солиқ қўмитаси, ИИБ, ЙХХБ, кадастр, ФҲДЁ, Нотариус, коммунал хизматлари, Марказий банк, Узархив, пенсия, ягона миллий меҳнат тизими, суд экспертиза тизими, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухий-асаб касалликлари ва наркология диспансерлари билан интеграция қилинган бўлиб, судлар томонидан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар, хусусан жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар тегишли идоралар ва ташкилотлардан судларнинг электрон сўрови асосида бепул электрон шаклда тезкорлик билан олинмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари портали орқали судга электрон мурожаат юбориш, мурожаат намуналари, давлат божи калькулятори, суд қарорлар тўплами, электрон тўлов тизими, суд мажлислари жадвали, раҳбарият қабулига рўйхатдан ўтиш, иш ҳолатини онлайн кузатиб бориш, масофадан туриб суд мажлисида иштирок этиш, суд хабарномалари ва чақирувларини, шунингдек суд қарорни онлайн олиш, мурожаатларни телеграм бот орқали йўллаш каби хизматлар ҳам жорий қилинган бўлиб, фуқароларнинг судга бормасдан ойнлайн тарзида фойдаланишлари учун кенг имкониятлар яратилди.
Юқоридаги Қарорга асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш белгиланган бўлиб, эндиликда улар судга келмасдан масофадан туриб интернет тармоғи орқали судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон тарзда юборишлари ҳамда видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи
TE Desktop дастури орқали онлайн суд процессларида иштирок этишлари мумкин.
Шунингдек, судларда инфакиоскалар ҳам ўрнатилган бўлиб, фуқаролар ушбу қурилмадан фойдаланган ҳолда billing.sud.uz сайти орқали давлат божи, почта харажатлари квитанцияси хос рақамини шакллантириб, банкка бормасдан пластик карта орқали тўловларни амалга ошириш каби қулайликлар ҳам яратилди.
Суд фаолиятида амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар, аввало, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали одил судловга эришиш учун қаратилган.
Сарагул Намазбаева
Сирдарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси