СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИДА МУЛКНИНГ АМОРТИЗАЦИЯСИ

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори солиқ қонунчилигини ислоҳ қилиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ мажбуриятларини енгиллаштириш, имтиёзлар бериш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ишларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон Қонуни билан 2007 йил 25 декабрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-360-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил                   7 январдаги 1-сонли қарори билан “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида” ги Низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2021 йил 2 ноябрдаги манфаатдор вазирлик, агентлик, уюшма ва бошқа ташкилотлар билан келишилган 68-сонли буйруғи билан “Давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлар сметаси ҳамда молиявий ҳисоботларини тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисида” ги Низом тасдиқланди ва ҳоказо.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятининг моддий-техника базаси, асосий воситалар, бинолар, иншоотлар, машина ва ускуналар, хизмат муддати бир йилдан кўп бўлган бошқа воситалари мулк ҳисобланади.

Барчамизга маълум бўлган хусусият, субъектларнинг асосий воситалари фойдаланиш жараёнида аста-секин эскириб боради. Бу эскиришнинг иқтисодий моҳияти шундан иборатки, асосий воситалар ўз қийматини ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархига ўтказиб, истеъмол қийматини аста-секин йўқотиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 306-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи амортизация қилинадиган активлар сифатида ҳисобга оладиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикасида бирлик учун белгиланган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридан юқори бўлган, солиқ тўловчида мулк ҳуқуқи асосида турган ва солиқ тўловчи томонидан товарларни ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ёки маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун давомийлиги ўн икки ойдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланиладиган мол-мулк солиқ солиш мақсадларида асосий восита деб эътироф этилади.

Солиқ тўловчи солиқ даври учун солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида мол-мулк қийматини асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун мол-мулкнинг энг кам чегарасини белгилашга ҳақли.

Солиқ қонунчилигига кўра, қуйидаги активлар амортизация қилинмайди:

1) ер ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);

2) маҳсулдор чорва моллари;

3) ахборот-кутубхона фонди;

4) музей ашёлари;

5) моддий маданий мерос объектлари;

6) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлкалар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;

7) қиймати солиқ солиш мақсадида ушбу солиқ тўловчида илгари тўлиқ харажатлар жумласига киритилган амортизация қилинадиган актив;

8) солиқ тўловчи томонидан амортизация қилинадиган активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар;

9) бюджет ташкилотларининг амортизация қилинадиган активлари, бундан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилиши муносабати билан сотиб олинган ва бундай фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган амортизация қилинадиган активлар мустасно;

10) мақсадли молиялаштиришнинг бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинган (яратилган) амортизация қилинадиган активлар.

Ижарага берувчининг розилиги билан ижарага ва бепул фойдаланишга берилган амортизация қилинадиган активга ижарага олувчи томонидан амалга оширилган ажратиб бўлмайдиган яхшилаш шаклидаги капитал қўйилмалар ҳам амортизация қилинадиган актив деб эътироф этилади.

Молиявий ижара шартномаси (лизинг шартномаси) бўйича олинган амортизация қилинадиган актив ижара (лизинг) объектини олувчида амортизация қилинадиган активлар таркибига киритилади.

Асосий воситаларнинг баланс қийматига нисбатан бир йиллик фоизлар ҳисобида белгиланади ва давлат томонидан ягона тартибда тасдиқланади. Ўрнатилган меъёрлар барча субъектлар учун ягона ва мажбурий бўлиб ҳисобланади.

Амортизация қилинадиган барча активлар бўйича амортизацияни ҳисоблаш амортизациянинг қуйидаги энг юқори нормалари қўлланилган ҳолда тўғри чизиқли усул орқали фоизларда амалга оширилади:

Биринчи гуруҳ тоифасига кирувчи биноларга беш фоиз, иншоотларга эса ўн фоиз;

иккинчи гуруҳ тоифасига кирувчи қувурлар, электр узатиш ва коммуникациялар линияларига ўн беш фоиз;

учинчи гуруҳ тоифасига кирувчи транспорт ускуналаридан ташқари машиналар ва ускуналарга йигирма фоиз;

тўртинчи гуруҳ тоифасига кирувчи транспорт ускуналарига:

шу жумладан, ҳаво ва космик учиш аппаратлари ва улар билан боғлиқ ускуналар, кемалар ва қайиқлар, локомотивлар ва ҳаракатдаги таркиб (темир йўл таркиби) га ўн фоиз;

автотранспорт воситалари, автомобиль кузовлари (корпуслари), тиркамалар ва ярим тиркамалар, бошқа транспорт ускуналари учун йигирма фоиз;

бешинчи гуруҳ тоифасига кирувчи компьютерлар ва периферия ускуналарига қирқ фоиз;

олтинчи гуруҳда эса юқорида санаб ўтилган бешта гуруҳ тоифасига киритилмаган амортизация қилинадиган активларга ўн беш амартизация харажатлари қўлланилади.

Солиқ солиш мақсади учун амортизация суммаси солиқ тўловчилар томонидан ҳар ойда аниқланади. Амортизация ҳар бир амортизация қилинадиган актив бўйича алоҳида ҳисобланади ҳамда унинг бошланғич қийматининг ва ушбу объект учун белгиланган амортизация нормасининг кўпайтмаси сифатида аниқланади.

Амортизацияни ҳисоблаш амортизация қилинадиган активнинг қиймати тўлиқ ҳисобдан чиқарилган санадан эътиборан ёки бундай актив солиқ тўловчининг амортизация қилинадиган активлари таркибидан ҳар қандай асосларга кўра чиқарилганда тугатилади.

Амортизацияни ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия Ҳисобининг Миллий Стандарти (5-СОНЛИ БҲМС), асосий воситаларни тасдиқлаш тўғрисидаги миллий стандарти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси орқали тартибга солинади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, асосий воисталарга амортизация ҳисоблаш қуйидаги усулларда бажарилади:

  1. Амортизацияни тўғри чизиқли усулда ҳисоблаш;
  2. Бажарилган иш ҳажмига кўра амортизация ҳисоблаш;
  3. Жадаллаштирилган (тезкор) усуллар;
  4. Қолдикли камайиш усулида амортизация хисоблаш;
  5. Кумулятив усулда амортизация ҳисоблаш;

Юқоридаги амортизация ҳисоблаш усуллари корхона томонидан бирор усулни танлаган ҳолда йилда бир марта ҳисоб сиёсатида кўрсатилиб ҳисобланади.

Хўжалик юритувчи субъект хоҳлаган усулда амортизация ҳисоблаши мумкин, бироқ, солиқларни ҳисоблаб чиқаришда фақат амортизацияни тўғри чизиқли усулда ҳисоблашни амалга оширади. Сабаби, фойда солиғи ҳисоботи базасини аниқлашда муҳим ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, солиқ тўловчи тадбиркорлик субъектларининг бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритувчи масъул шахслари ҳисоботларни тузишда билимлилик, зийраклик билан мулкларнинг амортизация харажатларини тўғри ва аниқ ҳисоблашлари зарур.

Мазкур ҳисоб ишларининг бажарилмаслиги ёки ноаниқ бажарилиши тадбиркорлик субъектларидаги амортизация харажатларнинг кўрсатилмасдан қолишига, ўз навбатида ушбу ҳолат  фаолият натижалари бўйича олинган фойда (даромад) миқдорининг асоссиз орттириб кўрсатилишига олиб келади.

Суд амалиёти кузатувлари шуни кўрсатадики, мулкнинг амортизация харажатлари солиқ ҳисоботларида қайд этилмаслиги   тадбиркорлик субъектининг фойда солиғи реал ҳолатга нисбатан кўпроқ ҳисобланишига олиб келса, аксинча ҳолатда, яъни амортизация харажатлариниг орттириб кўрсатилиши ҳолатлари эса амалдаги қонунчиликка асосан жавобгарликка тартишга ҳамда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий санкциялар қўлланилишига сабаб бўлади.

Зеро, солиқ қонунчилигига мувофиқ, жамиятнинг иқтисодий таянчи бўлган солиқларни ва йиғимлари тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳамда ўз вақтида тўлаш солиқ тўловчиларнинг мажбуриятидир.

Мирзоҳид Хайдаров

Сирдарё вилояти маъмурий судининг судьяси